Ўзгариш ва янгиланишлар қадр-қиммати одамларнинг ўз ҳаётидан, давлатдан рози бўлиб яшашларида яққол кўринади

12:12 02 Апрель 2019 Жамият
382 0

Аввал хабар қилинганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 29-30 март кунлари Бухоро вилоятида бўлди. Мазкур ташриф ҳудуддаги ўзгариш ва янгиланишларни юқори босқичга олиб чиқишга қаратилган саъй-ҳаракатларга янада шиддат бағишлади, янги ташаббусларга йўл очди

Бухоро вилояти ҳокими Ўктам БАРНОЕВ барча соҳани изчил ривожлантириш юзасидан берилган топшириқлар, яқин истиқболда амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва уларнинг аҳамияти хусусида “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари учун эксклюзив интервью берди.

— Ўктам Исоевич, давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифини Абдухолиқ Ғиждувоний мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади. Юртбошимиз буюк аждодимиз қолдирган бой мерос ҳақида тўхталиб, “Бундай маънавий хазина ҳеч қаерда йўқ”, дея алоҳида таъкидлагани кишида фахр-ифтихор ҳиссини уйғотади, албатта. Айтинг-чи, бу бой маданий-маърифий меросни асраб-авайлаш, халқимизни, қолаверса, дунё аҳлини улуғ алломаларимизнинг умумбашарий ғояларидан баҳраманд этиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Дарҳақиқат, юртимиз қадимий қадамжоларга бой. Бухоро заминида диний ва дунёвий илм ривожига катта ҳисса қўшган кўплаб алломалар етишиб чиққан. Улар мангу қўним топган табаррук масканларни обод манзилларга айлантириш давлатимизнинг доимий эътиборида.

Президентимиз 2017 йилнинг 10 март куни Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида бўлганида Етти пир зиёратгоҳини янада обод масканларга айлантириш, зиёратчиларга зарур шарт-шароитлар яратиш учун кўрсатмалар берганди. Шунга мувофиқ, нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунё мусулмонлари учун муқаддас маскан саналган Абдухолиқ Ғиждувоний, Хўжа Ориф Ревгарий, Али Ромитаний, Бобойи Самосий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Саййид Амир Кулол, Баҳоуддин Нақшбанд сингари меъморий мажмуаларни ўз ичига олган Етти пир зиёратгоҳини ободонлаштириш, уларни реконструкция қилиш, қўшимча бино ва иншоотлар қуриш лойиҳалари ишлаб чиқилиб, Юртбошимиз томонидан маъқулланди. Айни пайтда шу асосда қурилиш ишлари жадал давом эттириляпти. Зиёратчилар учун қўшимча қулайлик яратилмоқда. Меҳмонхона, таҳоратхона, ҳунармандлар ва китоб савдо мажмуалари барпо этиляпти. Ушбу бунёдкорлик ишларининг лойиҳавий қиймати 83,5 миллиард сўмни ташкил этади. Бу хайрли ташаббус юртдошларимизни ҳам бефарқ қолдиргани йўқ. Жумладан, ҳозиргача улар томонидан 15,8 миллиард сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Президентимиз амалга оширилаётган юмушлар билан танишар экан, бу ҳали катта ишларнинг бошланиши эканлигини таъкидлади.

Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти — ISESCO томонидан Бухоро шаҳри 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинган. Бу тадбирни нишонлаш зиммамизга жуда катта масъулият юклайди. Қолаверса, давлатимиз раҳбари Абдухолиқ Ғиждувоний мажмуасини маърифат марказига айлантириш, имом-хатибларнинг шу мактабда сабоқ олишларини ташкил этиш юзасидан топшириқ ҳам бердилар. Чунки улуғ алломанинг одамларни ҳалол ва тинч меҳнатга, эзгуликка, савоб ишларга, комил инсон бўлиб етишишга даъват қилувчи ғоялари бебаҳо хазинадир. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, ушбу хазинани мукаммал ўрганиш, уни одамлар, хусусан, ёшлар онгу шуурига сингдиришимиз даркор. Токи, фарзандларимиз бу улуғ алломаларга эргашсин, бой маънавий меросимиздан баҳраманд бўлишсин, улар билан фахрланишсин.

— Бухоро ҳақида гап кетганда унинг юксак туристик салоҳияти хусусида сўз очмасликнинг иложи йўқ. Бугунги кунда ушбу салоҳиятдан оқилона фойдаланиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун қандай саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти?

— Туризм миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини, юртимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилувчи муҳим тармоқ ҳисобланади. Бу борада вилоятимиз катта салоҳиятга эга. Дунёда маънавият ва маърифат бешиги саналган, не-не улуғ алломалар етишиб чиққан Бухорои Шарифни бир кўриш истагидагилар оз дейсизми?!

Мамлакатимизда соҳа равнақи учун тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялар, киритилаётган инвестициялар туфайли сайёҳлар оқими ортмоқда. Масалан, 2018 йилда вилоятга 2,5 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрди. Бу аввалги йилдагига нисбатан салкам икки баравар кўпдир. Бултур чет эллик сайёҳлардан тушган нақд хорижий валюта 41,9 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2017 йилдагига қараганда 3,5 баравар ошди.

Туристларга замон талаблари даражасида хизмат кўрсатиш энг долзарб вазифа саналади. Шу ўринда бир далилга эътиборингизни қаратмоқчиман. Агар республикамиз мустақилликка эришгунга қадар Бухорода атиги учта меҳмонхона фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда 4800 дан зиёд ўринга эга 126 та меҳмонхона фаолият юритяпти.

Хориждан сайёҳлар учун 44 та янги замонавий автобус, 22 та микроавтобус келтирилди. “Ўзбекистон” туризм логотипи туширилган йўналишсиз таксилар хизматига буюртма бериш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, чет эллик меҳмонлар оғирини енгил қилиш мақсадида биргина 2018 йилда 65 та жойда валюта айирбошлаш шохобчаси очилди, халқаро тўловларни қабул қилувчи 298 та терминал ўрнатилиб, халқаро пластик карточкаларга хизмат кўрсатувчи 20 та банкомат қўйилди.

Умуман, 2019 — 2021 йилларда вилоятимизда яна 209 та янги меҳмонхона барпо этилиши эвазига 2 мингта иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Ҳозирги пайтда эса Ҳиндистоннинг “Metric Ventures” компанияси кўмагида замонавий меҳмонхона қурилаётган бўлса, хитойлик инвесторлар иштирокидаги “Beston Machinery“ масъулияти чекланган жамияти “Зарафшон” меҳмонхонасини, Буюк британияликлар сармояси асосида фаолият кўрсатаётган “Wide Tent System” акциядорлик жамияти эса “Бухоро-Палас” меҳмонхона мажмуини реконструкция қиляпти.

Бу каби лойиҳалар ижроси учун чет эллик инвесторларни кўпроқ жалб этиш юзасидан амалий ишлар кўлами тобора кенгайтирилаётгани эътиборга молик. Масалан, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Туризм соҳасидаги биринчи инвестицион форумда Хитой Халқ Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Эрон давлати сармоядорлари билан умумий қиймати 15,7 миллион АҚШ долларига тенг шартномалар имзоланди.

Яқинда Бухорода ўтган Халқаро зиёрат туризми форуми ҳам ҳудуд сайёҳлик салоҳиятини намойиш этиш нуқтаи назаридан фойдали бўлди. Унда дунёнинг 34 та давлатидан соҳа мутахассислари, инвесторлар иштирок этди.

2018 йил бошида эса вилоят ҳокимлигида йигирмага яқин давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари билан мулоқотлар уюштирилиб, ҳудуднинг туристик (зиёрат туризми) ва инвестиция салоҳияти бўйича тақдимот ўтказилди. Сайёҳлик салоҳиятини дунёга кенг тарғиб қилиш ва туристик мавсумнинг давомийлигини ошириш мақсадида ҳар йили турли тадбирлар уюштириляпти. “Ипак ва зираворлар”, “Насриддин Афанди” фестиваллари, “Қовун сайли”, Бухоро шаҳри куни, “Миллий таомлар” тадбирлари шулар жумласидандир.

