Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати минтақа фаровонлигининг ошишига хизмат қилмоқда — ҳинд экспертлари

15:52 31 Август 2020 Сиёсат
213 0

Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Ҳиндистоннинг “Tillotoma Foundation” илмий тадбирлар ташкил этишга ихтисослаштирилган ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган «Янги Ўзбекистон ривожланиш стратегияси» мавзусида вебинар ўтказилди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.

Тадбирда “Tillotoma Foundation” ташкилоти директори Сохам Дас, “Vivekananda International Foundation” аналитик марказининг Марказий Осиё масалалари бўйича эксперти Правеш Гупта, Ҳиндистон саноат конфедерацияси ҳудудий департаменти директори Маниш Мохан, Жавахарлаъл Неру университетининг Россия ва Марказий Осиё давлатларини ўрганиш дастури раҳбари Санжай Пандей, Шарда университетининг халқаро алоқалар бўйича вице-президенти Ашок Даряни ҳамда Ўзбекистон Миллий университетининг илмий тадқиқотчиси Жаннат Раҳимова ўз маърузалари билан иштирок этди.

Вебинар аввалида дипломатик ваколатхона раҳбари Ўзбекистон Республикасининг мустақилликка эришиш тарихи, мустақил ривожланиш йўли ва сўнгги йилларда мамлакатда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, пандемия шароитида республика иқтисодий салоҳиятини ошириш ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ахборот берди. Шунингдек, тадбир иштирокчиларига мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари ҳамда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.

“Tillotoma Foundation” ташкилотининг директори Сохам Дас ўз маърузасида республикамиз мустақиллигининг дастлабки кунлариданоқ Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида яқин ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилгани, икки мамлакат ҳудудида биринчилардан бўлиб дипломатик ваколатхоналар очилгани ва юқори даражали ўзаро ташрифлар йўлга қўйилганлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, маърузачи ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган ҳолда, бугунги кунда икки томонлама алоқаларнинг барча йўналишларида, жумладан фармацевтика, таълим, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, туризм, муқобил энергетика, ядро энергияси, илм фан ва бошқа кўплаб соҳаларда ўзаро манфаатли муносабатларнинг ривожланиб бораётганини қайд этди.

С.Дас бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар натижасида Ўзбекистон хорижий давлатлар, жумладан Ҳиндистон инвесторлари учун ҳам истиқболли манзилга айлангани ҳамда чет эл сармоялари ҳажмининг ўсиши аҳоли фаровонлигининг янада ошишига хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ҳиндистоннинг йирик тадқиқот марказларидан бири “Vivekananda International Foundation” Марказий Осиё масалалари бўйича мутахассиси Правеш Гупта ўз маърузасида Ўзбекистон минтақавий ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари хусусида сўз юритди. Экспертга фикрига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбарияти томонидан илгари сурилган қатор долзарб ташаббуслар ва амалий қадамлар, хусусан олий даражадаги ўнлаб учрашувлар минтақада ўзаро ишонч ва дўстона муҳитни шакллантирди. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин натижаси ўлароқ, 2018 йил март ойида Нурсултон шаҳрида ва 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари бўлиб ўтказилганлиги алоҳида таъкидланди. Тошкент учрашувининг ўзига хослиги шундан иборат бўлдики, тадбирда минтақанинг барча давлатлари раҳбарлари иштирок этди.

П.Гупта Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистон йўналишидаги ташқи сиёсатини ижобий баҳолаб, сўнгги 3 йил давомида ўзаро муносабатларнинг ҳар томонлама ривожланганлиги, Ўзбекистоннинг «афғон муаммоси»ни ҳал этишга қаратилган барча халқаро платформалардаги фаол иштирокини алоҳида таъкидлади. «2018 йил март ойида ўтказилган Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси ушбу мамлакатда тинчликка эришиш йўлида қўйилган муҳим урилиш ясади», - дея таъкидлади ҳинд таҳлилчиси.

П.Гупта чиқиши якунида Ўзбекистон раҳбарияти томонидан Марказий Осиё мамлакатлари билан барча соҳаларда ўзаро дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатишга йўналтирилган ташқи сиёсат минтақа иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва барча халқлар фаровонлигини таъминлашини қайд этди.

Шарда университетининг халқаро алоқалар бўйича вице-президенти Ашок Даряни мамлакатимизда фаолият юритаётган олий ўқув юртининг вакили сифатида Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Республикада олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар қаторида таълим соҳасидаги ўзгаришларга тўхталиб, Андижонда Шарда университети филиалининг очилиш жараёнида мамлакатимиз ҳукумати томонидан кўрсатилган ҳар томонлама амалий кўмак, илиқ ва самимий муносабат ҳамда хорижий инвесторлар фаолиятига нисбатан жойлардаги хайрихоҳлик ҳақида ўз фикрларини билдирди.

—Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифидан сўнг қисқа муддатларда Шарда университетининг хориждаги илк филиали Андижон шаҳрида ўз фаолиятини бошлади,—деди А.Даряни. — Бу биз учун улкан ютуқ бўлиш билан бир қаторда республикадаги мавжуд шарт-шароитларнинг амалдаги исботи ҳисобланади. Фурсатдан фойдаланиб, университет филиалини ташкил қилишда кўрсатилган ҳар томонлама кўмак учун Ўзбекистон Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевга яна бир бор самимий миннатдорлик билдираман.

Шарда университети вакилининг таъкидлашича, Ўзбекистонда хорижий инвесторларга яратилаётган шароит, қулай тадбиркорлик муҳити ва фуқароларнинг юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ижобий муносабати чет эллик ҳамкорларда республикада фаолият юритишнинг мутлақо хавфсизлиги ва давлат томонидан ҳимояланганлигига ишончини орттиради. Уларни янада кўпроқ соҳаларга сармоя киритишга ундайди. Хусусан, А.Даряни Шарда университети маъмуриятининг яқин истиқболда Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истагида эканини маълум қилди. Бу борада “Sharda Hospital” кўп тармоқли университет клиникаси иштирокида республикамиздаги тиббиёт олий ўқув юртларидан бирининг негизида тегишли клиникани ишга тушириш истиқболли лойиҳалардан бири ҳисобланади.

А.Даряни ўз маърузаси якунида Ҳиндистон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги ўзаро яқинлик ва муштараклик, умумий тарихий-маданий ришталарнинг мавжудлиги икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини келгусида янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишига тўла ишонч билдирди.

Ҳиндистон саноат конфедерацияси ҳудудий департаменти директори Маниш Мохан Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-маърифий ва ижтимоий соҳаларда «Буюк Ипак йўли» ва ҳатто ундан аввалги даврлардан буён яқин ҳамкорлик ўрнатилгани, ушбу муносабатлар республика мустақилликка эришганидан сўнг ва айниқса, сўнгги йилларда юқори даражада кенгайиб бораётганини қайд этди.

М.Мохан фикрича, Ўзбекистонда сўнгги йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва улар учун яратилаётган шароитлар натижасида мамлакат маҳсулотларининг хорижий давлатлар, хусусан ҳинд бозоридаги улуши анча ошган. Бундан ташқари, соҳадаги сўнгги ўзгаришлар натижасида Ўзбекистон 2019 йилда тадбиркорлик муҳитини яратиш борасида юқори натижаларга эришган илғор 20 та давлат рўйхатидан жой олган бўлса, 2020 йилда “Doing Business 2020” рейтингида 76-поғонадан 69-ўрингга кўтарилди. Ҳиндистон саноат конфедерацияси вакилининг қайд этишича, мамлакатда ушбу йўналишда жуда тўғри ва чуқур ўйланган дастур асосида тизимли ишлар олиб борилаётганини англатади.

Шунингдек, М.Мохан Ўзбекистонда минерал ресурслардан фойдаланиш, янги инфратузилма ва телекоммуникация тармоқларини яратиш, меҳмонхоналар ва сайёҳлик манзилларини барпо этиш, энергетика, олтин қазиб олиш, заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳаларида қўшма корхоналар очиш, рангли металлургия, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларидаги имкониятлар, чарм ва чарм буюмлари, пахта толасини қайта ишлаш, ипак маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотларини консервалаш ва қадоқлаш, гибрид уруғларни ривожлантириш ҳамда кичик ва ўрта тадбиркорлик корхоналари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш учун улкан имкониятлар мавжудлигини алоҳида таъкидлади.

Ҳиндистонда қайта тикланадиган энергия тармоғи, хусусан қуёш ва шамол энергияларидан фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишларни эътиборга олиб, М.Мохан Ҳиндистон саноат конфедерацияси ушбу йўналишларда ўзбекистонлик тадбиркорлар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатишга тайёрлигини билдирди.

У нутқининг якунида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида инвестиция соҳасида кенг кўламли ҳамкорлик имкониятларининг мавжудлиги ҳамда савдо-сотиқни фаоллаштириш механизмини яратиш зарурлигини таъкидлаб, бу борада самарали келишувларга эришиш учун ҳар икки мамлакат тадбиркорларини яқиндан ҳамкорликда ишлашга чорлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?