Ўзини ўзи банд қилган аҳоли даромад солиғидан озод қилинади

15:51 11 Июнь 2020 Сиёсат
1404 0

Энди бундай шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида йўлга қўйилади. Вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби эса бекор қилинади.

Юртдошларимиз орасида бирор корхона, идора ёки ташкилотда ўзига қулай иш тополмаслиги натижасида меҳнат шартномаси, доимий иш ҳақига эга бўлмаган, бироқ турли мавсумий меҳнат билан банд бўлган ёки оиласида томорқа билан шуғулланиб, даромад топадиганлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо шу кунга қадар уларнинг фаолияти ҳеч қаерда қайд этилмасди. Бу эса пенсия ёшига етганда нафақа тайинлаш учун талаб қилинадиган меҳнат стажи йўқлиги муаммосини келтириб чиқаради.

Айни ҳолат 2020 йилги Давлат дастурида ҳам алоҳида қайд этилиб, ўзини ўзи банд қилган фуқароларга қатор енгилликлар яратиш лозимлиги белгиланди. Хўш, кимлар ўзини ўзи банд қилган шахслар саналади? Уларга қандай имтиёзлар берилган? Бу тажриба ҳақиқатда бандликни таъминлашга ҳисса қўшяптими?

Даромад учун солиқ тўланмайди

Дарҳақиқат, сўнгги вақтларда «ўзини ўзи банд қилиш» атамаси тез-тез тилга олинмоқда. Хўш, аслида улар ким? Ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар — меҳнат даромади олишга йўналтирилган жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмаган ва ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайдиган жисмоний шахслар меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар ҳисобланади.

Аслида, бугунгача ҳам халқимиз бундай фаолият турлари билан шуғулланиб келган. Ҳунармандчилик, устачилик, заргарлик, новвойлик, дурадгорлик, сартарошлик каби касб эгалари шулар жумласидан. Энди эса бундай фаолиятга ҳуқуқий баҳо берилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги «Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини жорий этиш тўғрисида»ги қарори билан «Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланди.

Унга мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан бундай шахсларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилди. Меҳнат гувоҳномаси ариза берувчининг хоҳишига кўра, 1 ойдан 12 ойгача муддатга, меҳнат органлари томонидан фуқароларнинг доимий яшаш жойидан қатъи назар берилади. Гувоҳномада кўрсатилган давр пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун фуқароларнинг меҳнат стажига киритилади. Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган фуқароларга банклардан Бандликка кўмаклашиш жамғармалари ҳисобига имтиёзли микрокредитлар ажратилади. Энг аҳамиятлиси, ўзини ўзи банд қилаётган, қўлида касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш мақсадида улар даромад солиғидан озод қилинган. Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилишнинг ўзи кифоя.

Вақтинчалик гувоҳнома бекор қилиндими?

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 июндаги «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан соҳада янги тартиблар жорий этилди. Жумладан, 1 июлдан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати кенгайтирилди. Мазкур фаолият (хизматлар, ишлар) турлари фақатгина 24 та эди. Энди уларнинг сони 67 тани ташкил этади. Бу эса, норасмий секторда банд бўлганлар сонини янада камайтиришга хизмат қилади. Энг эътиборли жиҳати шундаки, амалдаги тартиб бўйича фуқаро вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини 12 ойлик муддатга олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 4,5 баравари миқдоридаги тўловни амалга ошириши керак эди. Бу фуқароларнинг оз бўлса-да эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Ушбу маблағнинг фақат 60 фоизи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига — ўзини ўзи банд қилган фуқаро томонидан ягона ижтимоий тўловни тўлашга йўналтирилганди. Президентимизнинг мазкур қарорига кўра, эндиликда бундай шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда, якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.

Бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида йўлга қўйилади. Бу жараён махсус мобил илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади. Амалдаги вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади.

Муҳим жиҳат — қарор билан ўзини ўзи банд қилган шахслар ёлланма ишчиларни жалб қила олмаслиги ҳамда иш берувчига эга бўла олмаслиги тўғрисидаги талаб сақланиб қолади.

Фрилансерларга қатор ҳуқуқлар берилди

Сўнгги вақтларда яна бир атама пайдо бўлдики, у ривожланган давлатларда анча оммалашиб бормоқда. Фрилансер! Бу — эркин ишчи бўлиб, асосан, бир марталик ёки мавсумий ишларни бажариш учун ёлланувчи, буюртма асосида қайсидир иш ёки хизматни муайян ҳақ эвазига келишилган вақт давомида амалга ошириб берувчи инсондир. Фрилансер ҳар қандай жойдан туриб исталган мамлакатдаги лойиҳа бўйича ҳақ эвазига хизмат кўрсатиши мумкин.

Бугунги кунда юртимизда ҳам кўплаб ёшлар уйида ўтириб, интернет орқали дизайнерлик, таржимонлик, дастурлаш, реклама, репетиторлик каби хизматларни кўрсатмоқда. Лекин бундай мутахассислар, яъни фрилансерлар учун масофадан ҳисоб рақами очиш, почта, тўловларни қабул қилишда қатор тўсиқлар мавжуд. Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарорида бу жиҳатлар ҳам ўз аксини топиб, интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахслар (фрилансинг)га қатор ҳуқуқлар берилди.

Жумладан, энди улар кўрсатилган хизматлар учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар — норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг банкларидаги ҳисоб рақамларига қабул қилиш мумкин.

Шунингдек, контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни (инвойс), шу жумладан, электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиши мумкин.

Яна қандай янгиликлар бор?

Қарор билан 1 июлга қадар ўзини ўзи банд қилган шахсларни масофадан туриб рўйхатга олишни назарда тутувчи мобил илова ишлаб чиқилади. Тадбиркорлар учун «Бизнес навигатор» ахборот тизими жорий этилади.

Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома унда тадбиркорнинг фотосурати акс эттирилган ҳолда берилади. Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлайдилар.

Мазкур ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш вазифаси юклатилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мазкур қарор аҳоли бандлигини таъминлашда, бу соҳада янги механизмларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади ва албатта аҳоли фаровонлигини ошишига хизмат қилади.

Мавлудахон ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?