Ўзбекистонлик спортчилар Осиё ўйинларининг бешинчи кунида бешта медаль қўлга киритишди

11:13 24 Август 2018 Спорт
395 0
​Фото: МОҚ

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилаётган Осиё ўйинларининг бешинчи куни ҳам ниҳоясига етди. Бугунги баҳсларда бир қатор спортчиларимиз юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Кун давомида ўзбекистонлик спортчилар Осиё ўйинларининг бешта медалига эгалик қилишди.

Куннинг биринчи қисмида академик эшкак эшувчиларимиз медаллар дастасини қўлга киритишди. Жуфтлик баҳсларида Шаҳбоз Ҳолмурзаев ва Шаҳбоз Абдужабборовлар ўз чиқишларида маррага биринчи бўлиб етиб боришди ва олтин медални терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйишди. Сўнгра Сардор Тўлқинхўжаев ва Алишер Турдиевлардан ташкил топган бошқа бир жуфтлигимиз медаллар учун стартга чиқишди ва иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медалга сазовор бўлишди. Тўртлик баҳсларида иштирок этган спортчиларимиз эса (Исламбек Мамбетназаров, Отамурод Раҳимов, Шеҳроз Ҳакимов, Зафар Усмонов) бронза медалини спорт делегациямизга тақдим этишди.

Таэквондо бўйича -49кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашган 17 ёшли спортчи қизимиз Мадинабону Маннопова мусобақа давомида Гонконг, Ливан ва Япония вакилларини мағлубиятга учратиб, финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи баҳсда эса таиландлик Панипак Вонгпаттанакитга имкониятни бой берди ва якунда кумуш медаль соҳибасига айланди.

Спорт гимнастикасида афсонавий спортчимиз, 43 ёшли Оксана Чусовитина ўзининг севимли услуби ҳисобланган таяниб сакраш машқларида иштирок этди ва якунда иккинчи натижани қайд этиб, кумуш медални қўлга киритди.

Умумий ҳисобда спортчиларимиз бугун 1 та олтин, 3та кумуш ва 1та бронза медалларига эга чиқишди.

Бешинчи кун якунларига кўра, Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобида 19та медаль мавжуд. Ватанимиз спортчилари беш кун ичида 4та олтин, 8та кумуш ва 7та бронза медалларини терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйишга улгуришди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар