Ўзбекистоннинг энг кўп аҳолиси қайси вилоятга тўғри келади?

11:31 10 Июль 2018 Жамият
1218 0
Фото: tashrif.uz

Республика ҳудудлари кесимида таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2018 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистондаги энг кўп аҳоли сони Самарқанд вилояти ҳудудига тўғри келмоқда. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида кўрсатиб ўтилган.

Унга кўра, айни вақтда Самарқанд вилоятидаги аҳоли сони 3 млн 753,3 минг кишини (республика аҳолиси сонидаги улуши 11,4 %ни) ташкил қилмоқда. Иккинчи ўринда Фарғона вилояти қайд қилинган бўлиб, ҳудуддаги аҳоли 3 млн 644,9 минг кишидан (11,1 %) иборат. Энг кам аҳоли сони эса Навоий вилоятида 964,7 минг киши (2,9 %) ва Сирдарё вилоятида 821,9 минг кишини (2,5 %) ташкил этмоқда.

Ҳудудлар кесимида аҳолининг энг юқори ўсиш суръати 2017 йилнинг мос даврига нисбатан Сурхондарё вилоятида 2,1 %ни, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида 2,0 %ни, Жиззах вилоятида 1,9%ни, Наманган вилоятида 1,8%ни, аксинча энг кам ўсиш суръати Қорақалпоғистон Республикасида 1,4%ни ва Тошкент вилоятида 1,2 %ни ташкил этди

Туғилиш. 2018 йилнинг январь-июнь ойларида 324,3 мингта бола туғилганлиги қайд этилган бўлиб (бу ерда ва бундан кейин туғилганларга фақат тирик туғилганлар инобатга олинган), мос равишда 1000 аҳолига нисбатан туғилиш коэффициенти 20,0 промиллени (промилле — бирон-бир соннинг мингдан бир улуши ёки фоизнинг ўндан бир қисми — таҳририят изоҳи) ташкил этиб, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 0,5 промиллега ошган (2017 йилнинг январь-июнь ойларида 19,5 промилле бўлган). Туғилиш коэффициенти 2017 йилнинг мос даврига нисбатан Самарқанд (21,0 промилледан 22,9 промиллега) ва Қашқадарё (21,4 промилледан 22,4 промиллега) вилоятларида сезиларли ўсган бўлиб, аксинча сезиларли камайиш Навоий (19,8 промилледан 19,1 промиллега) ва Хоразм (16,7 промилледан 16,2 промиллега) вилоятларида кузатилди.

Жами туғилганларнинг 31,6 %и онанинг 1-фарзанди, 36,6 %и онанинг 2-фарзанди ва 31,8 %и онанинг 3-ва ундан юқори фарзандларига тўғри келмоқда.

Маълумот учун, тирик туғилганлик мезонларидан (нафас, юрак уриши, киндик пульсацияси, мускулларнинг беихтиёрий қисқариши) бири мавжуд бўлса ҳам бола тирик туғилган ҳисобланади. Бунда онанинг ҳомиладорлик муддати 22 ҳафта ва ундан ортиқ, боланинг бўйи 25 см ва ундан ортиқ, вазни 500 грамм ва ундан ортиқ бўлиши лозим.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар