«Ўзбекконцерт» жузъий кадрларни тўғрилаш шарти билан эфирга узатишга тавсия берган клиплар рўйхатини маълум қилди

16:46 17 Июль 2018 Маданият
312 0

«Ўзбекконцерт»  давлат муассасаси қошидаги Қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш Бадиий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбекконцерт» ДМ матбуот хизмати «Халқ сўзи онлине»га маълум қилди.

Фото: Инстаграм

Бадиий кенгашда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Аҳмедованинг «Эрка десам», «Ниҳол» мукофоти совриндори Манзура Юлдашеванинг Озарбайжон тилида куйланган «Ман бир айри», хонанда Хуршид Расуловнинг «Ёшлигимга қайтгим келади», хонанда (Шаҳзода) Зилола Мусаеванинг «Жажжи қизалоқ» ҳамда хонанда Наврўз Собировнинг «Бу тупроқ» деб номланган қўшиқларига ишланган клиплари муҳокама этилиб, ушбу ижрочиларга клиплардаги баъзи жузъий кадрларни тўғрилаш шарти билан эфирга узатиш учун тавсия берилди.

Бундан ташқари, Хонанда Нодир Ниёзов томонидан ижро қилинган «Она» қўшиғи матни яхши ёзилгани эътироф этилиб, клипдаги тушунарсиз кадрларга эътироз билдирилди. Мазкур камчиликлар бартараф этилгандан сўнг, хонанданинг видеоклипи Бадиий Кенгашда қайта кўриб чиқиладиган бўлди.
Хонанда Элвира Юсупова («Кўк чой» гуруҳи) ижро этган «I love you, Bukhara» қўшиғига ишланган видеоклипдаги айрим жузъий камчилик яъни йигит томонидан қизни кўтариш рақси олиб ташлаш тавсия этилди. Хонанда томонидан жойида тўғриланганлиги учун рухсат берилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар