Ўзбекистоннинг Покистондаги «Зиёрат туризми» элчиси тайинланди

21:28 19 Октябр 2020 Дунё
219 0

Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Равалпинди шаҳрида Покистондаги Нақшбандия тариқати етакчиси Пир Муҳаммад Нақиб ур-Раҳмоннинг ўғли - Пир Муҳаммад Хасиб ур-Раҳмонга Ўзбекистоннинг «Зиёрат туризми» элчиси гувоҳномасини топширдилар, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Маросим 500 дан ортиқ Нақшбандия таълимоти издошлари иштирокида бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг Покистондаги «Зиёрат туризми»нинг янги элчиси Ўзбекистон раҳбарияти томонидан республикада буюк ислом меросини асраб-авайлаш, маърифий исломни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни юксак баҳолади. Шунингдек, Покистонда «Зиёрат туризми»ни тарғиб қилиш каби хайрли ишларда унга билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдирди. У бундай шарафли вазифани бажариш учун барча имкониятларини сафарбар этишини таъкидлади.

«Зиёрат туризми» элчиси жорий йил баҳорида Ўзбекистонга ташрифи юқори даражада ташкил этилганини мамнунлик билан эслади. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шу жумладан, мамлакатнинг туризм соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар ўз самарасини бераётганини қайд этди. Ўзбекистон ислом олами учун диний таълим, маърифий ислом ва унинг умуминсоний қадриятларини тарғиб қилиш соҳасида изчил ўзгаришларни муваффақиятли амалга оширмоқда, деган фикр билдирди.

Пир Муҳаммад Хасиб ур-Раҳмонга кўра, Ўзбекистонга «Зиёрат туризми»нинг ўзига хослиги шундаки, зиёратчиларга нафақат Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва бошқа тарихий шаҳарлар билан танишиш, балки буюк Имом Бухорий, Боҳоуддин Нақшбандий, Муҳаммад Хоразмий каби мутафаккир ва алломалар меросини ўрганиш имконияти ҳам тақдим этилади.

«Зиёрат туризми» элчиси Покистондан зиёратчиларни «Умра плюс» махсус дастури бўйича Ўзбекистонга юбориш истагини билдирди.

Тадбир Покистон оммавий ахборот воситалари, жумладан «Daily Jang», «Ahsas News», «Haq News», «Jahon Pakistan», «Daily Nai Baat», «Daily Osaf», «Daily Sama», «Daily Islam» ахборот агентликлари ва нашрларида ҳамда «PTV» марказий телеканалида кенг ёритилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?