Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш – давр талаби

15:15 05 Октябр 2019 Жамият
50 0

Озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунё мамлакатлари олдида турган энг долзарб вазифалардан биридир. БМТ ҳам бугун озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни тақсимлаш бўйича ёндашувни мутлақо ўзгартириш вақти келганини таъкидлаяпти. Зеро, идеал ҳолатда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликлари барчани озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаш ва одамлар учун рисоладагидек даромад манбаини яратиб беришга қодир. Боз устига, бундай ҳолатда инсон манфаатлари йўлида ҳам қишлоқ хўжалиги ривожланади, ҳам атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар ижроси таъминланади.

Нега башарият фаровонлиги ва келажагига хизмат қилувчи мана шундай нуфузли ташкилот бу борадаги нуқтаи назарларни янгилаш ғоясини илгари сурмоқда?

Сабаби, бугунги кунда табиатга бефарқ муносабат, унга антропоген таъсирнинг кучайиб бориши, исрофгарчилик, илғор ва ривожланаётган давлатлар ўртасидаги озиқ-овқат баланси бўйича фарқнинг ўсаётгани, иқлим ўзгаришлари қатор салбий омилларни келтириб чиқаряпти. Ноз-неъматларимиз, чучук сув, уммонлар, ўрмонлар, биологик хилма-хиллик кескин суръатларда камайиб бормоқда, ер унумдорлиги пасайиб, тупроқ деградацияга учраётир.

Оқибатда, БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда жаҳон аҳолисининг 815 миллион нафари оч қолаётган бўлса, 2050 йилга бориб бу сони 2 млрд. кишига етади. Уларнинг 12,9 фоизи ривожланаётган мамлакатларда яшайди. Беш ёшгача бўлган болалар ўртасидаги ўлимнинг 45 фоизи айнан тўйиб овқат емаслик натижасида келиб чиқаётир. Ҳозирги кунда ҳар йили 3,1 нафар бола айнан шу сабаб ҳаётдан кўз юммоқда.

Қолаверса, сайёрамиздаги ҳар тўрт боланинг бир нафари ўз ёшига нисбатан ўсмай қолгани аниқланган. Мактаб ёшидаги 66 млн. ўғил-қиз дарсларга беихтиёр оч келади. Шулардан 23 млн.и Африкада истиқомат қилади.

Масаланинг яна бир томони. Қишлоқ хўжалиги дунёдаги энг катта иш берувчи тармоқдир. Бугун курраи замин аҳолисининг 40 фоизи айнан шу соҳа орқали тирикчилик қилади. Бу қашшоқ қишлоқлардаги оилалар учун даромад келтирувчи ва бандликни таъминловчи асосий манбадир. Ривожланаётган мамлакатларда асосан лалми бўлган беш миллион кичик фермер хўжаликлари озиқ-овқатнинг 80 фоизини етказиб беради. Шундай экан, мазкур жабҳага инвестиция киритиш аҳоли қатламлари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш қаторида маҳаллий ва ташқи бозорларга маҳсулот етказиб бериш бўйича мамлакат имкониятларини оширади.

Яқинда БМТ томонидан соҳада яна бир ташаббусга қўл урилди. Яъни озиқ-овқат маҳсулотлари исрофгарчилигига қарши курашиш бўйича глобал кампания эълон қилинди. Бу ҳам айнан озиқ-овқат хавфсизлигига хизмат қилади. Ушбу тузилманинг Атроф-муҳит бўйича ташкилоти(ЮНЕП) маълумотига кўра, ҳар йили дунё бўйича 1,3 млрд. тонна озиқ-овқат маҳсулотлари ташлаб юборилар экан.(Бунга қайсидир маънода ўзимиз ҳам тўйларимиздаги исрофгарчиликлар орқали “ҳисса“ қўшмоқдамиз. Бежизга бундай тадбирларни ихчамлаштириш бўйича ишлар олиб борилмаяпти). Неъматларнинг бундай исроф қилинишидек мантиқсиз ҳолатга барҳам бериш учун биринчи навбатда уларни сақлаш шароитларини ўзгартириш таклиф этиляпти.

“Қотган нон? Бир ёғи чириган олма? Моғор босган пишлоқ? Бундай маҳсулотлар билан нима қилиш керак? Кўпчилик уларни ташлаб юборади. Дунёдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг учдан бир қисми чиқинди идишларида ётади. Жаҳон иқтисодиёти бундан ҳар йили қарийб триллион доллар зарар кўряпти”, - деб ёзади БМТ.

Ташкилот статистикасига кўра, дунёда ҳар йили қарийб тўрт млрд. тонна озиқ-овқат ишлаб чиқарилади, агар улардан оқилона фойдаланилиб, тақсимланса,бу аслида сайёра аҳлининг барчасига етган бўларди. Юқоридаги каби омиллар туфайли дунё озиқ-овқат бозорларида нарх-наво кўтарилиб боряпти. Охирги ўн йилда кузатилган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози эса мазкур муаммонинг кескин тус олишига сабаб бўлди. Унинг асоратлари ҳамон сезиляпти.

Зеро, озиқ-овқат хавфсизлиги мамлакат аҳолисини шу каби асосий маҳсулотлар билан ўзини ўзи, мустақил таъминлашга қодирлигини ифодалайди. Шунингдек, озиқ-овқат импортига ўта боғлиқликдан халос бўлганлигини англатади.

Давлатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш сиёсати қачон самара беради? Қачонки, маҳсулот ишлаб чиқариш ва импорт қилиш даражалари оқилона уйғунлаштирилса, бу борада аҳоли учун кафолатланган имкониятлар яратилса, халқаро прагматик ҳамкорлик алоқаларни ривожлантирилса, даврий равишда янгиланиб турадиган озиқ-овқат захирасини яратишга ҳам қаратилган бўлса.

Шундай экан, озиқ-овқат хавфсизлигини масаласи барча давлатлар қатори Ўзбекистоннинг ҳам мустақиллиги, ижтимоий-иктисодий ва сиёсий барқарорлигини таъминлаш гарови ҳисобланади. Юртимизда бу муаммо ҳамон ўз долзарблигини йўқотмаган. Зеро, айни пайтда озиқ-oвқaт мaҳcyлoтлapигa бўлгaн тaлaб oшяпти, aҳoли coни ўсиши асносида жoн бoшигa иcтeъмoл кўпаймоқда.

Бинобарин, сўнгги уч йилда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини ва экспорт салоҳиятини оширишга бўлган ёндашув мутлақо ўзгарди, давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантирилди.

Маълумки, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг етакчи тармоғи саналади. Унда 3,6 миллион киши, яъни иқтисодиётда банд бўлганларнинг 27 фоизи ишлайди. ЯИМда тармоқ улуши 32 фоизга тенг бўлса, соҳада фойдаланиладиган ер майдонлари республика ҳудудининг 45 фоизини эгаллайди. Ҳозирги вақтда 180 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари 80 дан ортиқ мамлакатга экспорт қилинаётгани диққатга сазовор албатта. Яна бир эътиборли жиҳати, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг кластер усули йўлга қўйилиб, у кенг қулоч ёзяпти. Улар билан қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг 62 фоизи пахта-тўқимачиликда, 8 фоизи чорвачиликда ва 7,5 фоизи мева-сабзавотчиликда қамраб олингани бунинг тасдиғидир.

Шулар қаторида соҳани янада ривожлантириш, фермерлар даромадини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш борасида фойдаланилмаётган бир қатор имкониятлар мавжуд. Давлат раҳбарининг 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва айни пайтда ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020—2030 йилларга мўлжалланган стратегияси шу нуқтаи-назардан долзарбдир.

Масалан, стратегияда Ўзбекистонда 2018 йил ҳолатига кўра аҳоли ўртасида умумий тўйиб овқатланмайдиганларнинг улуши 6,3 фоизни ташкил этиши кўрсатиб ўтилган. Ушбу улушни 2021 йилгача 5, 2025 йилга келиб 3 фоизгача камайтириш, 2030 йилга бориб ноль даражага тушириш устувор вазифа этиб белгиланган. Хўш, бунинг учун нима қилиш керак?

Сир эмаски, юртимизда экспорт-импорт операцияларини тартибга солиш,эҳтиёж катта бўлган озиқ-овқат товарларини импорт қилишдаги тўсиқлар, носоғлом рақобат, айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан импорт маҳсулотларининг монополлаштирилиши, нарх-навонинг сунъий оширилиши, тақчилликнинг юзага келиши каби бир қатор муаммолар ҳамон учраб турибди.

Бундай ҳолатлар соҳадаги ишчанлик муҳити, мамлакат инвестициявий имконияти ва жаҳон бозоридаги обрўсига жиддий зиён етказиши табиийдир. Бинобарин, юқоридаги Фармоннинг ҳаётга татбиқ этилиши юртимиз бозорларини сифатли, арзон ва хавфсиз озиқ-овқатлар билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш, соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш имконини беради.

Кўпчиликка маълумки, айрим хўжалик юритувчи субъектларга озиқ-овқат товарларини хориждан импорт қилиш бўйича бир қатор индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлари, преференциялар берилган эди. Натижада давлатимизнинг миллиард сўмлаб маблағлари сарфланарди. Лекин бу амалиёт ўзини оқламади. Озиқ-овқат маҳсулотлари импорти айрим субъектлар томонидан монополияга айлантирилди. Хориждан келтирилаётган шакар, қанд, ўсимлик ёғлари ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ички бозорда кўпайиши ҳамда нарх-наво пасайиши ўрнига, акси бўлиб қолди. Фармонга кўра, 2018 йил 1 февралдан бошлаб озиқ-овқат товарлари импорти учун бериладиган барча имтиёз ва преференциялар бекор қилинди. Пировардида истеъмол товарлари республика товар хом ашё биржаларида сотилмоқда. Шунингдек, биржаларнинг очиқ электрон савдоларида сотиш учун (сотиб олиш) лицензия талаб қилинмайди. Илгариги, улгуржи савдога лицензия олишда энг кам иш ҳақининг 3,500 баравари ва пул маблағи 1,200 баравардан кам бўлмаган устав фонди мавжудлиги ҳақидаги талаб ҳам бекор қилинди.

Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан юқоридаги маҳсулотлар импорти товар-хом ашё биржалари ва хорижий биржалар электрон савдолари тизими орқали амалга ошириляпти. Озиқ-овқат маҳсулотларининг хариди, жамғарма тушуми ва харажатлари ягона порталда эълон қилиб борилмоқда. Хуллас, хориждан олиб келинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси шаффоф ҳолда амалга ошириляпти. Энг муҳими, ушбу Фармон асосида соҳага доир қонунчилик ва норматив база такомиллаштириляпти.

Мухтасар айтганда, мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари нархини пасайтириш, сифат ва хавфсизлигини таъминлаш, чайқовчилик ҳолатларига чек қўйиш, бюрократияни бартараф этиш, хорижий инвесторлар ва ҳамкорлар билан мунтазам мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги барча муаммо ва сунъий ғовларга чек қўйилмоқда.

Бинобарин, мутахассислар сифатида, Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун қуйидагиларни таклиф этмоқчимиз:

- қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан унумли, самарали фойдаланишни таъминлашга қаратилган қонунчиликни янада мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари улушининг юқори бўлишига эришиш;

- қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларининг зарур ҳажмларда етиштирилиши йўлида сувдан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш.

Жумладан, қўшни давлатлар томонидан гидроэнергетика соҳасида назарда тутилган лойиҳалар амалга оширилган ва сув таъминоти тегишлича қисқарган тақдирда 2025 йилда сув тақчиллигини қоплаш учун суғориладиган ерларда томчилатиб суғоришни жорий этиш талаб этилади. Бу катта миқдордаги инвестицияларни тақозо қилади, албатта. Аммо томчилатиб суғориш қўлланиладиган минерал ўғитлар ҳажмини маълум даражада қисқартириш имконини беришини ҳам унутмаслик лозим. Бу етиштирилаётган озиқ-овқат таннархини пасайтириш ва ер сифати ёмонлашиши муаммосини ҳал этишга кўмаклашди. Демак, ҳосилдорлик ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришнинг қўшимча ҳажмларидан олинадиган фойда ҳам ошади.

Айни чоғда деҳқончилик маҳсулотлари ҳосилдорлиги ва чорвачиликда маҳсулдорликни ошириш вазифаларини ҳал этиш учун замонавий агротехнологиялар жорий этилишини рағбатлантириш, қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш ва тайёрлаш, тақсимлаш, қайта ишлаш ва сотишнинг самарали тизимини яратиш ҳам муҳим. Хусусан, бутун йил мобайнида ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайдиган, ҳам нархларнинг мавсумий ўзгариб туришини пасайтирадиган механизм яратиш лозим.

Шу нуқтаи назардан янги ва қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашнинг самарали усулларини татбиқ этиш давр талабидир.

Боиси 2025 йилга бориб Ўзбекистон ўртача даражадан юқори даромад оладиган мамлакатлар гуруҳига ўтиши мақсад қилинган. Бу турмуш тарзи, хулқ-атвор андозалари, овқатланиш таркибини тегишли тарзда ўзгаришига олиб келади. Шуларни эътиборга олган ҳолда бир қанча товарлар бўйича қайта ишланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари улуши ўсишини таъминлаш зарур бўлади. Қолаверса, овқатланиш стандартлари ва меъёрларини жорий этиш (шу жумладан, микроэлементлар ва зарур нутриентлар мавжуд бўлиши, зарарли моддалар, турли қўшимчалар, бўёқлар, таъм берувчилар, эмульгаторларни назорат қилиш, тайёрлаш, ташиш технологияларига риоя қилишни назорат қилиш), шунингдек, овқатланиш сифати устидан назорат қилиш механизмини янада ривожлантириш лозим. Аҳолининг овқатланиш моделини яхшилаш мақсадида соғлом овқатланиш тўғрисидаги зарур ахборотни тарқатиш, бу борада тиббиёт муассасалари фаоллигини ошириш лозим.

Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, “Халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, биз учун ҳаётий муҳим масаладир. Такрор айтаман, тинчлик ва соғликни таъминласак, қолган ҳамма нарсага эришамиз. Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлардан мақсад – иқтисодий фойда кўриш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдан иборатдир. Буни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз зарур”.

Рустам Холмурадов,

СамДУ ректори, техника фанлари доктори , профессор

Муртазо Раҳматов,

иқтисод фанлари доктори, профессор

Бакридин Зарипов, биология фанлари доктори, профессор.

Худоёр Келдиёров,
СамДУ Биология факультети декани,

Алишер Шукуров,

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти(ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019