Ўзингни асрасанг, ўзгани асрайсан!

02:13 01 Апрель 2020 Жамият
532 0

“Халқ сўзи”.Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи Online"​

Кўпчилик яхши хабардор: Хитойнинг Ухан шаҳридан бошланган коронавирус инфекцияси (СОVID-19) янги давру замонларнинг чинакам кулфати сифатида орадан кўп ўтмаёқ дунё мамлакатларида ҳам, она Ватанимизда ҳам ўз акс садосини берди.

Акс садо, деган ибора балки бу ўринда мазкур пандемиянинг бор маҳобатию оқибатини ўзида мужассам этолмас, бироқ ахборот каналларию ижтимоий тармоқлар, турли информацион сайтларнинг туну кун тинимсиз бериб борган шарҳ ва муносабатлари, дарҳақиқат, ҳам ҳайратланарли, ҳам хавотирли бўлганини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.

Бугун каттаю кичикнинг нигоҳи оммавий ахборот воситаларида, ҳамма ерда шу гап: коронавирус! Бу хавфли хасталикдан ҳимояланиш, уни тезроқ бартараф этиш ҳаракатида. Президентимиз ҳам мамлакат миқёсида катта йиғилиш чақириб, мутасаддиларга бу борада тегишли топшириқларни берди, халқимизга мурожаат қилиб, жамиятда коронавирусга қарши курашга алоҳида эътибор қаратди.

Бу билан кифояланмай алоҳида Фармон ҳам қабул қилинди. Халқимиз саломатлигини асраш, қўллаб-қувватлаш учун 10 триллион сўм маблағ ажратилди!

Айни пайтда Президентимиз белгилаб берган устувор вазифалардан келиб чиқиб, маҳаллаларда, савдо масканларида, борингки, барча ташкилот ва идораларда карантин чораларига қатъий риоя, тавсияларга амал қилинмоқда. Телеканалларда шифокорлар касалликни юқтирмаслик учун нималарга аҳамият қаратиш зарурлигини уқтириб боришяпти. Қисқача айтганда, мамлакатимизда коронавирус хавфини бартараф этиш бўйича барча чора-тадбирлар кўриляпти.

Аслида бу ҳам халқимизнинг бошига тушган бир синов. Кимнинг қандайлиги, ҳаётга муносабати, билим-савияси, иймон-эътиқоди шундай кунларда билинади. Қарангки, меҳр-оқибатли, саховатпеша халқимиз вакиллари — тадбиркорларимиз қўлларидан келганича ушбу офат оқибатида юзага келган вазиятда беғараз ёрдам қилишга интилмоқда. Айтайлик, Қашқадарё, Фарғона, Наманган вилоятларидан бўлган ҳайдовчи йигитлар ўз хоҳишлари билан автокарвонлар тузиб, Тошкентда ўқиётган юзлаб талабаларни уйларига етиб олишида ҳиммат кўрсатган бўлса, пойтахтлик бир тадбиркор ўзи тиклаган кўп қаватли, катта бир клиникани профилактик мақсадларда фойдаланиш учун шифокорлар ихтиёрига топширди. Ёки бўлмаса, аксарият ҳудудларда тиббиёт ниқоблари бепул тарқатилаётир.

Бундай пайтда, айниқса, шифокорлар учун залвари оғир, масъулияти юксак бўлган давр кечаётир. Гиппократ қасамига содиқ, касбига фидойи шифокорларимиз, оқ халатли ҳамшира опа-сингилларимиз “Сиз уйда ўтиринг, сиз учун биз меҳнат қиламиз!” деган шиор билан кеча-кундуз ўз хизмат жойларида сергак туришибди. Бугунги кун талаби шундай: ҳозиргиси билан қаноатланиб қолмасдан, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, малакамизни ошириш юзасидан янада кўпроқ, янада яхшироқ ишлашимиз керак, дейишмоқда улар.

Бундай мисолларни эса истаганча келтириш мумкин. Энг муҳими, одамларимиз замон лоқайдлик ва бефарқликни асло кечирмаслигини яхши англаб етмоқдалар! Албатта, буларнинг ҳаммаси таҳсинга лойиқ. Аммо...

Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган дунё шундай бир паллага кирдики, одамлар уюшмаган, бирлашмаган, муроса йўлини топа олмаган жойда муаммолар, кескинликлар уюшиб, бирлашиб кетмоқда. Афсуски, бугун қатъий тартиб-интизом, меҳр-оқибат ҳамжиҳатлигининг коронавирус пандемиясини мағлуб этиш, кўзланган мақсадга эришиш йўлида тўсиқлар ҳам учрамоқда ва таъбир жоиз бўлса, бундайлар амалга оширилаётган хайрли ишлар пойдеворини нуратмоқда, десак, хато бўлмайди. Оддий айтганда, айни пайтда юзага келган вазиятдан ўз шахсий манфаатлари, ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланиб қолиш пайида бўлаётганлар ҳам таассуфки, учраб турибди.

