Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муаммолар таҳлили

12:46 24 Июль 2018 Жамият
234 0
Фото: Спутник

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда мазкур қўмиталар ҳузурида тузилган ишчи гуруҳ томонидан 2018 йилнинг май-июнь ойларида “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг давлат назорат органлари томонидан ижро этилишини ўрганиш натижалари муҳокама этилди.

Тадбирда сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Мажлисда таъкидланганидек, мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш борасида давлат назорат органлари томонидан қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, “Ўзстандарт” агентлиги томонидан 2017 йил ва 2018 йилнинг 1 апрелига қадар стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатларнинг мажбурий талаблари ҳамда метрология ва сертификатлаштириш қоидалари бажарилиши юзасидан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва сотувчи 67 та тадбиркорлик субъектида ўтказилган давлат назорат текширувларида 183 турдаги озиқ-овқат маҳсулотидан 42 турдагиси амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқ эмас, деб топилган.

Шунингдек, 2017 йил давомида Давлат санитария-эпидемиология хизмати томонидан санитария-эпидемиология хулосасини расмийлаштириш даврида жами 385,1 кг., 265 дона қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотлари санитария қоидалари, нормалари ва гигиена норматив талабларига жавоб бермаганлиги учун белгиланган тартибда йўқ қилинган.

Ўтган давр мобайнида ветеринария ва лаборатория кўриклари натижаларига кўра кушхона ва деҳқон бозорларида истеъмолга яроқсиз деб топилган 28,6 тонна гўшт, 118,7 тонна суб маҳсулотлари, 104,7 тонна сут ва сут маҳсулотлари ҳамда 3022 тонна ўсимлик озиқ-овқат маҳсулотлари белгиланган тартибда утилизация қилинган.

Шу билан бирга, олиб борилаётган профилактика ишларига қарамай, соҳада қатор камчиликлар мавжудлиги кузатилмоқда.

Мажлисда қайд этилганидек, айрим ишлаб чиқарувчилар шахсий манфаатларини кўзлаб, маҳсулот қадоқларида сақлаш шароитлари ва ишлаб чиқарилган саналарни кўрсатмаслиги оқибатида савдо расталарида узоқ муддат сақланиб, яроқлилик муддати ўтиб бўлган маҳсулотлар фуқаролар томонидан истеъмол қилиниши ошқозон-ичак тизимида бузилишлар, бошқа турли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Аксарият озиқ-овқат ишлаб чиқариш корхоналари лойиҳа асосида қурилмаганлиги, маҳсулотлар бошқа мақсадлар учун қурилган биноларда ишлаб чиқарилиши, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ҳар бир жараёнида хавфсизлик талаблари бажарилмаслиги, озиқ-овқат қўшимчаларини белгиланган рецептура асосида меъёрида қўшилмаётгани, уларни қадоқлаш, тамғалаш, ташиш ва сақлаш ҳамда технологик жараёнлар кетма-кетлигига риоя этилмаётгани айрим ҳолларда одамларнинг соғлиғига жиддий зарар келтирмоқда.

Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган амалдаги аксарият санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари давлат тилида тайёрланмаганлиги кенг аҳоли орасида мазкур ҳужжатлар билан танишиш имконини бермаяпти.

Бугунги кунда ветеринария соҳасида 1300 дан зиёд олий маълумотли мутахассислар етишмаяпти. Чорвачиликка ихтисослаштирилган 5 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари ва 2 мингга яқин паррандачилик хўжаликларида ветеринария врачи штат бирлиги мавжуд эмас.

Шунингдек, хонадонларда ҳайвонларни сўйиш ишлари ҳам назоратдан четда қолмоқда.

Мамлакатимизда ўсимлик кўчатларида, ўсимлик ва мева-сабзавот уруғларида генетик модификацияланган организмларни аниқлаш бўйича ишлар ҳам ташкил этилмаган.

Мажлис якунига кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш йўналишидаги қонун ҳужжатларини ҳамда назорат механизмларини такомиллаштириш юзасидан қўшма қарор қабул қилинди.

Қобил ХИДИРОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар