Ўзбекистонлик 22 нафар ёш иқтидор “Реал” футбол академиясида машғулотларга киришди

16:36 01 Октябр 2018 Спорт
1561 0
Фото: ЎФА

Ўзбекистонлик 22 нафар ёш иқтидор “Реал” футбол академиясида машғулотларга киришди.

ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг йил бошида Испанияга қилган ташрифидан кейин “Реал” футбол академияси билан ҳамкорлик алоқаси йўлга қўйилганди. Бунинг мантиқий давоми сифатида шу йилнинг июнь ойида академиянинг уч мутахассиси Тошкентга келиб, икки ҳафта давомида ўзбекистонлик 300 нафар футболчи бўлиш орзусидаги болалар билан машғулот ўтказди. 

Бунда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳар бир вилоятга тенг квота ажратган бўлиб, 300 нафар иқтидор эгалари бир қатор спорт шартлар асосида саралаб олинган. “Реал” академияси билан танишиш истагида бўлган болакайлар орасида соғлом рақобат бўлиши ҳамда таниш-билишчиликнинг олди олиниши муҳим фактор ҳисобланарди. 

Тошкентда бўлган уч мутахассис 300 нафар тарбияланувчи орасидан 22 нафарини ўзи танлаб олди ва бу ишга ЎФА мутахассислари аралаштирилмади. Сентябрь ойи сўнгида эса ЎФА ўз ҳисобидан мазкур иқтидор эгаларини Мадридга жўнатди. 

2004—2008 йиллар оралиғида таваллуд топган футболчиларимиз аввалига Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан экипировкалар қабул қилиб олганди. Мадрид шаҳрида улар “Реал” академиясига тегишли формалар билан сийланди. Эндиликда мазкур футболчилар “Реал” футбол клуби тарихи, ютуқлари билан яқиндан танишиш, унинг жаҳонга машҳур академияси фаолиятини ўрганиши, испаниялик бошқа мутахассислар қўл остида машғулот ўтказиши мумкин бўлади. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?