Ўзгараётган «Зебралар»

09:03 09 Июль 2020 Спорт
296 0

Худди Ла Лигада бўлгани каби Италия А Церийасида ҳам чемпионлик масаласи охирги турларгача номаълум бўлиб қоладиганга ўхшамоқда. Кеча 31-тур ўйинлари давом эттирилди ва мухлислар Италия «классико»сига гувоҳ бўлишди: «Милан» — «Ювентус». Тўғри, ном жиҳатидан бир неча йиллардан бери ўз марказийлигини йўқотиб бораётган бу қарама-қаршиликда фаворит нисбатан аниқ бўлган. Лекин сўнгги бир йиллик ўйинларга назар солсак, миланликларнинг аста- секинлик билан ўз ўйинларини тиклаётганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Буни, айниқса, кечаги тур ўйини исботлаб берди. Ишончли тарзда ғалабани қўлга киритаётган Турин клубига қисқа вақт ичида кетма-кет 4 та гол билан жавоб қайтарган миланликлар ўзларининг ҳужумкор ва иродали ўйинини яна бир карра исботлаган бўлсаларда, бу жиҳат баҳсдан сўнг у қадар тилга олинмади. Асосий эътибор барибир «Ювентус»нинг мағлубияти ва Сарри тўғрисидаги миш-мишларга қаратилди, машҳур нашрлар энди клубнинг камчиликларига асосий урғу беришмоқда. Зеро, бу гапларда етарлича асос бор. «Ювентус» гарчи ҳозир ички чемпионатда бош совринга асосий даъвогар саналаётган бўлса-да, мавсум давомидаги ўйинларини бир текисда кетяпти дейиш қийин. Дастлаб, «Кекса сеньоралар»нинг Италия кубогидан маҳрум бўлгани клуб мухлисларида кескин норозиликларни келтириб чиқарган эрса, кейинчалик «Сан-Сиро»да учралган аламли мағлубият Турин мутасаддиларини жиддий ўйлантириб қўйди. Тўғри, бу каби кичик кўринган муаммолар балки, натижалар билан ёпилиб кетар, аммо яқин орада Еврокубок баҳслари борлигини ҳисобга олсак, булар Турин клубига анча қимматга тушиши мумкин. Журналистлар биринчи галда жамоа бош мураббийи Маурицио Сарри ишларида бир қатор нуқсонлар борлигини таъкидлашмоқда. Дарҳақиқат, италиялик мутахассиснинг клубда амалга ошираётган сиёсатидан айрим футболчилар норози кайфиятда эканликлари ҳам сир эмас. Бунга сабаб қилиб бош мураббийнинг тактик схемасида бир қатор нуқсонлар кўзга ташланаётганлигини келтиришимиз мумкин. «Ювентус» шундай жамоаки, унинг яхлит ўзаги аввалдан шакллантирилган. У миллий терма жамоанинг асосий юзини кўрсатиб турувчи клуб ҳисобланади. Олдиндан маълум бир қатъий шаклда ўйнашга ўрганган ва ўта ҳужумкор жамоа деб айтиб бўлмайди. Собиқ мураббийлари даврида, айниқса, Массимилиано Аллегри қўл остида клуб қатъий бир шаклга келтирилди. Лекин бир мавсум аввал бош мураббийлик лавозимига келган Саррининг қарашлари бошқачароқ. У ҳужумкор футбол тарафдори, зеро, собиқ жамоаси «Наполи» билан ҳам буни исботлаган эди. Дарҳақиқат, ўша пайтдаги неаполликлар расмана «қутуриб» улгурган, «Юве»га ҳар доимгидан ҳам кўра жиддий қаршилик кўрсатадиган ҳақиқий «иккинчи жамоа» эди.

Сарри ўзининг ранг-баранг ўйин услубини кейинчалик «Челси»га ҳам ўтказа олди — бир мавсум давомида Европа Лигаси забт этилди. Бироқ «Ювентус»ни тўлиқ унинг типидаги жамоа дейиш қийин. Албатта, Сарри умумий 36 та ўйиндан 31 тасида зафар қучди. Лекин бу ўтган йилги узоқ муддатли мағлубиятсиз церийага қараганда анча кичикроқ статистика. Бунинг устига «Зебралар» мавсум давомида ҳар доимгига қараганда кўпроқ гол киритишмоқда ва нисбатан кўпроқ гол ҳам ўтказиб юборишяпти. Жамоа асоси бўлган ҳимоя чизиғида, айниқса, рестартдан кейин анча жиддий муаммолар кўзга ташланяпти. Ушбу ампуланинг асосий ўйинчиларидан бири Андреа Барзалли истеъфога чиққач, клубни бу борада жиддий трансферлар кутиб турарди. Демирел, Данило ва Делихт номзодлари билан таркиб тўлдирилди. Лекин Демирел етарлича ўйин амалиётига эга бўлмади ва бемалол бу трансфер ўзини оқламади дейиш мумкин. Жароҳатлар исканжасида қолаётган Данило ҳам янги клубига керакли пайтларда ёрдам беролмаяпти. Келлини ва Делихт каби асосий таркиб ҳимоячиларини дисквалификациясиз стабил равишда асосий таркибда кўриш барибир ҳам мушкул. Кўриниб турибдики, ҳимоя чизиғида етарлича захира бўлмагани оқибатида кечаги каби натижалардан ортиқча ажабланиш ўринсиз. Ҳужум зонасининг кучлилиги эвазига бу камчиликлар ёпилиб кетмоқда. Биргина Роналдунинг ўзига клуб умумий голлари сонининг 40 фоиздан зиёди тўғри келиши жуда катта натижа албатта. Дарҳақиқат, Сарри индивидуал ва креатив ўйинга кўп эътибор бериб юбориши «Юве» тактикасига зид ўлароқ хизмат қилганини бир нечта баҳсда кузатдик(«Наполи» билан кубок финалидаги мағлубият). «Саррибол» услубини ҳеч ким қораламайди, аксинча, мураббийнинг футболчиларни ўзига мослаштиришга уриниши хато холос.

Нима бўлган тақдирда ҳам «Ювентус» Италия футболи байроқдори ҳисобланар экан, мухлислар ҳам ўз ўрнида клубдан жиддий ва йирик натижалар кутиб қолишади. «Скудетто» кетма-кет забт этилгач, навбатдаги манзил бўлган ЕЧЛ узоқ вақтдан буён орзуга айланган. Сўнгги йиллардаги катта трансферлар, раҳбариятдаги жиддий ўзгаришлар ва сарфланаётган маблағлар эвазига «Кекса сеньоралар» йирик титулларга ҳақли жамоа. Бу мавсумда ҳам Андреа Анелли камида финални кутаётган бўлса ажаб эмас. Ким билади, «Лион»га қарши жавоб ўйини орқали Сарри балки, ўз тақдирини белгилаб олар...

Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?