Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси фуқароларимиз ҳуқуқларини қай даражада ҳимоя қилмоқда?

12:10 13 Август 2019 Жамият
160 0

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ислоҳотлар шарофати билан Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик янги даражага кўтарилди, сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий муносабатлар фаоллашди. Қўшма корхоналар қурилаётир, минглаб ўзбекистонликлар Россияда ўқимоқда ва ишлаяпти, ушбу мамлакатга туристлар ҳамда меҳмонлар сифатида ташриф буюришмоқда.

Бу ўз навбатида РФ ҳудудида Ўзбекистон юридик ва жисмоний шахслари қонуний ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кучайтирилган ишларни амалга оширишни тақозо этади. Ушбу вазифа мамлакатимиз Элчихонаси, Марказий федераль округни назорат қилувчи Консуллик бўлими зиммасига юкланган. Консуллик бўлими Москва шаҳри, Белгород, Брянск, Владимир, Воронеж, Иваново, Калуга, Кострома, Курск, Липецк, Москва, Орлов, Рязань, Смоленск, Тамбов, Тверь, Тульск ва Ярославль областларидан иборат 18 та ҳудудни қамраб олган.

Элчихона ҳамюртларимиз қандайдир муаммолар ёки фавқулодда вазиятлар пайдо бўлган вазиятларда мурожаат этадиган асосий идора(инстанция)дир. Айни чоғда дипмиссия ҳам ватандошларимизга ёрдам бериш, РФ ҳудудида уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур кўмакни кўрсатишга доим тайёр, деб хабар берди “Дунё” АА.

Дипломатлар томонидан мазкур йўналишда қандай катта ҳажмдаги ишлар бажарилаётганини қуйидаги рақамлар ҳам тасдиқлайди. Масалан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида дипмиссия томонидан мамлакатимизнинг 27 мингдан зиёд фуқароси қабул қилинди. Фуқаролик масалалари юзасидан 1 минг 323 та ариза рўйхатга олинди, Россия ва Арманистон ҳудудида бўлган ўзбекистонликларга 463 та паспорт берилди. Ватандошларимизга йўқолган, муддати ўтган ёки шикаст етган паспортлар ўрнига янгисини бериш тўғрисида 7 минг 303 та сертификат расмийлаштирилди. Қарийб 800 нафар фуқаро вақтинчалик ёки доимий консуллик ҳисобига қўйилди.

Ҳозирги кунда Консуллик бўлими ҳар куни 300 нафаргача ташриф буюрувчиларни қабул қилаётир. Объектив сабабларга кўра, фуқароларга хизмат кўрсатишда муайян қийинчиликлар ҳам пайдо бўляпти. Хусусан, аризачилар оқимининг ўсиши ва консулларда айрим ҳолларда иш юкламасининг кўпайиб кетиши дипломатик миссия яқинида навбатлар ҳосил бўлишига олиб келмоқда. Бинобарин, қабул қилинган аризачилар ҳам кутиш ва хизмат кўрсатиш майдонларини кенгайтириш, бинонинг ташқи кўринишини яхшилаш кераклиги ҳақида куюниб гапиришди.

Дипмиссия мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Жумладан, қабул учун электрон қайд қилиш тизими жорий этилди. Бу консулнинг олдига кириш рухсатномасини олиш учун навбатда туришнинг олдини оляпти. Бинода хизматларга тўлов қилиш учун терминал постлари ўрнатилган. Телефон ва бошқа хизматлар тўловлари ҳамда пулни нақдлаштириб олиш имкониятини тақдим этиш мақсадида банкоматларни қўйиш ҳам режалаштириляпти. Консуллик хизматларини кенг миқёсда кўрсатиш учун жорий йилда иншоотни капитал таъмирдан чиқариш ва консуллик бўлими заллари майдонини кенгайтириш мўлжалланмоқда. 

Шулар қаторида консуллик фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этишга алоҳида аҳамият қаратиляпти. Чунончи, оммавий мессенжерларда айрим масалалар юзасидан каналлар очилган. Бу, масалан, Ватанга қайтиш сертификати ёки фуқаролик масалалари кўриб чиқилишининг ҳолати ва тайёрлиги ҳақида маълумотни тезкор олиш имконини бермоқда. Элчихонанинг расмий сайтида консуллик-ҳуқуқий масалалар бўйича доимий янгиланиб турувчи материаллар жойлаштириб борилмоқда. Сўнгги пайтларда Элчихонанинг Facebook ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифаси ахборот олишнинг муҳим манбаига айланди. У ерда мавзус бўйича янгиликлар мунтазам бериб бориляпти, изоҳларда эса обуначиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилмоқда.

2019 йил 1 июлидан бошлаб Элчихонанинг Консуллик бўлими базасида етти каналли Call-centеr фойдаланишга топширилди. У Ўзбекистон фуқароларига автоматик режимда ўзбек ва рус тилларида(манзиллар, иш тартиби, Россия ҳудудлари бўйлаб консуллик муассасалари тақсимоти, хизматлар ва ҳар бир хизмат учун талаб этиладиган ҳужжатлар ҳақидаги) зарур маълумотларни олиш имконини беряпти. У ёки бу масала бўйича аниқлик киритиш учун оператор билан боғланиш имконияти ҳам яратилган. Автожавоб қайтаргич қўнғироқ қилаётган шахсга маълумот олиш учун ҳаракатлар алгоритмини тушунтиради ёки оператор билан улайди, шунингдек, операторлар яқин вақт ичида жавоб қайтариши мумкинлигини хабар қилиб, аризачи кутиш бўйича қайси навбатда турганини билдиради. 

Юртдошларимизга фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича ҳам ҳуқуқий кўмак мунтазам кўрсатилмоқда. Дипломатлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш бўйича турли инстанция судлари суд мажлисларида бир неча бор иштирок этишгани ҳамда иш адолатли кўриб чиқилишига эришганлари бунга мисолдир.

Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошириб келаётган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш ҳам доимий диққат марказида турибди. Дипломатлар саъй-ҳаракатлари шарофати билан ўнлаб ҳамюртларимиз ўзларининг қонуний иш ҳақларини олиш, паспортларини қайтариш, ишга жойлашиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш имкониятига эга бўлдилар. Бу ерда ишлаётган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқларини амалда таъминлаш мақсадида Москва Кўпфункцияли миграция маркази билан самарали мулоқот йўлга қўйилган.

Бинобарин, 2017 йил 5 апрелда Ўзбекистон ҳамда Россия ҳукуматлари Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий асосда қабул қилиш ва жалб этиш тўғрисидаги Битимни имзолади. Жорий йил май ойида Элчихона вакиллари ушбу келишувни амалга ошириш бўйича Ишчи гуруҳининг Красноярскда бўлиб ўтган йиғилишида қатнашдилар. Иштирокчилар ташкилий асосда қабул қилиш технологияси самарадорлигини эътироф этишди. Зотан, бу меҳнат миграциясини тартибга солиш, иш берувчиларга меҳнат муҳожирларини бўш иш ўринларига қонуний асосда жалб қилиш, чет эллик ишчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш имконини бермоқда.

Ўзбекистоннинг Владивосток, Екатеринбург, Ростов-на-Дону, Қозон, Новосибирск ва Санкт Петербургда фаолият юритаётган Бош консулхоналари билан ҳам тизимли ўзаро алоқалар йўлга қўйилган.

Россия Федерациясида бўлиб турган хориж давлатлари фуқаролари, шунингдек, Москвада аккредитациядан ўтган чет эли дипломатик миссиялари ва халқаро ташкилотлар ходимлари Ўзбекистонга визани Элчихонанинг Консуллик бўлими орқали олишини шу ўринда эслатиб ўтсак. Кези келганда айтиш жоиз, визаларга аризалар сони сезиларли равишда қисқартирилди ва мос равишда Консуллик бўлимида навбатларнинг муайян камайтирилишига эришилди. Ўзбекистон Республикаси раҳбариятининг қатор давлатлар учун визасиз режим ва электрон кириш визалари(E-visa)ни бериш тизимини жорий этишга оид қарори бунга хизмат қилди. Таъкидлаш жоиз, E-visa’ни олиш жараёни консул билан суҳбат қилиш ёки бошқа бюрократик процедураларни кўзда тутмайди. Расмийлаштиришнинг тезкор тартиб-таомили бу каби визаларнинг яна бир афзал жиҳати ҳисобланади. 

Шулар билан бир қаторда жойларда Ўзбекистон фуқароларига консуллик хизматларини кўрсатиш учун Россия минтақаларига мунтазам ташриф буюриш амалиёти йўлга қўйилган. Биргина жорий йилнинг январь-июнь ойларида дипломатларимиз Астрахань, Владимир, Владивосток, Иваново, Қозон, Калининград, Хабаровск, Чита ва Якутск шаҳарларига бориб, ўзбек диаспораси фаоллари билан сайёр қабуллар ҳамда учрашувлар ўтказишди. Умуман олганда, бу каби учрашувларда Россия ҳудудларида бўлиб турган 4 мингдан зиёд талабалар ва меҳант муҳожирлари қатнашди. Тадбирларда консуллик-ҳуқуқий масалалар, жумладан, Ватанга қайтиш, консуллик ҳисобида туриш, паспорт алмаштириш ва бошқа ҳаракатлар бўйича батафсил маслаҳатлар бериляпти.

Дипломатлар Москва ва Россия Федерациясининг бошқа ҳудулларидаги хорижлик фуқароларни вақтинча ушлаб туриш марказларига ҳам доимий асосда ташриф буюришиб, муассаса раҳбарияти, қолаверса, у ердаги ўзбекистонликлар билан учрашмоқда, уларнинг яшаш шароитлари билан танишишмоқда, зарур консуллик-ҳуқуқий ва консультация ёрдамларини кўрсатишяпти.

Умуман олганда, статистика бу шунчаки рақамлар эмас, уларнинг ортида инсон тақдири ётади. Ўзбекистон Элчихонаси буни яхши тушунади ва мурожаат қилаётган барча инсонларга қўлидан келганча максимал ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Айни чоғда фуқароларга хизмат кўрсатиш бўйича мавжуд камчиликларни ҳал этиш бўйича ишлар олиб бориляпти, ватандошларимиз учун қулай шароитлар яратиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнларини тезлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар қабул қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, дипломатик миссия юртдошларимизни ўзлари бўлиб турган мамлакат қонунчилигига риоя этишга чақиради ва фавқулодда вазият юзага келганда, зудлик билан яқин орадаги дипломатик ваколатхонага мурожаат этишларини сўрайди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019