Озиқ-овқат хавфсизлиги: Бугунги ҳаракатимиз эртанги ҳаётимизда акс этади

12:38 22 Апрель 2020 Сиёсат
474 0

Бугунги коронавирус пандемияси шароитидан келиб чиққан ҳолда, айтиш мумкинки, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жаҳон ҳамжамиятини ўйлантираётган муаммолар қаторига кирди. Бинобарин, иқтисодий жараёнларнинг секинлашуви маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Шу боис ҳар бир мамлакат бу борада аниқ вазифаларга асосланган чораларни кўрмоқда.

Айтиш жоизки, Ўзбекистоннинг бу борадаги имкониятлари кенг. Саховатли заминимиз, “ер билан тиллашадиган”, меҳнаткаш деҳқонларимиз бор. Айни пайтда кўрилаётган чора-тадбирлар эса уларга ердан, ўз томорқасидан янада самарали фойдаланиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлардир. Зеро, бугунги ҳаракат эртанги турмуш тарзимизда намоён бўлади.

Қўшма қарор ижроси — амалда

Жорий йилнинг 21 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашида парламент палаталари Кенгашларининг 2020 йил 13 апрелдаги “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қўшма қарорининг ижроси юзасидан ҳисобот эшитилди.

Албатта, ўтган вақт унчалик кўп эмас. Бироқ шу қисқа паллада ишчи гуруҳи томонидан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда уларнинг ҳудудий органларига аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этишда амалий ёрдам бериб келинмоқда. Бунда ишчи гуруҳи ҳар бир аъзосининг томорқа ерларидан фойдаланишни ўрганиш бўйича туманларга чиқиш режалари ишлаб чиқилгани қўл келди. Натижада 5 кун ичида томорқа ер участкаларидан фойдаланиш ишлари карантин қоидаларига амал қилган ҳолда жами 39 та туманнинг 194 та маҳалласидаги 768 та хонадонда томорқа ер участкаларидан фойдаланиш ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижасида хонадон эгалари томонидан 182 та муаммоли масала кўтарилган ва депутатлар томонидан 158 та масаланинг (маҳаллий ўғит етказиш, суғориш ¬ишлари, кредит олиш, кўчат етказиш ва бошқалар) ечимида амалий ёрдам берилди.

Шу билан бирга, аҳоли томорқаларини ўз вақтида суғориш, маҳаллий ўғитлар билан таъминлаш ишлари депутатларнинг доимий назоратида бўлмоқда. Албатта, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш бўйича таъсирчан жамоатчилик ҳамда депутатлик назоратини ташкил этишга кўмаклашиш, шунингдек, кам таъминланган, қаровчиси йўқ оилаларга илғор фермерларни бириктириш, томорқа ерларига ишлов бериш, экин экиш ва парваришлашда ёрдам берилиши ҳамда бу мақсадда маҳаллий бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг тўғри сарфланиши устидан самарали депутатлик назорати олиб ¬борилмоқда.

Мамлакатимизда 432,4 минг гектар томорқанинг 125,3 минг гектарига тўқсонбости экинлар ўтган йилнинг ноябрь ойида экилган бўлиб, 307,2 минг гектарга эртаги экинлар режалаштирилганди. Амалда 291,9 минг гектар ерга (95 фоиз) экилган. Шундан 141,8 минг гектарида сабзавот, 25 минг гектарида полиз, 43,3 минг гектарида картошка, 20,2 минг гектарида дуккакли экинлар, 3 минг гектарида мойли экинлар ва 58,6 минг гектарида бошқа экинлар парваришланмоқда.

Томорқа ер участкаларидан фойдаланишда янги қонун зарур. Нега?

Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма қарорида аҳолининг томорқаси ҳамда далада ажратилган ерлардан фойдаланишни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш борасида ҳам топшириқ мавжуд.

Бу нимани англатади?

Қайд этиш керак, мамлакатимизда томорқа ер участкаларидан мақсадли ва самарали фойдаланишда 15 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари мавжуд. Аммо томорқа ер участкаларидан фойдаланиш тизимида бозор механизмларини жорий этиш, томорқа ер эгаларининг маҳсулот етиштиришдаги кооперацияси масалалари ҳозиргача тартибга солинмаган.

Шу нуқтаи назардан, айни пайтда тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Амалдаги қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили мамлакатда томорқа ер участкаларидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тўғридан-тўғри тартибга соладиган ҳамда томорқа ер участкалари эгалари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган ягона қонун ҳужжати мавжуд эмаслигини, шунингдек, ушбу соҳанинг ривожланишига тўсқинлик қиладиган бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди.

Хўш, хорижий давлатларда бу тажриба қандай?

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, кўплаб мамлакатларда, хусусан, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Молдова, Тожикистон ҳамда Украинада ҳуқуқий мақомга эга “шахсий ёрдамчи хўжалик” тушунчаси мавжуд бўлиб, хўжалик фаолиятини тартибга солишга қаратилган махсус яхлит қонунлар қабул қилинган. Аҳамиятли жиҳати, мазкур қонунларда шахсий ёрдамчи хўжаликда маҳсулотлар етиштириш ва уларни реализация қилиш тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, томорқа ер участкаларидан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани мақсадга мувофиқдир.

Албатта, мазкур қонун лойиҳасида бир қатор янгиликлар кўзда тутилмоқда.

Чунончи, унда томорқа ер участкасининг ҳуқуқий мақоми ва фуқаролик муомаласидаги ўрни белгиланяпти. Томорқа ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини эркин савдо ҳамда оила эҳтиёжлари учун етиштириш тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш фаолиятида томорқа ер эгалари ва давлат ўртасидаги муносабатларнинг тартибга солиниши ҳамда томорқа ер эгалари манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредитлар ва субсидиялар бериш тартиби жорий этилиши назарда тутиляпти. Уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш тартиби, ўзаро кооперация муносабатларидан иборат. Томорқа ер участкаларини ҳисобга олиш ва уларга бўлган ҳуқуқнинг бекор бўлиши ҳақидаги нормаларни инобатга олиш таклифи билдирилмоқда.

Жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама қилиниб, таклифлар асосида тайёрланган қонун лойиҳаси белгиланган тартибда Қонунчилик палатасига киритилади.

Равшан МАМУТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?