Ўзбекистонга визасиз режим бўйича ташриф буюрган биринчи Хитой фуқароси кутиб олинди

18:25 04 Январь 2020 Welcome to uzbekistan
498 0

Куни кеча Урумчи-Тошкент йўналиши бўйича парвоз қилган авиарейсда Хитой Халқ Республикасидан визасиз режим бўйича келган илк меҳмонлар Тошкент халқаро аэропортида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари томонидан кутиб олинди. Қизиғи шундаки, Ўзбекистон Республикаси чегарасидан визасиз ўтган биринчи Хитой фуқароси Ли Жи Лин Ўзбекистонга инвестиция киритиш мақсадида юртимизни яқиндан ўрганиш учун ташриф буюрган экан. 
“Сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳаларда катта ўзгаришлар бўлаётганини эшитиб, мамлакатингизга бизнес туризми бўйича ташриф буюрдим, лекин бу даражада чиройли кутиб олишларини кутмаган эдим, очиғи. Ўзбекистон ҳақида ҳозирча етарлича билимга эга эмасман, лекин ташрифим давомида кўп нарсаларни билиб олишга умид қиламан. ХХР фуқаролари учун визасиз режимнинг йўлга қўйилиши хитойликларга жуда катта имкониятлар яратади. Шахсан мен Хитойнинг Шаньдун провинциясидаги йирик компания директориман. Шу сабабли мамлакатингизни ўрганиб чиқиб, унга катта инвестиция киритишни режалаштиряпман. Бугунги кунда хитойликлар дунё бўйлаб жуда кўп саёҳат қилишади — ўтган йили 120 миллион хитойлик дунё бўйича саёҳатга чиққан. Визасиз режимнинг татбиқ қилингани, албатта, яхши янгилик бўлди. Ўйлайманки, бундан кейин Ўзбекистонга кўплаб хитойликлар кела бошлашади”, — дейди Ли Жи Лин. 
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилнинг 12 сентябрдаги 5819-сонли Фармонига асосан 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб Хитой Халқ Республикаси фуқаролари учун 7 кундан кўп бўлмаган муддатга Ўзбекистонга визасиз кириш имкони яратилган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?