“Ўзэлтехсаноат” тизимидаги корхоналарда импорт ҳажми қачон камаяди?

17:13 04 Июль 2018 Иқтисодиёт
793 0
Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи".

Кейинги бир ярим йил ичида мамлакатимизда экспортни рағбатлантириш, бу борада қўшимча қулайлик ва имтиёзлар бериш бўйича кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Натижада ташқи бозорга маҳсулот етказиб бериш ҳажми ортмоқда. Аммо импорт кўрсаткичлари ҳам ўсиб бораётгани саноат тармоқлари, шу жумладан, электротехника жабҳасида маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтиришни тақозо этаётир.

Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи".

Экспертларнинг фикрича, бу импорт таркибини ўрганиш ва импортни оптималлаштириш бўйича ишлар етарли даражада ташкил этилмагани оқибатидир. Шу боис Президентимиз раислигида жорий йил 29 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида экспорт-импорт масаласи муҳокама қилиниб, импортни оптималлаштириш ишлари мутлақо қониқарсиз аҳволда экани жиддий танқид қилинган эди.

Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи".

Айни пайтда “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси томонидан тизимда шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш орқали импортни камайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриляпти. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган миллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнида маҳаллий хом ашё ресурсларидан самарали фойдаланишнинг долзарб масалаларига бағишланган кўргазмали семинар ҳам айни шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Соҳа мутахассисларининг айтишича, юртимизда ҳали электротехника саноатининг хом ашё базаси етарли даражада шаклланмаган. Бу эса тармоқ корхоналарининг зарур хом ашё ва бутловчи буюмларга бўлган эҳтиёжини ички ресурслар билан таъминлаш имконини бермайди. Шунинг учун ҳам республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган хом ашёлар четдан олиб келинмоқда.

Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи".

— 2017 йили тизим корхоналари томонидан умумий қиймати 244,7 миллион АҚШ долларилик, жорий йилнинг январь-май ойларида эса 103,7 миллион долларлик хом ашё ва бутловчи қисмлар импорт қилинди, — дейди “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Алишер Абдуллаев. — Табиийки, бунинг учун катта маблағ сарфланади, унга яна логистика харажатлари ҳам қўшилиб, охир-оқибат маҳсулот таннархига “ўтиради”. Бу эса унинг рақобатдошлигига салбий таъсир кўрсатади. Шунга қарамасдан, тегишли корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда импортни оптималлаштиришга доир аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, шу йили импортни 30 фоиз қисқартириш, маиший техникалар экспортини эса 4 баробар оширишни олдимизга бош мақсад қилиб қўйганмиз.
Кўргазмали семинар доирасида “Ўзэлтехсаноат” АК таркибидаги корхоналар томонидан импорт қилинаётган бутловчи қисмлар тақдимотлари ҳам ташкил этилди.
Саид РАҲМОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019