Лекин тан олишимиз керакки, бой маданий-маърифий меросга, тарихий обидаларга эга Бухоронинг сайёҳлик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланяпмиз, деб айта олмаймиз. Президентимизнинг Бухорони “Саёҳатлар чорраҳаси”га айлантириш борасидаги топшириқлари шу нуқтаи назардан ишга танқидий-таҳлилий ёндашувни талаб қилмоқда.

— “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида ишлаш аҳолини ўйлантираётган муаммолар ечимида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борадаги ишлар ҳақида ҳам тўхталсангиз.

— 2018 йилда вилоят давлат хизматлари марказининг барча қулайликларга эга замонавий биноси фойдаланишга топширилди. Марказда фуқароларга 100 дан зиёд турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. Бу далилни келтиришимиз боиси шундаки, асосий мақсад аҳолини давлат идоралари фаолиятидан рози қилишдан иборат. Бинобарин, ҳар қандай ўзгаришу янгиланишларнинг қадр-қиммати одамларнинг ўз турмуши, ҳаётидан, давлатдан рози бўлиб яшашларида кўринади.

Одамлар билан яқиндан мулоқот қилиш, уларнинг ўй-ташвишларини тинглаш юзага келаётган муаммолар калитини топиш имконини беради. 2018 йил давомида жойларда ўндан зиёд сайёр қабуллар ўтказилди. Шу қабуллар давомида 955 нафар жисмоний ва юридик шахснинг мурожаатлари кўриб чиқилди. 702 фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилди. 254 фуқарога ҳуқуқий тушунтиришлар, 8 нафар фуқарога эса ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат этиш бўйича тавсия берилди.

Жорий йилда бу масалага эътибор янада ортди. Ғиждувон, Шофиркон, Пешку туманларида ўтказилган сайёр қабуллар натижасида 150 нафардан зиёд фуқароларнинг муаммолари ўрганилди. 80 фуқаронинг мурожаати қаноатлантирилди. 2018 йилда вилоят ҳокимлигига жами 4722 та мурожаат тушганини ҳам айтиш ўринли. Уларнинг аксарияти қаноатлантирилган бўлса, қолганлари бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Шу йилнинг ўтган даврида секторлар раҳбарлари бошчилигидаги ишчи гуруҳлар томонидан вилоятдаги 99 минг 500 тадан зиёд хонадонларга уйма-уй кирилиб, аҳоли муаммолари аниқланди. Уларнинг 62,7 фоизи шу кунгача ҳал этилгани қувонарлидир.

Президентимиз томонидан вилоят аҳолисининг бандлигини таъминлаш, томорқадан самарали фойдаланиш, ҳар бир оила ва ёшлар тадбиркорлигига қаратилган лойиҳалар ижроси учун 500 миллиард сўм маблағ ажратилганлиги халқимиз даромадини кўпайтириб, турмуш шароитини янада яхшилайди. Сир эмас, бандлик одамларни ташвишлантираётган асосий масалалардан биридир. Ишли одамнинг рўзғори тинч, уйи, оиласидан кўнгли хотиржам бўлади. Шу боис Бандлик дастури ижросига алоҳида эътибор қаратилиб, ўтган йил давомида 91806 та ўрнига 95613 та янги иш жойи яратилди. Лекин ҳали бу йўналишда ҳам қиладиган ишларимиз кўп.

— Суҳбатимиз мавзуи ижтимоий соҳага келиб тақалди. Президентимизнинг 2018 йилдаги ташрифлари чоғида бу борада ҳам бир қатор топшириқлар берилган ва шу асосда дастурлар қабул қилинган эди. Хўш, уларнинг ижроси қандай?

— Биласизми, давлатимиз раҳбарининг ташрифи вилоятимиз учун баракали келди. Йўлларни таъмирлаш, коммунал соҳадаги ишларни жадаллаштириш, аҳолини ичимлик суви билан тўлиқ таъминлаш мақсадида уч йил давомида амалга ошириш учун 1,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилади. Жумладан, 600 миллион доллар ичимлик суви ҳамда канализация тармоқларига, 700 миллион доллар халқаро ва ички йўлларни қуришга сарфланади.

Аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш дастури доирасида 1874 та уй-жой фойдаланишга топширилди. Бухоро шаҳрида 10 та етти қаватли ана шундай тураржой барпо этилди. Натижада 420 та эҳтиёжманд оила уй билан таъминланди. Инвестиция дастурига асосан, 37 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 30 та қишлоқ аҳоли пунктида яшовчи 34,6 минг фуқаронинг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Йўл қуриш, қайта қуриш ва таъмирлаш ишларига бултур 345,2 миллиард сўм сарфланди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бу борада ишлар кўламини янада кенгайтирмоқда. Чунки ушбу дастурлар доирасида 6 та умумтаълим мактаби реконструкция қилинди, 17 таси мукаммал таъмирланди, 2 та мактабгача таълим муассасаси янгидан қурилди, 13 таси мукаммал таъмирдан чиқарилди. 15 та соғлиқни сақлаш объекти фойдаланишга топширилди. Бу каби ишлар жорий йилда ҳам жадал давом эттирилмоқда. Шу билан бирга, шаҳарда “Bukhara city” мажмуаси барпо этилса, Когон, Қоракўл ва Ғиждувонда замонавий шаҳар марказлари қад ростлайди.

Бугунги кунда вилоятимиз аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 53,5 фоизни ташкил этмоқда. Аҳолининг 46,5 фоизи сувни муқобил манбалардан ва сув ташиш техникалари билан ташиб истеъмол қилади. Ичимлик суви тармоқларининг 40 фоизи таъмирталаб аҳволда. Шу масалаларни ҳал этиш мақсадида Инвестиция дастури доирасида 62,5 миллиард сўм миқдорида марказлашган маблағлар ажратиш белгиланган. Буларнинг барчаси пировардида аҳоли фаровонлигига хизмат қилади.

— Ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастури асосида ишга тушириладиган корхоналар масаласига ҳам тўхталсангиз. Негаки, замонавий саноат корхоналарисиз иқтисодиётни равнақ топтириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш мушкул.

— Очиғи, Бухоро яқин йилларгача аграр воҳалигича қолиб келаётганди. Аммо эндиликда аҳвол буткул ўзгармоқда. Буни тасаввур қилиш учун Қандим газни қайта ишлаш мажмуасининг ишга туширилганини эслашнинг ўзи кифоя. Ёки бўлмаса, бундан атиги икки йил муқаддам вилоятда хорижий инвесторлар иштирокидаги 86 та қўшма корхона мавжуд бўлган бўлса, 2019 йилнинг 1 январига келиб, улар сони 163 тага етказилди. Жорий йилнинг дастлабки икки ойида эса 28 та янги қўшма корхона давлат рўйхатидан ўтказилди. Кичик бизнес соҳасида ҳам худди шундай ижобий манзарани кузатиш мумкин.

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар аҳоли бандлигини таъминлаш, одамлар турмуш даражасини яхшилаш, пировардида иқтисодиётни ривожлантириш имконини бермоқда. Бунга Президентимиз ташриф пайтида танишган “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” ҳамда “Ekvatorial chodak group” корхоналарини мисол тариқасида келтириш мумкин. Ғиждувон туманидаги собиқ ип йигирув фабрикасининг бино ва иншоотлари узоқ йиллар давомида фойдаланилмай қаровсиз ҳолда ётганди. Бунга биз, маҳаллий раҳбарларнинг ҳам маълум бир маънода лоқайдлигимиз сабаб бўлди, деб ўйлайман.