Энг асосий муаммолар нималарда кўринади?

Биринчи муаммо, баъзи нафси ўпқон, инсофсиз ҳайдовчилар йўлкира ҳақини икки-уч ҳиссага ошириб юборгани, айрим бозорларда “тадбиркор” ниқоби остидаги олибсотарлар баъзи озиқ-овқат, хусусан, саримсоқпиёз, лимон каби шу кунларда харидоргир бўлган маҳсулотлар нархини ўринсиз равишда оширганини қандай баҳолаш мумкин?

Иккинчи муаммо, баъзи ҳамюртларимизнинг “режалаштириб қўйгандик”, дея маҳалла билан маслаҳатлашмай, ими-жимида тўй-маросимларни, оилавий тадбирларни ҳануз тўхтатишмаётгани, баъзи бир ёшларнинг кўча-кўйларда, жамоат жойларида бемалол “сайр” қилиб юрганига нима дейсиз?

Учинчи муаммо, рақамли технологияларнинг ижтимоий ҳаётда тобора фаол қўлланилаётганига бориб тақалади. Яъни интернет тармоқларида айрим куракда турмайдиган, ёлғон-яшиқ, ваҳима “гап-сўз”ларни тарқатаётган, оғзига кучи етмаганларнинг учраётгани янада ачинарлидир.

Бу, албатта, маънавий қашшоқлик, тарбиясизлик, беғамлик, бепарволик оқибати. Демак, ҳали бу борада муҳокама қилиниши лозим бўлган мавзулар етарли.

Донишманд адибларимиздан бири “Бўрон-у довулдан ҳам, сел-у тошқиндан ҳам хавфли иллат, бу — беғам-бепарволикдир”, деб бежиз айтмаган. Шундан экан, шу кеча-кундузда онда-сонда бўлса-да, учраб турган юқоридаги сингари иллатларга қарши кўпни кўрган, бошидан не-не иссиқ-совуқ кунларни ўтказган кайвони отахон-онахонларимиз, юрт оғалари бўлган катта-кичик раҳбарлар, халқ вакиллари — депутатлар, кўп сонли зиёлиларимиз, ўзини билган ҳар бир инсон, барча-барча бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда курашмоғимиз, аҳолини шифокорлар тавсияларига риоя қилишга чорламоғимиз зарур. Зотан, кечиккан ишлар ўрнини қоплашга имконият ҳамиша, ҳамма жойда бўлади.

Бунинг учун имкониятларимиздан оқилона ва мақсадли фойдаланишимиз керак. Оилалардаги муҳитни соғломлаштириш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, эҳтиёжманд оилалар аъзоларининг ҳаётда ўрнини топишига кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш ишларига маҳалладаги обрўли ва салоҳиятли кишиларни жалб этаётганимиз ҳам шундан далолат.

Ватан остонадан бошланади. Оила тинч, маҳалла тинч бўлса юрт тинч бўлади. Бугун ҳар бир оиланинг тинчи, сиҳат-саломатлиги, бугунги кунда коронавирусни юқтирмаслиги кўп жиҳатдан оила бошлиғи бўлган оталар, оналар зиммасида, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Шифокорлар сиз билан биздан талаб этаётган профилактик чоралар, қоидалар эса жуда мураккаб ҳам эмас. Одамлар йиғиладиган турли маросим ва тадбирларни вақтинча тўхтатиш, ўз хонадонимизда, маҳалламизда озодаликка, саришталикка риоя қилиш, уйимиз, ҳовли-жойимизни покиза тутиш, уйда ўғил-қизларимиз, невараларимизни ёнимизга олиб китобхонлик уюштириш, телевизордан маънавиятимизни бойитадиган кўрсатувларни томоша қилиш, қўлимизни ҳар куни тез-тез ювиб туриш, ниқобни канда қилмаслик, кўпроқ шифокорлар тавсия этаётган енгил, кўкатли таомлар, қуруқ ва ҳўл меваларни истеъмол қилсак кифоя. Ана шунда ўз оиламизни, ўз боламизни ўзимиз асраган бўламиз. Бу эл-юртимизни асраганимиз, ватанпарварлигимиздан нишона демак!

Ўйлаб қарасак, бизда коронавирус деган балони, бутун дунёни, барча халқларни ташвишга солиб турган хавфни бартараф этишнинг барча имконияти мавжуд. Ота-боболаримиз, момоларимиз, оналаримиз азалдан ўз хонадонлари, яшайдиган кўчалари, маҳаллаларини озода, покиза тутишган. Фарзандларига, невараларига “Кўчага тупурма, сувни ифлос қилма, йўлга ахлат ташлама, кўзинг йўловчига озор етказадиган нарсага тушса олиб ташла”, деб насиҳат қилишган. Ўзлари ҳам саришталикка, покизаликка алоҳида эътибор беришган. Уйга келган меҳмонни биринчи галда қўлига сув қуйиш, меҳмондорчиликдан кейин ҳам буни такрорлаш, ўриндиқларни, дастурхон, сочиқларни ҳар доим оҳорли, озода тутиш, меҳмон олдида ортиқча йўталмаслик, ўпишиб кўришмаслик ва ҳоказо... Буларнинг барчаси бошқа халқлар ҳавас қилса, ибрат олса арзийдиган фазилатларимиз саналади.

