Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги саъй-ҳаракатларининг халқаро эътирофи

11:06 24 Май 2018 Сиёсат
371 0

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши яқинда Ўзбекистон Республикасининг Учинчи миллий маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича ўзининг икки юздан ортиқ тавсияларини берди.

Ўзбекистон делегацияси халқаро ҳамжамият эътиборига мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни яхшилаш, жумладан, ушбу йўналишдаги халқаро мажбуриятларини, яъни Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг аввалги тавсияларини бажариш доирасидаги саъй-ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотларни ҳавола этди. БМТ аъзолари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги саъй-ҳаракатлари ва муваффақиятларини, конституциявий, институционал ҳамда маъмурий ислоҳотларни ва -мамлакатнинг очиқлигини, конструктив мулоқотга тайёрлигини юқори баҳолади. 

Ўзбекистон делегацияси аъзолари БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Универсал даврий ҳисоботи доирасида Ўзбекистон Республикасининг Учинчи миллий маърузаси якунларига бағишланган брифингда бу хусусда атрофлича тўхталиб ўтишди.

Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори:

— Биз халқаро жамоатчиликка Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги қатъий ҳамда шиддатли қадамлари ҳақида маълумот тақдим қилдик. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, аксарият давлатлар вакиллари мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлардан хабардор экан. Учинчи миллий маъруза натижалари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга илк расмий ташрифи давомида икки марта, аввало, Миллий матбуот клубида, сўнг етакчи ақл маркази — “Atlantic Council” таҳлил марказида тақдим этилди. Жорий йилнинг июнь ойида ушбу ахборотни парламентга ҳам тақдим қиламиз. Чунки Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлари бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш Олий Мажлиснинг муҳим ваколатларидан бири сифатида белгилаб берилган. Дарвоқе, мазкур ташаббус БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва Пар-ламентлараро иттифоқ мажлисларида юқори баҳоланди.

Сессия якунида барча соҳада ислоҳотларни мана шу руҳда давом эттириш ҳамда -халқаро ташкилотлар билан янада фаол ҳамкорлик қилишга умид билдирилди.

Маҳмуд ИСТАМОВ,
адлия вазири ўринбосари:

— Айтиш керакки, охирги бир-бир ярим йил ичида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида улкан ишлар амалга оширилди. Биз халқаро ҳамжамиятга инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини етказа олдик. Давлат раҳбарида қатъий сиёсий хоҳиш-ирода бор, давлатимиз инсон ҳуқуқлари соҳасига эътиборни кучайтириш зарурлигини теран англайди. Кенгаш аъзоларининг мутлақ кўпчилиги юртимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида ижобий ўзгаришлар юз берганини қайд этишди. Мажлисда адлия органлари, ННТлар соҳасини либераллаштиришга оид қатор тавсиялар ўртага ташланди. Бу вақтга келиб, Ўзбекистон раҳбарининг мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан оширишга оид Фармони имзоланди. Биз дунё жамоатчилигини ННТларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш, тадбирларни келишиш бекор қилинганига оид қатор янгиликлар билан таништирдик. Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, уларнинг натижалари, жумладан, оқлов ҳукмлари сони ортаётгани ҳақида батафсил ахборот бердик. Ўзбекистон жорий йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг судьялар ҳамда адвокатура мустақиллигини таъминлаш бўйича махсус маърузачисини таклиф қилишни режалаштираяпти. Шу билан бирга, Ўзбекистон сўнгги бир ярим йилда 1,5 минг нафар кишини фуқароликка қабул қилди, болалар туғилишини рўйхатга олиш тўлиқ таъминланмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш ва унинг нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилишга ҳозирлик кўраётгани ҳақида ҳам батафсил -ахборот берилди.

Эркин ЮЛДАШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари:

— Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг замирида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган ҳаётбахш ғоя мужассам. Сессия ишида кўплаб мамлакатлар вакиллари Ўзбекистондаги ўзгаришларга катта қизиқиш билан қарагани, шубҳасиз, қувонарлидир. Президентнинг виртуал ҳамда Халқ қабулхоналари фаолиятига алоҳида урғу берилди. Бинобарин, ушбу янги ноёб механизмлар шарофати туфайли халқ билан бевосита -мулоқот ўрнатилди. Мазкур механизм ишга туширилганидан сўнг минглаб одамларнинг ҳуқуқлари тикланди, аҳоли билан мулоқотнинг самарали тизими йўлга қўйилди.

Сессия ишида одам савдоси, коррупцияга қарши курашиш, қийноқларнинг олдини олишга алоҳида урғу берилди. Биз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, жиноят қонунчилигини либераллаштириш ҳақида атрофлича маълумот бердик, муҳокамалар жараёнида “Обод қишлоқ” дастури тақдимоти ўтказилди.

Баҳром ОДИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари, ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи:

— Ўзбекистонда маҳбусларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларга шарт-шароит яратиш бўйича тизимли ишлар олиб борилаяпти. Қийноқларга барҳам бериш ҳамда уларга йўл қўймаслик бўйича катта кўламдаги ишлар амалга оширилаяпти. Бундан ташқари, биз бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мамлакат парламенти билан ҳамкорликда қамоқда сақлаш жойларида мониторинг олиб бораяпмиз. Комил ишонч билан айтишим керакки, Ўзбекистонда бундай ҳолатларга барҳам берилган. Модомики, шундай ҳолатлар ҳақида мурожаат бўлса, батафсил текширув ўтказамиз, қолаверса, прокурор назорати ҳам амалга оширилаяпти. Ҳозирги пайтда пенитенциар тизимларда 2,5 мингта кузатув камералари ўрнатилган. Бу ҳам шунга ўхшаш ва бошқа ҳолатларнинг олдини олишда айни муддао бўлаяпти.

Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси факультатив протоколини ратификация қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бундан ташқари, биз парламент омбудсмани билан ҳамкорликда Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олишга қаратилган мустақил превентив механизмни жорий этиш устида ишлаяпмиз. Энг муҳими, биз сессия иштирокчилари эътиборига шуни етказдикки, Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида қамоқхонадаги маҳбуслар сони икки ярим баравар камайди. Ўзбекистон МДҲда бу борада энг паст кўрсаткичга эга давлат саналади.

Дилмурод ҚОСИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили:

— Сессия иштирокчилари Ўзбекистонда хусусий мулк ҳуқуқи муҳофазаси, рақобат муҳитини яратиш, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларини эътироф этишди. Хитой, Япония, КХДР, Лаос, Португалия, Эрон, Ҳиндистон делегацияси вакиллари мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, бизнес-омбудсман институти орқали тадбиркорлар учун имкониятларни кенгайтириш ҳамда уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни ижобий баҳолашди. Хитой, Озарбайжон, Беларусь вакиллари эса тадбиркорлар учун рўйхатга олиш тартиб-таомиллари соддалаштирилгани Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорлигини чуқурлаштириш учун қулай шароит яратишини қайд этишди.

Хелена ФРЕЙЗЕР,
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили:

— Охирги пайтларда Ўзбекистонда тарихий қарорлар қабул қилинди. Женевада Ўзбекистонга билдирилган тавсиялар инсон ҳуқуқларини, жумладан, аёллар, болалар ва меҳнаткашлар ҳуқуқларини муҳофаза этишнинг барча жабҳасини қамраб олган. Женева сессияси Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги кенг нишонланаётган бир вақтда ўтди. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кафолатларини кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни ўз ичига олган махсус Тадбирлар дастури қабул қилинди. Биз ўтган йили октябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид тавсияларини амалга ошириш “йўл харитаси”ни ишлаб чиқдик. Парламент палаталари Кенгашларининг қўшма қарори билан тасдиқланган мазкур ҳужжат Ўзбекистон ўз мажбуриятларини бажаришга қатъий аҳд қилганидан далолат беради. Ўз навбатида, БМТ Тараққиёт дастури бу борада ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрлигини айтиб ўтишни истардим.

Брифинг доирасида БМТ Тараққиёт дастури ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасида Ўзбекистонда БМТ Низоми ҳамда шартномавий органлари тавсияларини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳа имзоланди.

Қобил ХИДИРОВ 
ёзиб олди.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар