Ўзбеклар, ўзбекча гаплашайлик!

13:16 28 Октябр 2020 Жамият
107 0

Эсимда, 1989 йил 21 октябрь. «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинган кун! Бу йиллар давомида кутилган онлар эди!

Ўша куни биз учун катта байрам бўлди. Бир-бирларимизни кўзда ёш билан табриклагандик... Тасаввур қиляпсизми, собиқ иттифоқи тасарруфида туриб бундай журъат, албатта ҳаммани қувонтирган.

Орадан йиллар ўтди... 30 йилдан ортиқ вақт!

Шу давр ичида, ўзбек тили ривожланиш ўрнига бироз орқага кетгандай бўлди. Энди биз чет тилларни ўрганишга ружу қўя бошладик. Болаларимизни хорижий тилли мактабларга бердик. Натижада улар бошқа тильда фикрлаб, миясида ўзбекчага таржима қилиб гапирадиган бўлдилар. Шундай қилиб, фарзандларимизни қийнадик: ўзбекча гапирай деса, билмайди, аммо қони ўзбек, руҳи ўзбек!..

Айрим қатламларда ҳамон чет тилларига маҳлиёлик етакчилик қилмоқда. Гўё чет тилни билса, яхшироқ яшайдигандек. Тўғри, «Нечта тилни билсанг, шунча карра одамсан», деган гаплар ҳам бор. Аммо, она тилимиз бир дарахт бўлса, бошқа тиллар уларнинг шох ва барглари эмасми?!

...Шу фурсатда бир дугонамнинг афсус-надомати эсимга тушди: “Отасидан кейин ёлғиз қизимни мақталган рус мактабларидан бирида ўқитдим, кейин тил билсин, деб, Гёте номидаги немис тили мактабига бердим. Аъло баҳолар билан тугатди. Кейин Германияда ўқишни давом эттирди. Ёлғиз қолсам ҳам, моддий томондан қийналсам ҳам ёрдам қилдим, сабр қилдим. Кейин... У бу ерга қайтиб келмади. Бир келди ҳам, кўз ёшларимга чидолмай. Аммо туролмади, чунки у немис бўлиб бўлган эди. Дунёқараши, феъли, тутумлари... Мана, ёши қирқдан ошди, яхши олима, яхши ходим, бироқ, оиласи йўқ. «Нима кераги бор?» дейди, у ҳайрон бўлиб. Мен ҳам бу ёқда ҳайратдаман. Боламда айб йўқ, бу менинг хатоларим!”...

Хуллас, шунча йиллар давомида хатолар ва муаммоларга ботиб кетдик. Тилимизнинг бор тароватини, сеҳру жозибасини кўрсата олмадик. Энг ёмони, тилшунос, адабиётшунослар жим туриб бердилар. Натижада, кўча-кўйларимиздаги деярли барча ишхоналарнинг пештоқи чет элча номлар билан безанди... Иш юритиш қоғозлари ҳамон рус тилида...

Сўз мулкининг султони Ҳазрат Навоий даврида 120 000 дан ортиқ туркий сўз бўлган экан. Ҳозир-чи, 5 томлик «Ўзбек тилининг изоҳли лўғати»да жаъми бўлиб 81 000 та сўз бор. Уларнинг ҳам 30 000 таси рус ва чет тиллари орқали кириб қолган сўзлар. Сал кам 600 йил ичида бойлигимиз бўлмиш тилимиздаги сўзларнинг тенг яримини йўқотган бўлсак, 30 йил ичида 81 000 сўзимизнинг ярмини ҳам истеъмол қилмай қўйдик, яъни ишлатмаймиз.

Ҳайриятки, Ўзбекистон янгиланди, ғоялар ва мақсадлар янгиланди. Охирги уч йил ичида миллийликка қарашлар ўзгарди.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлишимиз ва Президентимизнинг у саммитларда сўзлаган нутқлари оламшумул муддао бўлди. Кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтишдан мақсад ҳам барча туркий халқлар бир-бирини таржимонсиз ёзадиган, ўқийдиган ва тушунадиган бўлиш эди.

Энди биз уни нафақат байрам қилишимиз, балки, миллатнинг қиёфаси бўлмиш тилимизнинг нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирларини кўришимиз, унинг софлиги ва умрбоқийлигига жиддий қайғуришимиз керак. Бу ҳар бир Ўзбекнинг, Ўзбекистонликнинг илмий, маданий, маънавий савияси ва инсоний ор-номусига ҳавола!

Фарида БЎТАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?