“Ўзбекозиқовқатзахира”: Озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига йўл қўйилмайди

17:33 02 Октябр 2018 Иқтисодиёт
1400 0

Шамсий йил тақвимига кўра, ҳозир — айни мезон. Кўп йиллик кузатишларга қараганда, ушбу ой баъзи йилларда иссиқ келса, баъзида ёмғирли кунлар бошланиб кетади. Шу боис уни “Ёз ва қиш ўртасидаги аросат” ҳам дейишади.

Нуронийлар бу ой бошланиши билан “Мезон кирди, ҳисобингни топ” деган ибротамуз ўгитни ёдга олишади. Сабаби бу ой деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик учун сарҳисоб даври бўлиб, мева-чева, полиз-сабзавот маҳсулотлари мезон шамоли эсгандан кейин йиғиштирилади-да, қиш учун ғамлаб қўйилади. Шундай экан, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, нарх-наво кескин ошиб кетишининг олдини олиш учун қандай чора-тадбирлар кўриляпти?

“Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмасидан олинган маълумотларга қараганда, бу йилги мавсумда муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигига, улар нархининг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Хусусан, 2018 — 2019 йил қиш-баҳор мавсумида юртимиз аҳолисини муҳим истеъмол товарлари билан кафолатли таъминлаш учун 140 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, шу жумладан, 50 минг тонна картошка, 20 минг тонна пиёз, 40 минг тонна сабзи ва 30 минг тонна гуруч захирасини яратиш белгиланган.

Бунинг учун уюшма тизимидаги корхоналарнинг сиғими 99 минг 800 тонналик қуруқ, 63,5 минг тонналик совиткичли омборлари хатловдан ўтказилди. Ўтган қисқа даврда ушбу объектларнинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, таъмирлаш ишлари бажарилиб, маҳсулот сақлаш учун тайёр ҳолга келтирилди. Шу билан бирга, жорий йилда тизимдаги 16 та корхона томонидан қиймати 18,5 миллиард сўмлик 10,5 минг тонналик совиткичли сиғимлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бошқача айтганда, 8,3 минг тонналик янги омборлар қурилиб, 2,2 минг тонналик мавжуд омборларнинг модернизация қилиниши эвазига инфратузилма объектлари янада такомиллаштирилмоқда. Бу эса деҳқону соҳибкорларнинг машаққатли меҳнати эвазига етиштирилган мева-сабзавотларни то баҳоргача сифатли сақлаб, халқимиз дастурхонига тортиқ қилиш имконини беради.

Мутахассисларнинг айтишича, ўтган йилги тажрибадан келиб чиқиб, маҳсулот етиштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Яъни қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олиш, муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратиш мақсадида деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётир. Масалан, картошка етиштириш ҳажмини ошириш, аҳолининг “иккинчи нон”га бўлган эҳтиёжини барқарор таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар доирасида тизим корхоналари томонидан хориждан қарийб 3 минг тонна уруғлик картошка олиб келинди. Бундан ташқари, такрорий экинлардан етиштириладиган 277,9 минг тонна маҳсулотларни сотиб олиш бўйича шартномалар тузилиб, бўнак маблағлари баҳор-ёз ойларида фермер ва деҳқон хўжаликларининг ҳисоб рақамларига ўтказиб берилди. Натижада айни кунларда пишиб етилган маҳсулотлар пешма-пеш йиғиб олиниб, ғамланмоқда.

Ўтган йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бевосита етиштирувчилардан харид қилиб, йил давомида уларнинг мақбул нархларда савдосини йўлга қўйишга қаратилган “Хизмат — беминнат” чакана савдо павильонлари ташкил этилган эди. Айни пайтда енгил конструкциялардан фойдаланган ҳолда, бунёд этилган 73 та шундай павильон республикамиздаги деҳқон бозорлари ҳамда аҳоли гавжум жойларда фаолият юритмоқда. Шахсий томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликларидан маҳсулотларни тўғридан-тўғри қабул қилиш учун эса республикамиз бўйича 100 та махсус пункт ташкил этилгани диққатга сазовор.

Бу каби саъй-ҳаракатлар халқимиз дастурхонининг сархил мевалар, сифатли ва арзон маҳсулотлар билан тўкин бўлиши, қиш-баҳор мавсумининг кўнгилдагидек ўтишига хизмат қилади, албатта.

Cаид РАҲМОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбирлари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019