Ўзбекистон жаҳоннинг 50 та илғор мамлакати қаторига кириши учун амалий саъй-ҳаракатлар бошланди

15:44 04 Декабрь 2018 Сиёсат
818 0

Президентимизнинг 2018 йил 4 июлдаги қарори асосида давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари тузилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида ҳам шундай кенгаш жадал фаолиятга киришди.

Кенгаш раиси, Мирзо Улуғбек халқаро фонди раҳбари Оқил Салимов бошқарган йиғилишларда тизим фаолиятини янада юксалтириш, фуқароларга яқиндан кўмаклашиш, инновацион лойиҳаларни ҳаётга изчил татбиқ этиш ва бошқа муҳим йўналишлар кўриб чиқилмоқда. Шу маънода, вазирлик ўтган қисқа муддат ичида фуқароларимиз учун очиқ давлат органига айланди. Жумладан, вазирлик ўз фаолияти тўғрисида ОАВ, веб-сайтлар орқали муҳим маълумотлар олиш имкониятини яратиб берди. Қолаверса, “Илм-фан ва инновацион ривожланиш” ҳамда “XXI asr texnologiyalari” журналлари чоп этилиб, уларда тизим фаолиятига доир энг долзарб ва қизиқарли маълумотлар тақдим этиб бориляпти.

Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси, уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”, 2030 йилгача инновацион ривожланишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. Шу асосда ҳар уч йилда бир маротаба Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови ўтказилади. Шунингдек, ёшларнинг илм-фанга қизиқишини ошириш, улар фаолиятини рағбатлантириш мақсадида ижтимоий-гуманитар, табиий ва техник, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги фан йўналишлари бўйича “Ёш олим” республика танловини ўтказиш йўлга қўйилди.

Инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш, жорий этиш ҳамда уларни янада ривожлантиришни таъминловчи норматив-ҳуқуқий базани яратиш мақсадида вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Фан тўғрисида”ги, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тақдим этилди.

Шу ўринда муҳим бир маълумотни келтириб ўтиш лозим. Яъни 2018 йил биринчи чорагида “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳасига www.regulation.gov.uz порталида фуқаролар томонидан жуда катта қизиқиш билдирилди. Ушбу қонун лойиҳаси 2 210 та изоҳ киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси сифатида етакчилик қилди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ақлли шаҳар” концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси асосида “Ақлли транспорт”, “Электрон милиция”, “Электрон таълим”, “Электрон соғлиқни сақлаш тизими”, “Ақлли энергетика”, “Сув таъминоти”, “Ақлли уй-жой ва коммунал хўжалиги” каби мезонларни ўз ичига олган “Ақлли шаҳар” концепцияси тайёрланди.

Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ҳозирги кунга қадар 21 нафар ёш олимнинг чет элга илмий стажировкалари ташкиллаштирилди.

Бугунги кунда вазирлик қошида “Инновацион ишланмаларни татбиқ этишнинг илмий-амалий маркази”, “Уруғчиликни ривожлантириш маркази”, “Яшнобод инновацион технопарки дирекцияси”, “Оролбўйи халқаро инновация маркази” ташкил этилган ва улар мамлакатимиз тараққиёти йўлида изчил ишларни амалга оширмоқда.

Инновацион тузилмада илмий ва инновацион лойиҳаларни тижоратлаштиришни қўллаб-қувватлаш учун бизнес-инкубаторга асос солинган. Ҳозирги пайтда технопаркда 7 нафар резидент фаолият юритиб, улар томонидан 245 та иш ўрни яратилди ҳамда 24,3 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилди.

Президентимизнинг “Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни амалий жорий қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах вилоятларида инновацион лойиҳалар-стартапларини ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва ўзлаштириш, натижаларини трансфер қилиш ҳамда тижоратлаштиришни амалга оширувчи инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар марказлари ташкил этиш устида ишлар олиб бориляпти.

Соғлиқни сақлаш тизимида касалликларни барвақт аниқлаш ва профилактика қилиш, ўз вақтида ва самарали даволаш имконини берувчи илғор технологияларни кенг жорий этиш мақсадида пойтахтимизда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида “Доктор Мақсудова” инновацион клиникаси очилди. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам худди шундай шифохона очилиши кутилмоқда.

Масалан, чангтутқич лойиҳаси Навоий кон-металлургия комбинати маблағлари ҳисобидан тижоратлаштирилиб, дастлабки икки босқичи якунига етди. Ўзбекистон ҳудудидаги сейсмик хавфни баҳолаш дастури Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан тижоратлаштирилди. Ўсимлик моддалари кимёси институти ва “Никофарм” МЧЖ ўртасида фармацевтика соҳасига оид “Фланорин” ва “Ферулен” субстанцияларини ишлаб чиқариш бўйича лицензия шартномаси имзоланиб, натижада айни пайтгача 440 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилганини мамнуният билан таъкидлаш лозим.

Аграр соҳага инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш, экинларнинг янги селекция навларини яратиш бўйича Халқаро уруғчилик федерацияси ва бошқа уруғчилик ассоциациялари билан алоқалар ўрнатилгани ҳам алоҳида эътиборга молик. Давлат-хусусий шериклиги “Қўқон кластер” ва “Қарши кластер” уруғчилик корхоналарини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳалари тайёрланди. Эндиликда Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида ҳам уруғчилик кластерларини ташкил қилиш бўйича амалий ишлар давом эттирилмоқда. Ушбу вазифаларни ҳаётга татбиқ қилиш учун ҳар бир кластерга 10 миллион АҚШ долларидан, жами 60 миллион доллар ажратилган. Туркиянинг “Агробест” ва Япониянинг “Musashino Seed Co., Ltd.” компаниялари билан ҳамкорликда ypyғчилик кластерларини тузишга келишилгани айни муддао бўлмоқда.

Давлат илмий-техника дастурлари доирасида жорий йилда жами 1 748 лойиҳа 193,4 миллиард сўм миқдорида молиялаштирилиб, ушбу лойиҳалар устидан доимий мониторинг ўрнатилган.

Мамлакатимизда робототехника соҳасини ривожлантириш борасида манфаатдор идоралар билан тегишли чора-тадбирлар режаси тайёрланган. Жумладан, Мирзо Улуғбек халқаро фонди билан биргаликда вазирлик тасарруфида робототехникани ривожлантириш учун Инновацион марказ ташкил қилиш ва унга етук мутахассисларни, қобилиятли ёшларни жалб этиш назарда тутилган. Бундан буён робототехника яратадиган мутахассисларни рағбатлантириш мақсадида 2 миллиондан 6 миллион сўмгача миқдорда мукофотлар билан тақдирланадиган доимий танлов ўтказилади.

Президентимизнинг шу йил 21 сентябрдаги “2019 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида юртимизнинг 2030 йилга бориб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига киришига эришиш мўлжалланган. Ишонамизки, ушбу муҳим вазифалар ижросини таъминлаш ана шу маррани забт этишга хизмат қилади.
Сойибжон НЕГМАТОВ,
ЎзРФА академиги, Ислом Каримов номидаги ТДТУ
«Фан ва тараққиёт» ДУК илмий раҳбари.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019