Давлатимиз раҳбари бундан икки йил муқаддам бу ердаги ҳолат билан танишиб, аҳволни ўнглаш юзасидан топшириқлар берди. Натижада хорижнинг энг замонавий ускуналари билан жиҳозланган “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” корхонаси иш бошлади. Корхонада лойиҳанинг 2-босқичи фойдаланишга топширилиши билан иш ўринлари сони 1250 тага етади. Вобкент туманида фаолият кўрсатаётган “Ekvatorial chodak group” корхонасида эса ҳозир 500 нафарга яқин хотин-қизлар иш билан банд. Лойиҳа қуввати тўлиқ ўзлаштирилгач, бу рақам салкам 1000 тани ташкил этади. Умуман, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳисобига 2023 йилга бориб ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқаришни 2 баравар, саноат маҳсулотларини 3 баравар кўпайтириш имконияти туғилади. Вилоятнинг экспорт салоҳияти эса 7 баравар ошиши кутиляпти. Саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида умумий қиймати қарийб 25 триллион 353 миллиард сўм бўлган 625 та йирик ва ўрта инвестиция лойиҳалари дастури ишлаб чиқилди. Бу салкам 30 мингта доимий иш ўринлари яратилишига имкон беради. Айтмоқчи, ташриф чоғида “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” корхонасининг кластер усулида ишлаш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

— Биламизки, кластер усулида ишлаш борасида Бухорода муайян тажриба тўпланган. Ўтган даврда ушбу йўналишда бажарилган ишлар таҳлил қилинганда, кластернинг афзалликлари нималарда намоён бўляпти?

— Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши билан Ромитан туманида “BCT Cluster” хорижий корхонаси ўз фаолиятини бошлаганди. Президентимиз куни кеча шу корхонага ташриф буюриб, эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги лойиҳалар билан яқиндан танишди. Чигит экишдан тортиб етиштирилган маҳсулотни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотга айлантиришгача бўлган жараённи ўз ичига олган кластер усули ўзини тўла оқлади. Ҳисоб-китобларга кўра, корхонага ажратилган саккиз минг гектар майдонда етиштирилган пахтани қайта ишлаш эвазига кўриладиган даромад 61,5 миллион долларни ташкил этяпти. Қиёслаш учун айтиш лозимки, илгари шу майдонлардан олинган ҳосилни тола сифатида сотишдан атиги 12 миллион доллар даромад кўрилган. Қолаверса, аввал шу ҳудуддаги фермер хўжаликларида ишловчилар сони 436 нафарни ташкил этган бўлса, “BCT Cluster”да ҳозир 3500 нафар киши доимий иш ва даромад манбаига эга. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг “Кластер элга манфаат келтиради, одамларни иш билан, даромад билан таъминлайди. Энг катта мақсадимиз шу”, деганлари бежиз эмас.

​Жорий йил охиригача пахтачиликда кластерни жорий қилиш даражасини 70 фоизга етказиш мўлжалланмоқда. Вилоятда экин майдонларининг шўрланиш даражаси юқори. Сув тақчил. Иқлим ўзгарувчан. Шундай бўлишига қарамай, ўтган йилда деҳқонларимиз ҳар гектар ердан ўртача 29,6 центнердан пахта, 60 центнердан ғалла йиғиштирдилар. Мева-сабзавотчилик, узумчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик бўйича ҳам муайян ютуқлар қўлга киритиляпти. Уч минг гектар ерда боғ барпо қилинди. Яқин истиқболда улар ҳажми беш минг гектарга етказилади. Бу соҳаларда ҳам кластер усулини кенг жорий қилиш асосий вазифаларимиздан биридир.

Биз Бухорода деҳқончилик маданиятини жаҳон андозалари даражасига кўтаришимиз керак. Шу нуқтаи назардан “Бухоро-агро” эркин иқтисодий зонасида хорижий инвесторлар иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам катта самара беради, ҳам ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ўтайди, деган умиддамиз. Қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган, республикада ягона ҳисобланмиш мазкур эркин иқтисодий зонада айни дамда инвесторлар томонидан иссиқхоналар барпо этиш ишлари бошланган. 9 та лойиҳага 19,4 миллион АҚШ доллари миқдорида банк кредит маблағлари ажратилган.

Президентимиз ташриф пайтида олдимизга жуда катта вазифаларни қўйди. Зиммамиздаги масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, ушбу топшириқларни бажаришга киришдик. Бу кенг қамровли ишлар халқимизнинг турмуш даражасини янада яхшилайди, одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашларига мустаҳкам пойдевор бўлади.

Истам ИБРОҲИМОВ (“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019