“Ўзбекистонни  эсласам юрагим соғинчдан орзиқиб кетади!”

10:32 17 Май 2018 Маданият
951 0

Ўзбекисон Республикаси ва Япония ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган  “Ўзбекистон ҳафталиги” кунлари тафсилотларга бой тарзда ўтмоқда. Кеча  японияликлар Ўзбекистоннинг гўзал табиати, қадимий обидалари, замонавий иншоотлари, шунингдек, урф-одат ва анъаналари тараннум этилган амалий санъат кўргазмасини томоша қилдилар. Акасака санъат саройида ўзбек ва япон санъаткорларининг чиқишлари эса кунчиқар мамлакат санъат ихлосмандларини ҳайратга солди. Айниқса, миллий либосда саҳнага чиққан “Сурхон” гуруҳининг  халқона оҳангда куйланадиган “Сирғали қиз” қўшиғи,  “Гавҳар” рақс ансамблининг “Сурнай лазгиси”  хореографик композицияси барчага бирдай  манзур бўлди. 

Кун давомида   вакилларимизнинг  Япония парламенти депутатлари, маданият агентлиги раҳбари Р. Мията, шунингдек, бир қатор  маданият ва санъат намояндалари билан ўтган учрашувлари ҳам  самарали кечди.  

— Ўзбекистон ва ўзбекистонлиикларга ҳурматим чексиз, — дейди Япониянинг мамлакатимиздаги собиқ элчиси К. Накаяма. —Айниқса, ўзбек ёшларидаги интилувчанлик, билимга чанқоқликни жуда қадрлайман. Қолаверса, ўзбек халқининг маданияти ва санъати ҳам барчага намуна бўладиган даражада бетакрор. Ўзбекистонни, унинг Самарқанд,  Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарларини эсласам юрагим соғинчдан орзиқиб кетади. 

Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари К. Оқилова бошчилигидаги маданият ходимлари ва санъаткорлардан иборат делегация Токио миллий музейида бўлиб, у ердаги ноёб экспонатлар билан яқиндан танишди. 

—Эътиборимизни тортган нарса, ҳар бир японияликнинг ўз юрти тарихини билиш, ўрганиш ва тадқиқ қилишга қизиқиши бўлди, — дейди делегация вакили, журналист Муҳаббат Ҳамроева. — Ҳатто музейда аравачада келган кексаларни ҳам учратиш мумкин. Уларнинг айримлари билан суҳбат асносида билдикки, япониялик ёши улуғларнинг аксарияти бир қатор хорижий давлатлар, жумладан Ўзбекистонда ҳам бўлганини эътироф этишди.  

Бугун “Ўзбекистон ҳафталиги” тадбирлари  Япониянинг эн гўзал шаҳарларидан бири Нагояга кўчади. 

Мавжуда ХОЛМАТОВА.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

“Ҳаёт” фильми энди телеэкранларда. У байрам кунлари МТРК телеканаллари орқали эфирга узатилади

Осмонга кўтарилаётган ҳарбий вертолётлар, қирувчи самолётлардан олинган тасвирлар, жанг майдонидаги қонли муҳораба, оҳ-воҳлар, бақир-чақирлар... Аскар снайперлик винтовкасининг дурбини орқали душманнинг пешонасини мўлжалламоқда. У айнан қаерга ўқ узмоқчи эканини зийрак бўлмаган томошабин ҳам дарров илғаши тайин: дурбиннинг мўлжал белгиси экранда кўз ўнгингизда туради.

12 Январь 2019