Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси: “Ўзбекистон неъматларига Жанубий Осиё бозорларида талаб юқори”

14:02 30 Июль 2019 Иқтисодиёт
228 0

Мамлакатимизнинг фаол ташқи сиёсати туфайли Ўзбекистон барча давлатлар билан ўзаро манфаатли ва дўстона алоқаларни йўлга қўймоқда. Жумладан, мазкур жараёнда Ўзбекистон — Покистон муносабатлари, айниқса, иқтисодий йўналишда янги суръат билан ривожланаётганини кўришимиз мумкин. Ўзбекистон Республикасининг Покистон Ислом Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси

Фурқат СИДИҚОВ ана шундай мустаҳкам ҳамкорлик ҳамда алоқаларимизнинг истиқболлари ҳақида мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

— Кейинги йилларда давлатимиз томонидан ташқи иқтисодий фаолият учун барча зарур имконият ва захиралар яратиляпти. Натижада Покистондаги салоҳиятли импортчилар билан кўп қиррали ва узоқ муддатли муносабатларнинг янги даври бошланди, десак, муболаға бўлмайди. Мисол учун, 2018 йилдан икки мамлакат ўртасида фаол бизнес алоқаларининг янада кенгайиши ва ўзаро манфаатли тижорий операциялар салмоғи ортиши босқичи кузатилмоқда.

Ўтган йили Покистонга мамлакатимиз экспорти ҳажми 220 фоиз ўсиб, 32,4 млн. АҚШ долларини ташкил этгани бунинг тасдиғидир. Ваҳолонки, мазкур кўрсаткич 2017 йилда 10 млн. АҚШ долларига тенг бўлган, холос. Ўз навбатида, 2018 йилда Покистон билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ҳам 190 фоиз ўсиб, 98,4 млн. АҚШ долларига етганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Юртимизда кейинги икки-уч йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида кластерлар ташкил қилишга алоҳида киришилганидан барчамиз яхши хабардормиз. Бундай эзгу ташаббус фермер хўжаликлари фаолиятининг кучайишига туртки бериши баробарида, юқори сифатли мева-сабзавот маҳсулотларини катта миқдорда экспорт қилишга имконият яратяпти. Масалан, Покистон бозорларида Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотларга талаб тобора ортмоқда. Бунинг натижасида 2018 йилда ушбу мамлакатга 22,2 млн. АҚШ долларилик, яъни 30 минг тонна мева-сабзавот сотилди. Қолаверса, Покистон мамлакатимиздан мева-сабзавот маҳсулотларини импорт қилувчи йирик давлатлар ўнталиги (7-ўрин)дан жой олди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини янада кенгайтириш мақсадида 2018-2019 йилларда юртимизда Покистон иштирокида 20 дан ортиқ савдо компаниялари ва агрофирмалар ташкил қилинди. Ҳозир улар Ўзбекистон мева-сабзавотларини Жанубий Осиё мамлакатларига етказиш, шунингдек, Покистоннинг Карачи порти орқали Форс кўрфазига олиб чиқиш билан шуғулланмоқда.

Жорий йилнинг беш ойи якунларига кўра, Ўзбекистон ва Покистон савдо айланмасида экспорт ҳажми 363 фоиз ўсиши ҳамда импортнинг 45 фоиз қисқариши кузатилди. Чунончи, жорий йил январь — май ойларида экспорт 25 млн. АҚШ долларини (2018 йилда — 9,8 миллион доллар) ва импорт 14 миллион АҚШ доллари (2018 йилда — 37 млн. доллар)ни ташкил қилгани эътиборга молик.

2019 йилда ҳам мамлакатимизнинг Покистонга асосий экспорт номенклатураси мева-сабзавот товарлари бўлиб турибди. Шу йилнинг январ — май ойларида Ўзбекистондан Покистонга 17 минг тонна, яъни 19,7 млн. АҚШ доллари қийматида шундай маҳсулотлар экспорт қилинди. Мош, нўхат, ловия каби дуккакли маҳсулотлар ҳамда гилос, олма, ўрик каби ҳўл ва қуритилган мевалар, қулупнай, қалампир, помидор, қовун сингари сабзавоту полиз неъматлари Покистон бозорларида энг харидоргир бўлмоқда.

Бундан ташқари, ушбу мамлакатнинг истеъмол бозори Ўзбекистонда етиштирилган дуккакли маҳсулотларни олий сифат белгиси, деб қабул қилаётир ва заминимизда пишиб-етилган неъматлар Эрон, Канада, Мьянма ва Австралиядан келтириладиган шундай товарлар билан тўлиқ рақобатлашмоқда. Покистонлик истеъмолчиларнинг фикрига кўра, республикамиз мевалари бетакрор мазаси, турли дармондорилар, хусусан, темир моддасига бойлиги билан ажралиб туради.

Қисқача айтганда, бундан кейин ҳам заминимиз неъматларига нафақат Покистон, балки бутун Жанубий Осиё давлатлари бозорларида талаб юқори бўлади. Зеро, қуёш нурига тўйинган, бободеҳқонларимиз меҳри билан озиқланган сархил мева-сабзавотларимиз нафақат дастурхонларга ўзгача кўрк ва файзу барака бахш этади, балки инсон руҳиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ (“Халқ сўзи”) ёзиб олди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019