Ўзбекистонликларни қандай мурожаат кучли ҳаяжонлантирди?

17:15 10 Апрель 2018 Жамият
433 0

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди”, деган эди. Дарҳақиқат, 2017 йилда одамларимиз жамият ҳаётида туб ўзгаришларга гувоҳ бўлди, ҳар бир муаммо бўйича давлатнинг эътиборини, ғамхўрлигини ҳис қилди.

Шу боис ҳам халқимиз ижобий ўзгаришларга хайрихоҳлик билдирмоқда, мамлакат тақдирига, бугунги янгиланишларга дахлдорлик ҳисси билан ёндашмоқда. Буни “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг навбатдаги тадқиқоти ҳам тасдиқлайди. Ижтимоий сўров республиканинг барча ҳудудини, ёшу кексаларни, юртдошларимизнинг кенг қатламини қамраб олди.
Фуқароларимиз фикрича, парламентга илк маротаба тақдим этилган Мурожаатнома ҳамда ушбу тарихий воқеанинг телевидение орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилиши мамлакатимиз аҳолисининг Юртбошимизга, давлат бошқарувига бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

Сўров натижаларидан аён бўлишича, Мурожаатнома ўзбекистонликларни кучли ҳаяжонлантирди, ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Респондентларнинг 85 фоизи “Эсдан чиқмайдиган таассуротни, мамлакат ва Президентимиз учун ғурур туйғусини ҳис қилдик”, деб жавоб беришди.

Юртдошларимизнинг мутлақ кўпчилиги, яъни 91,7 фоизи янги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсини мустаҳкамлаш ҳамда нуфузини юксалтириш, фуқаролар фаровонлигини оширишга хизмат қилади, шунинг учун ҳам уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашади. Респондентлар фикрича, жамиятда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш, замонавий хавфлар ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича фаолиятни кучайтириш энг муҳим ҳамда долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Шу маънода, улар давлатимиз раҳбарининг Марказий Осиёни барқарор ривожланаётган минтақага айлантиришга доир ташаббусларини якдиллик билан қўллаб-қувватлайди.

Тадқиқот қатнашчиларининг 95,4 фоизи Мурожаатномада белгиланган вазифалар муваффақиятли бажарилишига қатъий ишонишади, 68,5 фоизи фикрича, бу яқин вақт ичида тўла ва самарали амалга оширилади. Шу билан бирга, юртдошларимиз мақсадларга эришиш осон бўлмаслигини яхши тушунишади. Респондентлар ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган қатор муаммоларни тилга олишди. Масалан, уларнинг 30,4 фоизи айрим тузилмаларда ҳанузгача коррупция ҳамда тўрачилик сақланиб қолаётганини, 28,1 фоизи малакали, профессионал ва ташаббускор кадрларнинг етишмаслигини, 28,3 фоизи одамлардаги бефарқлик белгиланган режаларни ҳаётга татбиқ этишга монелик қилишини кўрсатиб ўтишган.

Сўровда респондентларнинг 72,2 фоизи иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорлар ҳамда инвесторлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, хорижий шериклар билан савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш, ташқи бозорга Ўзбекистон бренди билан сифатли маҳсулот чиқаришни кўпайтириш, шунингдек, минтақаларни иқтисодий ривожлантиришни асосий йўналиш, деб ҳисоблашади. Юртдошларимизнинг мутлақ кўпчилиги ислоҳотлар ушбу йўлдаги тўсиқларни бартараф этишга ёрдам беришига ишонади.

Респондентларнинг қарийб учдан бир қисми кадрларнинг етарли даражада малакага эга эмаслиги иқтисодий ўсиш йўлида тўсиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатиб ўтишди. 28,8 фоизи иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуқий асосни такомиллаштириш керак, деган фикрда. Бундай фикрдагилар Жиззах ва Навоий вилоятларида тегишинча 58,8 ҳамда 53,3 фоизни ташкил қилди. Ҳар бешинчи респондент амалдаги кредит-молия сиёсатининг номукаммаллигини миллий иқтисодиётни эркинлаштиришни тийиб турувчи омил, деб билади. Бухоролик респондентларнинг қарийб учдан бир қисми бунга қўшилади. Юртдошларимизнинг ҳар ўнинчиси коррупциянинг олдини олиш зарурлигига урғу беради.

Ижтимоий соҳага давлат алоҳида эътибор қаратаётгани тадқиқотда яна бир карра аёнлашди. Бугун биз бутун мамлакат бўйлаб тураржойлар, ижтимоий объектлар қуриш, шаҳару қишлоқларни ободонлаштириш, йўл, муҳим ҳаётий аҳамиятга эга коммуникация тармоқларини барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Мурожаатномада ижтимоий соҳанинг таълим, маданият, соғлиқни сақлаш, туризм ҳамда дам олиш, уй-жой коммунал хўжалиги, экология каби тармоқларига катта эътибор қаратилган. Булар мамлакат аҳолисининг фаровонлиги ва турмуши сифати даражасига бевосита таъсир кўрсатади.

Сўралганларнинг салкам 40 фоизи фикрича, жамиятдаги ижтимоий тафовутнинг олдини олиш ижтимоий ислоҳотларнинг пировард мақсади ҳисобланади. Бу кўрсаткич Навоий, Сирдарё ҳамда Фарғона вилоятларида тегишинча 75, 71 ва 70 фоизни ташкил қилди. Наманган вилоятида респондентларнинг 62,3 фоизи аҳоли реал даромадларини оширишни ажратиб кўрсатди. Андижон ҳамда Самарқанд вилоятларидаги ҳар бешинчи респондент аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш, таълим хизматлари сифатини ошириш ижтимоий соҳанинг асосий мақсади, деб билади.

Сўров натижаларига кўра, мамлакат фуқаролари ижтимоий соҳа етарлича молиялаштирилмаётганини соҳа тараққиётига халақит бераётган асосий муаммо, деб ҳисоблайди. Респондентларнинг қарийб учдан бир қисми шу фикрга мойилдир, 26 фоизи эса профессионал кадрлар етишмаслигини соҳа равнақига тўсиқ сифатида кўрган. Коррупцияни асосий муаммо, деб билувчи респондентлар 24,1 фоизни ташкил этади. Сўралганларнинг -ярмидан кўпи (52,6 фоизи) тиббий хизмат сифатидан қониқмайди, учдан бири унинг қимматлигини, 17,8 фоизи муаммолар илдизи коррупция билан боғлиқлигини айтишган.

Таълим тизимидаги, жумладан, мактабгача ва мактаб таълими сифатидан қониқмаётганлар ҳам бор (41 фоиз). Респондентларнинг қайд этишича, мактабгача таълиммуассасалари ҳамда мактабларда болалар сонининг меъёрдан кўплиги ҳам ёш авлоднинг сифатли таҳсил олишига тўсқинлик қилади (26,8 фоиз). Бу борада коррупцияни санаб ўтганлар ҳам етарлича бўлди.

Сўров иштирокчилари фикрича, ҳаддан ташқари марказлаштирилган бошқарувдан воз кечиш, маҳаллий ҳокимият органлари учун молиявий ва бошқа имкониятларни кенгайтириш, бошқарувнинг инновацион шаклларини жорий қилиш йўли билан мавжуд давлат хизматлари кўрсатиш амалиётини соддалаштириш, давлатнинг бизнес тузилмаларини тузишдаги иштирокини камайтириш, давлатнинг айрим вазифаларини хусусий секторга ўтказиш давлат ҳамда жамият бошқаруви тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги, яъни 89,8 фоизи давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлайди.

Респондентларнинг 90,8 фоизи суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш бўйича саъй-ҳаракатларни маъқуллайдилар. Бу ислоҳотлар аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончини оширишга, қонун устуворлиги тамойилининг мустаҳкамланишига ёрдам беради. Аммо сўров иштирокчиларининг фикрича, айримлар ўз хизмат мавқеини суиистеъмол қилиши, ходимлар малакаси ҳамда аҳоли ҳуқуқий маданияти етарли даражада эмаслиги тизимдаги ислоҳотларга соя солади. Бу борада бюрократия ва ортиқча қоғозбозликнинг ҳам салбий таъсири алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Юртдошларимизнинг билдиришича, жамоатчилик назоратини кучайтириш ушбу тўсиқларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади.

Хулоса ўрнида айтганда, сўров натижаларига кўра, халқимизнинг мутлақ кўпчилиги (91,7 фоизи) Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган мақсад ва вазифаларни муваффақиятли амалга оширишга халақит берувчи мавжуд қийинчиликлар ҳамда муаммоларнинг тўла ечим топишига ишонадилар. Энг муҳими, улар Мурожаатномани якдиллик ва ўз мамлакати ҳамда Президенти учун ғурур туйғуси билан қабул қилдилар. Бу фуқароларнинг мамлакат тараққиётида ҳал этувчи аҳамиятга эга ислоҳотларда фаоллик кўрсатишига мустаҳкам замин яратади.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази
материаллари асосида тайёрланди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар