Ўзгаришлар натижаси хотин-қизлар ҳаётида акс этяптими?

11:20 15 Февраль 2019 Жамият
217 0

Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила ­институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганига ҳам бир йил тўлди. Очиғини айтиш керак, ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш учун бу кам муддат эмас, албатта. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар натижасида тизимда бир қатор ўзгаришлар ва янгиланишлар кузатилаётганини ҳаётий мисоллар орқали кўриш мумкин. Бироқ негадир ажрашишлар сони кўпаяётгани, жиноятга қўл ­урган аёллар сафи тобора ортиб бораётгани оғриқли масалалардан саналади. ­Мухбиримиз бу ҳақда, қолаверса, опа-сингилларимизнинг жамиятда ­тутган ўрни хусусида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ­ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси ­раиси Танзила Норбоева ­билан ­суҳбатлашди.

— Мамлакатимиз ижти­моий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларимиз қанчалик фаол? Бу раҳбар сифатида сизни қониқтирадими?

— Йўқ, хотин-қизларимизнинг ­сиёсий фаоллигини ошириш борасида ҳали ҳамкорликда қиладиган ­ишларимиз ­талайгина. ­Сиёсий партиялар билан ҳамкорлик меморандумлари ­имзоланган бўлишига қарамасдан, уларнинг ижросини таъминлашга ­етарли эътибор қаратилмаяпти.

Вакиллик органлари ҳамда пар­ламент депутатлигига номзод ­кўрсатиш жараёнида хотин-қизлар учун ­белгиланган 30 фоизлик квота қамраб олин­маяпти.

Бугунги кунда вакиллик органлари ва парламент депутатлари орасидаги ­хотин-қизлар улуши 15 фоизни ҳам ташкил этмайди. Сабаби кўрсати­лаётган номзодларни тайёрлаш борасида тизимли иш олиб борилмаяпти, айниқса, раҳбарлик лавозимларига ­хотин-қизлардан номзод сўралса, ­топиб ҳам бера олмаяпмиз.

Ҳозирги кунда раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бораётган аёллар сони 1 фоизни ҳам ташкил ­этмайди.

Жойларда хотин-қизларнинг етак­чилигини таъминлашда асосий бўғин бўлган бошланғич ташкилотлар ­фао­лиятлари ҳам қониқарсиз аҳволда.

— Сизнингча, муаммоларни бартараф этиш юзасидан қандай чоралар кўриш ­лозим?

— Аввало, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг кадрлар билан ишлаш концепциясини ишлаб чиқишимиз ва қабул қилишимиз лозим.

Бунда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, ижтимоий фаол аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаб бориш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш, турли раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизимини яратиш зарур.

Сиёсий партиялар билан ҳамкорликда вакиллик органларига, парламент депутатлигига номзодларни тайёрлаш ва 2019 йилги сайловларда хотин-­қизлар номзодини кўрсатилишини 50 фоизгача етказиш ҳамда ­депутатлар орасида улар улушининг 30 фоиздан кам бўлмаслигига ­эришишни ўзимизга вазифа қилиб ­олишимиз керак.

— Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни иш, уй билан таъминлаш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда? Шу ҳақда ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Ўтган йили республика бўйича 47 минг нафарга яқин оғир турмуш шароитида яшаётган, шундан 14 минг 600 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизнинг рўйхати шакллантирилиб, улар билан манзилли ишлар олиб борилди.

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 1 минг 464 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган ва ногиронлиги бўлган хотин-қизга арзон уй-жойлар учун 54,6 млрд. сўм бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди. Бу рақамларнинг ортида аёлларимизнинг, айнан қийналган, ёрдамга муҳтож тақдирлар ётади. Уларнинг кўнгли жуда кўтарилди. Ҳаётга ишончи, умиди ортди. Ўзи қийналиб катта қилаётган фарзандларининг қувончини айтмайсизми?! Бу ­ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилади.

Жамоат фонди учун ажратилаётган маблағлардан ногиронлиги бўлган хотин-қизларга моддий ёрдам бериш, уларни реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича зарур чоралар кўришимиз керак.

2019 йилда давлатимиз ­раҳбари томонидан берилган топшириқ, яъни хотин-қизлар бандлигини таъминлаш юзасидан дастур тасдиқланди, айниқса, оғир ижтимоий вазиятга ­тушиб қолган 13 минг нафар ­хотин-қизни иш, 1600 нафар ­хотин-қизни уй билан таъминлаш бўйича рўйхат шакллантирилди.

Фонд маблағларидан ҳар йили 1 минг 500 нафарга яқин аёлларга уй-жой суммасининг бошланғич бадалларини шакллантиришга амалий ёрдам ­берамиз.

— Бугун ҳаётнинг ўзи жиноятчиликка қарши ­курашишда янгича ёндашув зарурлигини тақозо этмоқда. Унга қарши ­курашишнинг тизимли чораларини амалга оширишда қўмитанинг режалари нималардан иборат?

— Бу борада ҳам кўпгина ­лойиҳалар амалга ошириляпти. Маҳаллалар кесимида жиноят­чилик ва ҳуқуқбузарликларга ­мойиллиги бўлган хотин-қизларнинг аниқ рўйхатлари шакл­лантирилиб, уларга мураббийлар бириктирилди.

Олиб борилган профилактика ишлари натижасида республика бўйича хотин-қизлар жиноят­чилиги мос равишда 2016 йилда 5 фоиз, 2017 йилда 11 фоиз камайган бўлса, 2018 йилда 35,7 фоиз камайишига эришилди.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суд жараёнларида қўмита вакилларининг иштирокини таъминлаш тизими жорий қилиниши натижасида 2018 йилда жиноят содир этган 113 нафар ва ҳуқуқбузарлик қилган

780 нафар хотин-қиз кафиллик асосида жазодан озод этилди.

Олий суд билан биргаликда Зангиота туманидаги жазони ўташ муассасаси ҳамда колонияда суҳбат ва сайёр судлар ўтказилди. Ушбу тадбирда 9 нафар аёлнинг жазони ўташ тартиби енгиллаштирилди, 6 нафар аёл озодликка чиқарилди.

Хотин-қизлар томонидан, ­асосан, фирибгарлик, иқтисодий ва ўғрилик жиноятлари содир этилмоқда.

Албатта, ушбу соҳада ҳам ўзига хос муаммолар мавжуд. Биз ўтган давр давомида турли жабҳада ишлаётган ходимлар томонидан содир этилган жиноятлар ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан етарли ҳамкорлик ўрнатмадик. Бу эса айрим тармоқларда фирибгарлик, иқтисодий жиноятларнинг ошишига олиб келди.­

Биргина Қашқадарё вилояти мисолида айтадиган бўлсак, қайд этилган иқтисодий жиноятларнинг 30 фоизи мактабгача ­таълим, 20 фоизи халқ таълими тизимида фаолият юритаётган хотин-қизлар томонидан содир этилган.

Мавжуд муаммоларни бартараф қилиш юзасидан бир неча вазифаларни белгилаб олдик. Жумладан, жиноятчиликка мойиллиги бор хотин-қизларни доимий ­равишда аниқлаб бориш ва улар билан ишлашни ташкил этишимиз керак.

Маҳаллаларда профилактика инспекторларини хотин-қизлардан тайинлаш тажрибасини республиканинг барча маҳалласига татбиқ қилиш ҳамда хотин-қизлар мутахассислари, бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда уларнинг ҳар бири муаммосини аниқлаш ва ҳал этишга ҳамда бандлигини таъминлашга эътибор қаратиш зарур

бўлади.

— Оилаларни мус­таҳкамлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий ­муҳитни соғломлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар ажралишларнинг олдини олишда етарли самара беряптими?

— Тизимда бўлган ўзгаришлардан яна бири шундаки, фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш идоралари Адлия вазирлигидан олиниб, туман ёки ­шаҳар ҳокими ўринбосари — Хотин-қизлар қўмитаси раисига бўйсундирилди.

Оилавий ажримларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига судга ёки ФҲДЁ органларига ажрашиш учун ариза берган шахслар тўғрисида маҳалла фуқаролар йиғинларини хабардор қилиш бўйича алоҳида норма киритилди.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби белгилаб қўйилди.

Олий суд билан Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида меморандум имзоланиб, ажрашишга ариза берганлар билан дастлаб Хотин-қизлар қўмитасида суҳбат ўтказиш ва иш юзасидан хулосасини олиш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида жорий йилнинг ўзида 27 мингта ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларнинг 78 фоизи яраштирилди.

Лекин олиб борилган ишлар, хусусан, оилавий ажралишлар бўйича таҳлиллар кўрсатмоқдаки, 2014 — 2017 йиллар давомида бундай ҳолат сони ҳар йили ўртача 3-4 фоиз ортиб борган, биргина 2018 йилнинг 11 ойи давомида ҳам ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 43 тага ошган.

Натижада эса жорий йилнинг ўзида 22 минг нафардан ортиқ вояга етмаган болалар ота ёки она меҳридан маҳрум бўлган.

Оилавий ажралишларнинг 50 — 60 фоизи хонадондаги келишмовчилик, қолгани фарзандсизлик, узоқ муддат бир оила бўлиб яшамаслик, хиёнат, ичкилик ва гиёҳвандликка ружу қўйиш сабабли келиб чиқмоқда.

Биз бугунги кунда қайд этилган салбий ҳолатларнинг, асосан, оқибати билан ишлаяпмиз. Бироқ олдини олиш борасида ёшлар билан ишлаш, уларни ҳаётга тайёрлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар ташкил қилинмаяпти.

Шу сабабли, мазкур йўналишда барчамиз бирлашган ҳолда ёшларни ҳаётга тайёрлаш бўйича ягона концепцияни ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилишимиз ­зарур.

Мунисхон КАРИМОВА (“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019