Ўзимиз ўтирган шохни ўзимиз кесмайлик

18:38 10 Июль 2020 Жамият
468 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи Online"​

Бепарволик, лоқайдлик, карантин талабларига амал қилмаслик коронавирусга қарши курашда эришилган ютуқларни чиппакка чиқариши мумкин.

Бугун дунё баланд дарахт шохидаги полапон инидек қалқиб турибди. Коронавирус деган бало даҳшатли тўзон мисоли ёпирилиб, бу дарахтни тинимсиз тебратмоқда.

Инсониятнинг, жумладан, халқимизнинг келгуси тақдири ушбу офатга қанчалик дош беришига, ҳушёр ва огоҳ, ҳамжиҳат ва аҳил бўлиб, умумбашарий қадриятлар мустаҳкамлигини — ҳаётий таянчни сақлаб қолишига бевосита боғлиқ.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши аввалида бутун дунёда минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бундай хатарли офатга асло бепарво ва енгил қараб бўлмаслиги яна бир бор ўта куюнчаклик билан таъкидланди. Одамларимиз «Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!» деган шиорга амал қилиб яшашга чақирилди.

Республика махсус комиссияси қарорига кўра, эпидемиологик вазият кескинлашгани сабабли шу йил 10 июлдан 1 августгача мамлакатимиз бўйича карантин чоралари яна кучайтирилди. Автомобиль ҳаракати чекланиб, вилоятлараро автотранспорт қатновлари вақтинча тўхтатилди. Ушбу муддат давомида буюм бозорлари ва буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар, оммавий кўнгилочар масканлар фаолияти, тўй ҳамда бошқа оилавий маросимлар, оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланди.

Дарҳақиқат, айрим юртдошларимиз бугунги мураккаб вазиятни тўла ҳис этмаяпти, бу хатар, ҳатто ҳисоблаб бўлмас зарар келтириши мумкинлигини теран англамаяпти. Бепарволик, лоқайдлик, ўзбилармонликка йўл қўйиб, ўзини хавфга дучор этмоқда. Бу ўзи ўтирган дарахт шохини ўзи кесиш билан баробар.

Давлатимиз раҳбарининг халқимиз саломатлигига эътибори, бошқа одамлар ташвишини ўз ташвиши деб қабул қилаётгани, оталарча ғамхўрлиги ҳар биримизнинг руҳимизни кўтариб, эртанги кунга ишончимизни мустаҳкамлаш билан бирга, ўзимиз ва ўзгалар саломатлигига масъулиятимизни ошириши шарт.

Коронавируснинг кенг тарқалиши билан боғлиқ бугунги ҳолат дунё бир бутунлик эканлигини яна бир бор намоён этди. Бугун ташвишлар бир — тақдирлар бир. Одамзод энг катта бойлиги — соғлиғини асраш, ҳаётнинг давом этиши ва кўниккан турмуш тарзига яна қайтиши учун тинимсиз кураш олиб бормоқда. Энг ёмони, қарши курашилаётган душман — кўринмас душман. Унинг таҳдиди, унинг зарбаси залвари 14 кунгача сезилмаслиги мумкин. Лекин шу вақт ичида у инсонни тамоман маҳв этади. Одам билиб-билмай унинг қўшинига, қуролига айланиб қолади.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз юртимизда илк бемор аниқланган кунданоқ бу балою баднинг хавфини тўғри баҳолаб, унинг кенг қулоч ёйишига қарши зудлик билан қатъий ва кескин чораларни жорий этди. Жаҳоннинг баъзи давлатлари бу борада оғиркарвонлик қилганининг жабрини тортаётганини барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунёда ҳар сонияда бир киши коронавирусга чалинмоқда. Ҳар дақиқада 3 киши бу мудҳиш дард туфайли дунёдан кўз юммоқда. Карантин, ўз-ўзини изоляция қилиш ва бошқа чоралар амалга оширилмаганда бу рақамлар янада ачинарли тус олган бўларди.

Бундан ташқари, йўқотишлар фақат вафот этганлар сони билан ўлчанмайди. Унинг иқтисодиётга, ишлаб чиқаришга, инсонлар қалбига бераётган зарбасининг аянчли оқибатларини сон билан ифодалаш қийин.

Чунончи, коронавирус пандемияси билан боғлиқ иқтисодий таназзул туфайли дунё бўйлаб очарчиликка мубтало бўлаётганлар сони бир миллиарддан ошиб кетди.

“Welthungerhilfe” немис хайрия жамғармаси маълумотига кўра, бугунги мураккаб ҳолатда, аввало, ривожланаётган ва иқтисоди ўтиш даврини бошдан кечираётган мамлакатлар аҳолиси азият чекмоқда. Ушбу давлатларда транспорт ва савдо муносабатларидаги чекловлар, инсонларнинг фаол ҳаёт тарзидан узилиши қашшоқликнинг ошишига сабаб бўлмоқда.

“Welthungerhilfe” раҳбари Марлен Тименинг айтишича, ҳозирда пандемия Жанубий яримшарни қамраб олиб, кўпчилик ишсиз қолган, иқтисодиёт парокандаликка юз тутмоқда, озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашиб, соғлиқни сақлаш тизими беморлар миқдорига кўра ўз ишини уддалай олмаяпти.

Кўнгилга таскин берадигани, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган оқилона чора-тадбирлар самарасида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ва истеъмол ҳажмлари кескин қисқармади, чет мамлакатлар билан савдо алоқалари издан чиқмади. Тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлаши таъминланмоқда. Энг муҳими, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган салмоқдор ишлар натижасида одамларнинг даромадлари кескин пасайиб кетишининг олди олинмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи Online"​

Жонини хатарга қўйиб вирусга қарши курашаётган шифокорларни аниқ механизм асосида моддий-маънавий рағбатлантиришнинг изчил йўлга қўйилгани, катта тезкорлик билан карантин зоналари ва шифохоналарнинг бунёд этилгани, турли сабаблар билан чет мамлакатларга чиқиб кетган фуқаролар қайтарилаётганига ҳатто халқаро эксперт ва сиёсатчилар юқори баҳо бермоқда. Улар мураккаб шароитда ҳам Ўзбекистон мустақил ва барқарор давлат сифатида фуқароларини ҳимоя қила -олаётгани, беморларни даволаб, яна соғлом ҳаётга қайтариш учун барча зарур шароитларни яратгани, инсонпарварлик ҳамда демократик қадриятларга асосланган ўз йўлида собитқадамлик билан дадил одимлаётганини катта эҳтиром ва ҳавас билан эътироф этяпти.

Аммо соғлиғимиз, дастурхонимизнинг файзу баракали бўлиши учун мана шундай чора-тадбирлар амалга оширилиб, қулай имкониятлар яратилаётган бир пайтда нега биз ўз саломатлигимиз ҳақида етарли қайғурмаяпмиз?

Сирасини айтганда, халқимизнинг бошига тушган бугунги синовли кунлар кимнинг аслида ким эканлигини ҳам кўрсатиб қўйди. Кимлардир мутахассислар берган тавсияларга амал қилиб, тозалик, санитария қоидаларига риоя этиб, нафақат ўзининг, балки ўзгалар саломатлигига ҳам ҳисса қўшди. Яна кимлардир муҳтожларга ёрдам бериб, йиқилганни суяб, ўз маблағларидан хайрия қилиб, жамиятдаги муҳит барқарорлигини таъминлашда жонбозлик кўрсатди.

Аммо, афсуски, мураккаб вазият сабаб орамизда хиёнаткорлар, субутсизлар, ўз тақдирига ҳам, ўзгалар тақдирига ҳам бефарқлар, лоқайдлар ҳам борлигини билиб олдик. Баъзилар карантин талабларини қўпол равишда бузиб, ўзининг калтафаҳмлигини, дунёқараши нақадар торлигини, худбинлигини кўрсатиб қўймоқда.

Одамларнинг карантин талабларига, шахсий тозалик ва гигиена қоидаларига тўла амал қилмаётгани боис кейинги кунларда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари кескин ошиб бормоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида карантин талабларини бузган 15 минг 110 киши маъмурий жазога тортилган.

— Афсуски, айримлар карантин қоидаларини писанд қилмай, вазиятни оғирлаштирмоқда, — дейди Самарқанд ветеринария медицинаси институти Нукус филиали ходими Зиуар Хожамуратова. — Хусусан, сўнгги кунларда юртимизда ўтказилган 4 та тўйда 110 киши вирус билан касалланган. Карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда 30 кишилик тўй қилишга рухсат берилганидан ўзбошимчалик билан фойдаланган кимсалар бунга сабабчи бўлмоқда. Ўтказилган туғилган кун тадбирларида ҳам вирусни юқтириб олганлар бор.

Фарғона вилоятида ҳам карантин тартибига амал қилмаган қарийб 60 минг фуқарога нисбатан маъмурий чора кўрилган. Қоидабузарликнинг аксарияти тиббий ниқоб тақмаслик ҳолатлари билан боғлиқ. Шунингдек, 13 та ҳолатда санитария қоидаларини бузгани, 244 та ҳолатда ички ишлар ходимининг қонуний талабларини бажармагани, 455 та ҳолатда тегишли ҳужжатларсиз автомашина бошқаргани учун ҳамюртларимизга маъмурий чоралар қўлланган. Бир ҳамюртимиз ёлғон хабар тарқатгани учун тегишли тартибда жазоланган бўлса, 4 фуқаро карантин қоидаларини қўпол равишда бузгани учун жиноий жавобгарликка тортилди.

Шунга қарамасдан, мамлакатимиз бўйлаб юртдошларимизнинг кўпчилиги эътиборсизлик қилиб, карантин талабларини бузишда давом этяпти. Натижада касалликдан холи, яъни «яшил» деб топилган ҳудудлар «қизил»га айланди. Масалан, Андижон вилояти 1 июль ҳолатида ҳам Республика махсус комиссиясининг тавсиясига асосан «яшил» ҳудудлар қаторида бўлган. Бироқ фуқаролар томонидан ҳар доим ҳам карантин қоидаларига амал қилинмагани натижасида вазият салбий томонга ўзгарди. Шу боис ҳар бир шаҳар ва туманда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси, Санитария эпидемиологик осойишталик маркази, ИИБ, Миллий гвардия, депутатлар ва ёшлардан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилиб, фаолияти шакллантирилди. Ишчи тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда. Шунингдек, карантин талабларини қатъий бузган фуқароларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо кўриб борилаётир. Жумладан, вилоятда 22 мингга яқин юртдошларимизга нисбатан амалдаги тартибларга риоя этмаганликлари учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Мамлакатимизда карантин чекловлари юмшатилган кезларда Навоий вилояти «яшил» ҳудуд тоифасида бўлиб, аҳоли орасидан бирорта ҳам касалликдан зарарланиш ҳолати қайд этилмаган эди. Бугунги кун воқелиги (ўтган давр мобайнида 8187 киши карантин талабларини бузганлиги учун жавобгарликка тортилган)вилоятдаушбу вирусга чалинганлар сони ошиб, афсуски, икки киши шунинг ортидан вафот этганлигини кўрсатмоқда.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев вилоят махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида қайд этишича, бир киши 30 нафар фуқарога вирус юқтирган. Ушбу ачинарли ҳолат касби шифокор бўлган мазкур фуқаронинг карантин талабларига риоя этмаган ҳолда жорий йилнинг 24 июнь куни қариндошиникидаги оилавий тадбирда ва депутатлар билан учрашувда қатнашгани оқибатида юз берган. Бу ҳар қандай инсон — у бошқалар соғлиғига масъул шифокор бўладими ёки карантин даврида ҳар хил тадбирларни чеклаш тарғиботи зиммасига юклатилган депутатми, касби, жинси, ирқи, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, озгина лоқайдликка йўл қўйса, бас, бу офатнинг «қурбони»га айланишини исботлайди.

Немис файласуфи Георг Лихтенберг бефарқликни жиноятга қиёслаган эди. Бугунги пандемия шароитида унинг гапи нақадар ҳақ эканлигини юртимизда карантин чоралари қайта кучайтирилаётгани мисолида яққол англаб етиш мумкин. Жамиятда ҳамон лоқайд, бепарво инсонлар бор экан, «тождор» вирусни енгиш қийинлашаверади.

Телевидение, интернет, ижтимоий тармоқлар, газета-журналларда огоҳликка чақирилиб, айтилаётган шунча гаплар, юмшоқ йўл-йўриқларга қарамай, айрим юртдошларимизнинг тиббий ниқоб тақмаётгани, ижтимоий масофа сақламаётгани, ҳарорати кўтарилса ҳам шифокорга мурожаат этмаётгани, ўзи билганича даволанишга ҳаракат қилаётганини яна қандай изоҳлаш мумкин?!

«Ўзи одамнинг боши бориб, деворга тегмагунча, кўп нарсани тушунмас экан», деган гапни кўп эшитамиз. Лекин коронавирус девор эмаски, фақат бош ёрилиши билан қутулса киши. У ҳаёт-мамот масаласи, ўлим ёқасига бориш деганидир. Ёки шу оддий ҳақиқатни англаб етиш учун, албатта, ажал сиртмоғига тушиб кўриш шартми?! Бу исканжадан қутулиш эса ҳар ким учун ҳам кафолатланмаган.

Тадқиқотларга кўра, бу даҳшатли вирус нафақат ички органларга ўнглаб бўлмас зарар етказиши, ҳатто мия фаолиятига ҳам жиддий таҳдид солиши аниқланган.

Коронавирусга чалинмаган одамни соғлом фикрлайдиган деб қабул қилсак, у ҳолда нега бефарқлик, ҳафсаласизлик, бемалолгарчиликлар, бемазагарчиликларга дуч келяпмиз? 30 кишилик тўйни 130 кишилик қилиб юбориш ҳолатларини бошқача тасвирлаб бўлмайди. Тўғри, орзу-ҳавас деган нарса бор. Лекин ҳар бир ишда меъёр бўлгани яхши. Айниқса, бугунги карантин шароитида биттагина орзу бўлиши мумкин — у ҳам бўлса, ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, COVID-19 деган кўринмас балони даф этишдир. Ана шундан сўнггина бутун халқимиз биргаликда байрам қилса, ярашади.

— Яқинда Ғиждувон туманидаги тўйлардан бирида қатнашишимга тўғри келди, — дейди бир танишимиз. — Очиғи, тўйдан юрагимни ҳовучлаб қайтдим. Нега дейсизми? Маросимда карантин тартиб-қоидасига кўра, ўттиз эмас, салкам юз нафар киши тўпланди. Уч-тўрт кишини айтмаганда, меҳмонларнинг барчаси тиббий ниқобсиз келишганди. Оралиқ масофани сақлаш ҳақидаку, гапирмай қўя қолайлик. Бунақада одам касалликни юқтириб олиши ҳеч гап эмас. Ана шуни ўйлаб тўрт-беш кун хавотирда юрдим. Айрим кишиларнинг бепарволиги, лоқайдлигидан хафа бўлиб кетдим. Наҳотки, бу кимсалар коронавирус деган бало кун, соат сайин дунёдаги минглаб кишиларнинг ёстиғини қуритаётганидан бехабар бўлишса?!

Бу фикрларга қўшилган ҳолда шунақанги тўй ўтгани ёки ўтаётганидан маҳалла фаоллари, бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари хабардорми ўзи, деган савол ҳам туғилади. Нега дунёни сув босса, тўпиғига чиқмайдиган бундай кишиларни тартибга чақирмаймиз? Нима учун уларнинг кўзини очмаймиз? Жамоатчилик назорати қаерда қолди? Давлатимиз раҳбарининг халқимизга қилган мурожаатида масаланинг шу жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас, ахир.

Ёки Ўзбекистонда ҳам қўшни давлатлар тутаётган йўл эксперимент қилиниши шартми? Масалан, Тожикистонда коронавирусни бошқаларга юқтирганлар 5 йилдан 10 йилгача қамалиши мумкинлиги қонунда белгилаб қўйилди. Ушбу мамлакат Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда эпидемиологик меъёрларни бузиб, коронавирусни бошқаларга юқтиришга сабабчи бўлганлар 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши, агар вирус юқтирган одам кимнингдир саломатлиги жиддий ёмонлашишига сабаб бўлса, қамоқ жазоси 10 йилгача оширилиши кўрсатиб ўтилди.

Биздачи? Беморларни давлатнинг ўзи бепул даволаяпти. «Азизлар, ниқоб тақинг, масофа сақланг» дея буйруқ берилмаяпти, илтимос қилинмоқда. Наҳотки бугунги ўта мураккаб вазиятда ҳам жамиятга, халққа нисбатан ана шундай олижаноб ва юмшоқ муносабатни, хушмуомалаликни қадрига етмасак?!

Бошқаларга ўхшаб юртимизда коронавирусга қарши курашишда «авторитар» ёки «тоталитар» услуб танланмади ёки «ўта демократик» йўлдан ҳам борилгани йўқ. Бу борада олтин ўрталиқ танланди. Сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган, барчани қониқтирадиган тамойил татбиқ қилинди. Буни мутахассислар ҳам эътироф этишди.

— Баъзи мамлакатларда юмшатилган карантин чоралари ўз самарасизлигини кўрсатди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Равшан Изамов. — У коронавирусдан ўлим топишнинг юқори кўрсаткичига ҳамда иқтисодиётда катта йўқотишларга олиб келди. Қаттиқ карантин чоралари ҳам ҳар доим ўзини оқламайди. Бу одамларда иммунитет ҳосил қилишга имкон бермайди. Карантин бекор қилинганда эса барчаси, яъни касаллик ортиши, чўққига чиқиши, инқироз бошидан қайтарилади. Иқтисодиётнинг барча соҳаси зиён кўради. Ўзбекистонда ўртача комплекс карантин чоралари йўлидан кетилди. Масалан, ҳудудлар «қизил», «сариқ», «яшил» тоифаларга ажратилиши бутун мамлакат ва иқтисодиётни қамраб олмасдан уларнинг ҳар бирига алоҳида ёндашиш имконини берди.

Боз устига, бугун мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими янада оғир синов қаршисида турибди. Республика махсус комиссияси республика миқёсида карантин чекловлари қайтадан кучайтирилганини изоҳларкан, Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизими катта босимга дуч келганини, мавжуд тиббий муассасалар қуввати янги COVID-19 га чалинган беморларни қабул қилиш учун етарли эмаслигини таъкидлади. Айни вазиятда касалланиш «занжири»нинг узилиши тизимни қайта тиклаш имконини ҳам беради.

— Ғалабанинг шериги, ғалабанинг эгаси кўп! Лекин мана шунақанги ташвишли кунларнинг масъулиятли жавобгар шахсига ҳар биримиз айланишимиз кераклигини ёддан чиқармайлик, — дея Санитария-эпидемиологик назорати давлат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков ҳам бежиз таъкидлаб ўтмади. — Асосий мақсад — касалланишни жиловлаш ва шу орқали ўлимни камайтириш, вазиятни идрок қилиш ва уни бошқаришдир.

...Карантин эълон қилинганига қарийб тўрт ой бўлди. Ҳар биримиз унгача бўлган гўзал ҳаётимизни соғинганимиз рост. Эркинликни, ҳатто бизни елиб-югуришга ундайдиган ўша ташвишларни ҳам, тиним билмас турмуш икир-чикирларини ҳам соғиндик. Ўша кунлар, албатта, яна қайтади. Қайтганда ҳам ўз қадрини ўтказиб қайтади.

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи Online"​

Бироқ ҳар ким аравани ўзи томонга тортадиган, ақл эмас, ҳиссиётларга эрк берадиган бўлса, биз кутган ҳаёт узоқлашиб бораверади. Унинг тезроқ қайтиши учун эса бугун қўлни-қўлга берайлик! Юртбошимизга қанот бўлайлик, бирлашайлик! Буни уддалаймиз! Бу қўлимиздан келади! Ахир бунга шонли тарихимиз гувоҳ...

Президентимиз таъкидлаганидек, ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлсак, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилсак, албатта, бу касалликни тезроқ енгиб ўтамиз!

Бу курашда тиббий чоралар билан бирга юксак тафаккур, қатъий интизом, сабр-тоқат ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозим. Бу сифатлар бизнинг энг асосий ва энг таъсирчан қуролимизга айланиши шарт.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?