“Ўзбеккино” МА: “Жўжалар саналди”, аммо...

14:25 01 Ноябрь 2018 Жамият
640 0

Бугун Алишер Навоий номидаги кино саройида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги: 2 ойда — 10 та премьера” мавзуида Агентлик буюртмаси асосида суратга олинган ўн фильм трейлер ва тизерларининг матбуот ходимлари учун тақдимоти ҳамда фильмлар ижодкорлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Очиғи, бу шаклдаги анжуман дебют бўлгани боисми, тадбирда журналистдан кўра фильмлар ижодкорлари, актёрлар, кино соҳаси мутахассислари кўпчиликни ташкил қилди. Шунга қарамай, тадбир қизиқарли, қизғин савол-жавобларга бой, жонли тарзда кечди, фильмлар ҳақида батафсил маълумот берилиб, мулоҳазалар билдирилди. 

— Ўтган йил 3 август куни Президентимиз Ўзбекистон зиёлилари вакиллари билан учрашувда зиммамизга кино соҳасини янада тараққий топтириш, ўзимизнинг миллий кинофильмларни кўпайтириш, замонамиз қаҳрамонлари қиёфасини яратишдан ташқари, аждодларимиз ҳақида холис ва ҳаққоний ахборот бера оладиган тарихий бадиий-публицистик фильмларни суратга олишни йўлга қўйиш каби аниқ вазифаларни юклаган эди, — деди “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори ўринбосари Шуҳрат Ризаев журналистларга интервью бераркан. — Орадан кўп ўтмай, яъни 2017 йилнинг 7 август куни давлатимиз раҳбарининг “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, жорий йил 24 июль куни эса “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди. Президентимизнинг 2017 йил 7 августда имзоланган ПҚ-3176-сонли қарорида “Ўзбеккино” Миллий агентлигига аниқ топшириқлар берилиб, хусусан, давлат буюртмасига асосан миллий кино маҳсулотларини яратиш йиллик ишлаб чиқариш ҳажмлари прогноз кўрсаткичлари белгиланди. Унга кўра, 2018 йилда 20 та тўлиқ метражли бадиий фильм, 40 қисмдан иборат 20 та ҳужжатли, илмий-оммабоп, ўқув-услубий фильмлар, киносолномалар, киножурналлар, 15 та мультипликацион фильм ва ёш кино ижодкорларнинг 10 соатдан иборат қисқа метражли фильмларини, болалар учун юмористик киножурналларни ишлаб чиқариш ҳамда суратга олишимиз керак эди. Биз ҳозиргача ёш режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Исломхўжа” тарихий-публицистик бадиий фильмини, маҳоратли кинорежиссёр Ҳилол Насимовнинг ватанпарварликни тараннум этувчи “Ҳаёт” кинокартинасини томошабинлар ҳукмига ҳавола қилдик. Бугунги тақдимотни эса бизга Президентимиз томонидан белгилаб берилган мазкур юксак вазифа нечоғли уддалангани хусусида ўзига хос ҳисоботимиз, дейиш ҳам мумкин.

Тадбирда ёш ва умидли режиссёрлардан Сарвар Каримовнинг таниқли адиб Чингиз Айтматов асари асосида қирғизистонлик киноижодкорлар билан ҳамкорликда суратга олинган “Сарвиқомат дилбарим”, Умид Ҳамдамовнинг “Иссиқ нон”, Акбар Бектурдиевнинг “Тинчлик ортида”, Абдувоҳид Ғаниевнинг “Элпарвар”, Дониёр Шокировнинг “Шашмақом” (бадиий-публицистика жанрида), Илҳом Муҳаммадиброҳимовнинг “Парвоз” кинокартиналари билан бир қаторда, эл ардоғидаги кинорежиссёрлар Зулфиқор Мусоқовнинг Иккинчи жаҳон урушининг халқимиз тақдирида тутган ўрни ва уруш асоратларига бағишланган “Берлин — Оққўрғон” бадиий фильми, кинорежиссёр Нозим Аббосовнинг адиб Саид Аҳмад ҳамда унинг рафиқаси, шоира Саида Зуннунованинг чигал ва мураккаб ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи “Саид ва Саида” кинокартинаси, шунингдек, режиссёр Абдухалил Мингноровнинг бадиий-публицистика жанрида тайёрланган “Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий” фильмининг трейлер ҳамда тизерлари намойиши бўлиб ўтди.

Бир қарашда, ҳаммаси жойида, олам гулистон, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги зиммасига юкланган вазифани йил якунига етмасдан шараф билан уддалаб турибди (гарчи барча премьераларни қўшганда ҳам жорий йилга белгиланган прогноз кўрсаткичи тўлиқ бажарилмагани кўриниб турган бўлса-да). Аммо тақдимот жараёнида аён бўлишича, бу ўнта фильмнинг фақат биттаси мукаммал якунига етказилган, қолган тўққизта фильм ҳали ёки монтажда ёки овозлаштириш ва графика юмушларини бажариш жараёнида. Тўғри, балки олдинда турган икки ой мобайнида барча вазифа уддаланиб, кетма-кет премьералар гувоҳига айланармиз. Аммо ҳали тўлиқ охирига етказилмаган, айни пайтда ҳам меҳнат жараёни кетаётган фильмларни кўз-кўз қилишдан кўзланган муддао нима эди?! “Бизлар ишлаяпмиз, план вақтида бажарилади”, дейишми? Мабодо йил якунига қадар шу ўнта фильмнинг биронтаси чала қолиб кетса-ю, 1 январгача премьераси ўтказилмаса-чи? “Ўзбеккино” бугунги тақдимот билан қаноатланиб, “юқори”га берадиган ҳисоботида ўша фильмни ҳам кўрсатиб ўтиши учунми бугунги тақдимотдан кўзланган асл мақсад?

Жўжани кузда санаган яхши, бироқ “жўжа”лар ҳали “етилмаган” бир пайтда уларни “санаш”, тўйдан олдин ноғора чалиш кимга ва нима учун керак?!

Ҳасан ТОШХЎЖАЕВ, санъатшунос.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019