Ўзбекистонлик спортчилар Бутунжаҳон универсиадаси ўйинларида иштирок этмоқда

10:12 04 Март 2019 Жамият
265 0

Жорий йилнинг 2-12 март кунлари Россиянинг Красноярск шаҳрида Бутунжаҳон қишки универсиада ўйинлари ўтказилмоқда. Ушбу нуфузли спорт анжуманида Ўзбекистон спорт делегацияси ҳам иштирок этмоқда, дея хабар бермоқда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Мусобақада юртимиз шарафини Али Тўхтаев ва Иван Меркушин мураббийлигида Комилжон Тўхтаев (тоғ чанғиси), Дамир Бухарбаев (тоғ чанғиси), Алдиёр Гаипов (тоғ чанғиси), Екатерина Лябина (сноуборд) ҳамда Жасур Маҳмудов (сноуборд) ҳимоя қилмоқда.

Айни пайтда спортчиларимиз мусобақа ўтказилаётган иншоотларда бўлажак баҳсларга жиддий тайёргарлик кўришмоқда.

Эслатиб ўтамиз, универсиада – Халқаро талабалар спорти федерацияси (FISU) шафелигида талабалар ўртасида, Олимпия циклдан фарқли равишда ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиладиган халқаро мусобақа ҳисобланади. Баҳсларда 17 ёшдан 25 ёшгача бўлган талабалар ва мусобақа ўтказилаётган йилда диплом олган битирувчилар иштирок этишлари мумкин.

Бу галги Универсиадада қатнашаётган давлатлар сони рекорд даражани қайд этиб, 58 та мамлакатидан 3000 нафарга яқин спортчи иштирок этмоқда. Талаба-спортчилар биатлон, тоғ чанғиси, кёрлинг, чанғи пойгалари, сноуборд, конкида фигурали учиш, фристайл, хоккей, тўпли хоккей, чанғида мўлжални олиш ва шорт-трек каби 11 та спорт тури бўйича 76 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб боришмоқда.

Маълумот учун: Красноярск шаҳрида ўтказилаётган Бутунжаҳон қишки универсиада ўйинлари қишки спорт турлари ривожланган Норвегия, Швеция, Финляндия, Канада ҳамда қишки спорт турлари кенг оммалашмаган Афғонистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Ливия давлатлари вакиллари иштирок этмоқда.

Энг кўп спортчи билан Россия (293 нафар), Швейцария (99 нафар) ва Хитой жамоалари (79 нафар) иштирок этаётган бўлса, Исландия ва Мексика жамоаларида бир нафардан, Лихтенштейндан икки нафар спортчи қатнашмоқда.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019