Жонажон Ўзбекистонимизни “Аллоҳ назари тушган юрт”, дейишади. Баҳоримиз гўзал, ёзимиз ёқимли, кузимиз баракали, қишимиз мўътадил. Чўпон таёғини тупроққа қадаб қўйса эрта-индин кўкариб барг ёзиб юборадиган саховатли заминимиз бор. Бу заминда битмайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Бағри бутун бободеҳқонларимиз, феъли кенг фермерларимиз даласида, боғ-роғида, иссиқхоналарида етиштирилаётган сархил олма-узумлар, ўригу гилослар, ноку нашватилар, қовун-тарвузлар, мандарину лимонлар, помидор-бодринглар, турфа кўкатлар, уларнинг таъми-тоти оламда йўқ, дунё бозорларида там-там, талош... Демоқчиманки, дори-дармонимиз, куч-мадоримиз, ҳар қандай вирусни, хасталикни енгишга қодир имкониятимиз, табобатимиз, набототимиз ўзимиз билан. Даво ҳам ўзимиз билан, шифо ҳам ўзимиз билан.

Худди шундай деймиз-у, лекин дунё ҳам бугун кечаги дунё эмас, деган ўйга борамиз. Сўнгги йилларда телевидениедаги баъзи хорижий кинолар, ижтимоий тармоқлардаги номақбул “мулоқот”ларни кўриб, кузатиб, эшитиб мафкуравий хуруж кўринмас офат янглиғ халқ ҳаётига кириб келиши, илдиз отиши, одоб-ахлоқ қоидаларини емириши, хиёнат ва сотқинликка майл уйғотишига амин бўласан, киши. Бу эса жамиятда янги-янги муаммоларни келтириб чиқариши тайин. Оқибатда ҳаётий тажрибаси етарли бўлмаган, турмушнинг оғир синовларига дуч келмаган, ҳамма нарсага ишонч ва ҳавас кўзи билан қарайдиган ёшлар кутилмаган “илтифот”ларга маҳлиё бўладилар, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай нияти бузуқ кимсалар қўлида ўйинчоққа айланиб, ота-боболарига хос миллий-маънавий илдизлардан узоқлашганларини сезмай қоладилар. Шунинг таъсирида ўзлигимизга, ўзбеклигимизга ярашмайдиган ўринсиз илтифот, ўпишиб кўришиш, бошни бошга уриштириш каби бачкана қилиқлар ҳам кириб келдики, эндиликда ёшларимиз ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш билан бундай иллатларни ҳам бартараф этишимиз зарурати туғилмоқда.

“Эл ғамини билган элда достон”, дейди донишманд халқимиз. Бугун юртимизда инсон омили олий қадрият даражасига кўтарилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Одамлар эртага эмас, бугун бахтли яшашни истайдилар”, деган тамойилни илгари суриши ва буни бугунги сиёсатимизнинг устувор йўналишига айлантиришида ҳам айнан шу мазмун-моҳият мужассамдир. Мазкур принцип ижроси ўлароқ, мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарвар сиёсат одамлар ҳаётига янгича мазмун бахш этмоқда. Энг муҳими, Президентимизнинг шахсан ўзи бугун ҳам коронавирусга қарши курашнинг бошида турибди. “Қанча маблағ кетса ҳам юртимиз тинч бўлиб, халқимиз саломат бўлса бас!” деб одилона ва мардона қарор қабул қилди. Бош вазиримиз бошлиқ штаб йигирма тўрт соат ишлаяпти. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, бошқа мутасадди идоралар ҳам куну тун сергак. Ва энг асосийси, бу ерда гап фақат коронавирус инфекцияси ёки пандемия ҳақида эмас. Бошидан ўтмишда не-не қийинчиликларни ўтказган, қаҳатчилик, очарчилик йилларини, уруш уқубатларини кўрган халқимиз бу синовли кунлардан ҳам эсон-омон ўтишига шак-шубҳа йўқ! Гап бу ерда давлатчилик ҳақида. Давлат ким ва қаерда бўлишидан қатъи назар, ўз фуқароларининг хавфсизлигини таъминлашни зиммасига олгани учун ҳам давлат ҳисобланади.

Вақт югурик. Айниқса, тобора глобаллашиб бораётган учинчи минг йиллигимиз одамдан ўта ҳушёрликни, ҳозиржавобликни ва кенг мушоҳадани талаб этади. Ана шулар ҳақида ўйлар эканмиз, фаровон юртда яшаётганлигимизга шукроналар қиламиз, эл-юрт равнақи йўлидаги камтарона меҳнатимиздан фахрланамиз. Ва бу бизга, ҳар биримизга ўз ишимизга янада масъулият билан ёндашишга ундайди.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?