Ўзбекистоннинг энг моҳир мерганлари халқаро мусобақада иштирок этиш учун Қирғизистонга жўнаб кетди

16:30 26 Июль 2018 Спорт
438 0
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Жорий йилнинг апрель — сентябрь ойига қадар МДҲга аъзо давлатлар дўстона армиялари доирасида ҳарбий-амалий спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилмоқда.

Ушбу нуфузли мусобақалар ҳарбий-амалий спортнинг 7 та турини ўз ичига олган бўлиб, “Армия қўл жанги”, “Командирлик стартлари”, “Спорт ориентирланиши”, “Тоғ уч кураши”, “Кўп кураш ҳарбий спорт комплекси”, “Офицерлар уч кураши” ва “ПМ-3 ва АК-3 машқларида штатдаги ёки штатга илова қилинган жадвалдаги қуроллардан отиш” каби баҳслар бўйича ўтказилмоқда.

Ўзбекистонлик ҳарбийлар 16-20 апрель кунлари Россиянинг ЦСКА (Марказий ҳарбий спорт клуби)нинг “Игровой” универсал спорт мажмуасида ўтказилган “Командирлик стартлари”, 26-29 июнь кунлари Белорусь Республикаси пойтахти Минскда ҳарбий-амалий спортнинг “Кўп кураш ҳарбий спорт комплекси” тури бўйича бўлиб ўтган халқаро мусобақаларда фахрли иккинчи ўринларни қўлга киритган эди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати томонидан “Халқ сўзи online”га маълум қилишларича, Мудофаа вазирлиги Спорт клуби бошлиғи подполковник Мансур Мамадаминов бошчилигидаги ҳарбий спортчилар 28-31 июль кунлари Қирғизистон Республикаси Балиқчи шаҳрида бўлиб ўтадиган ҳарбий-амалий спортнинг “ПМ-3 ва АК-3 машқларида штатдаги ёки штатга илова қилинган жадвалдаги қуроллардан отиш” мусобақасида иштирок этиш учун мазкур мамлакатга жўнаб кетишди.

Ушбу мусобақада Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг энг кучли мерганлари ўзаро куч синашади.

Мусобақада майор Инвер Османов, катта лейтенант Наталья Долбилина, кичик сержантлар Роман Голошапов, Артём Чернишёв, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи оддий аскарлар Азизхон Муҳаммадраҳимов ва Яна Фатхи мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар