Ўзбекистонлик курсантлар Халқаро олимпиадада учинчи ўринни қўлга киритишди

13:29 02 Апрель 2018 Жамият
653 0
Фото: Мудофаа вазирлиги

Жорий йилнинг 26 — 30 март кунлари Арманистоннинг Ереван шаҳрида курсантлар ўртасида чет тили йўналишида ўтказилган Халқаро олимпиадада ўзбекистонлик курсантлар учинчи ўринни қўлга киритишди. 

Эътиборлиси, мазкур билимлар беллашувида вакилларимиз биринчи марта қатнашган бўлишса-да ана шундай юқори натижага эришишди. Мазкур олимпиадада Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон ҳамда мезбон давлат курсантларидан иборат 9 та жамоа ғолиблик учун беллашди. 

Олимпиадада юртимиз шарафини Мудофаа вазирлигига қарашли Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик” дастури тайёрлаш маркази инглиз тили кафедраси мудири Илья Зверев бошчилигида Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти учинчи босқич курсанти Аббос Раҳимжонов, иккинчи босқич курсантлари Лазиз Раҳимов ва Бекпўлат Боқижонов иборат жамоамиз ҳимоя қилди.Халқаро олимпиадада Россия жамоаси биринчи, Арманистон курсантлари иккинчи ўринни қўлга киритди. 

Нуфузли мусобақада Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган ҳарбий хизматчиларимиз И. Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинади. 
Курсантлар ўртасидаги Халқаро олимпиаданинг навбатдаги баҳслари (математика бўйича) бугун Қозоғистонда бошланди. Унда мамлакатимиз шарафини Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари ҳимоя қилишмоқда.
Беллашувлар ғолиблари 6 апрель куни маълум бўлади.
 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар