Ўзи хон, кўланкаси майдон бўлган мулкдорлардан 876 млн сўмдан ортиқ маблағ ундириб олинди

09:11 06 Июль 2019 Иқтисодиёт
526 0

Президентимизнинг 2018 йил 4 сентябрдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Мазкур қарор ижроси доирасида ўтказилаётган ўрганишлар жараёнида хусусийлаштирилган, лекин йиллар давомида фойдаланилмасдан турган кўплаб объектлар аниқланмоқда.

– Қарор ижроси доирасида Андижон тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида 130 та объект эгаси биноларидан фойдаланмаётгани аниқланган,–дейди Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бош мутахассиси Дилмуроджон Парпиев. – Ўтган вақт мобайнида шунча бўш турган бинолардан фақат 12 таси бўйича инвестиция лойиҳалари тақдим этилган, холос. Шу боис, имконияти бўла туриб, мулкига нисбатан лоқайд муносабатда бўлганларга таъсирчан солиқ механизмини қўллаш чораси кўрилган.

Андижон туман солиқ инспекцияси томонидан 84 та объект раҳбарига талабномалар юборилган. Уларга нисбатан 989 миллион сўм қўшимча ер ва мол-мулк солиғи қайта ҳисоб-китоб қилинди. Айни пайтга қадар мазкур субъектлардан 876 миллион 400 минг сўм маблағ ундириб олинди. Жумладан, тумандаги “М.К.С” корхонасига Идоралараро комиссиянинг тегишли хулосасига кўра, таъсирчан солиқ механизми қўлланилган. Унга мувофиқ, биринчи олти ойга 39 миллион 895 минг, ушбу муддат якунлангач, 115 миллион 105 минг сўм ер ва мол-мулк солиғи қайта ҳисобланиб, маблағ тўлиқ ундириб олинди.

Ачинарлиси шундаки, бу тоифа кишилар объектларни хор қилгани етмагандек, мол-мулк, ер солиғини ҳам ўз вақтида тўламаганлар. Улар бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлардан тўғри хулоса чиқариб, йиллар давомида халқнинг, давлатнинг маблағлари ҳисобига қурилган, одамларга фойда бериб келган ана шундай иншоотлар бекор турмаслиги лозимлигини англаб етишлари даркор.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019