«Ўзбекнефтгаз» томонидан талабалар учун стипендия жорий этилди

11:17 11 Июль 2020 Жамият
509 0

«Ўзбекнефтгаз» АЖ И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳар филиали талабалари учун «Бошқарув раисининг стипендияси»ни жорий этди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Стипендия «талабаларни рағбатлантириш ва мотивация қилиш, уларни билим олишга ва илмий-тадқиқот фаолиятга жалб қилиш ҳамда интеллектуал ва маънавий салоҳиятини ошириш мақсадида» жорий этилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раисининг стипендияси фуқаролик мансублигидан қатъий назар, ўқув, илмий ва ижтимоий фаолиятдаги муваффақиятли натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантиришга ҳисса қўшган кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар учун берилади.

Стипендия ҳар ўқув йили учун ҳар бир таълим йўналиши бўйича 3 тагача талабага, 1 сентябрдан бошлаб, 1 йил муддатга ҳар ойда тўланади.

Стипендия Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲEКМ)нинг 1 баробарида белгиланган бўлиб, учинчи курсдан бошлаб, бошқа стипендияларни олишидан қатъи назар, сўнгги икки сессияни «аъло» баҳоларга топширган талабаларга тўланади.

Шунингдек, стипендиатларга «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан Сертификат берилади ва ўқишни тамомлаганларидан сўнг нефть-газ тизими корхоналарига ишга жойлашишлари учун қўшимча имтиёзга эга бўладилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?