Ўзбекистонга саёҳат қилиш вақти келди

10:14 31 Июль 2018 Welcome to uzbekistan
849 0
Фото: livejournal.com

Ўзбекистонга келиш истагида бўлган чет эл фуқаролари учун электрон виза бериш тизими жорий қилингани зўр иштиёқ билан кутиб олинмоқда.

Хусусан, яқинда Буюк Британиянинг нуфузли “The Independent” нашрида ушбу мавзуга доир мақола чоп этилди. Унда таъкидланишича, мазкур қадам хорижий давлатлардан келаётган сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда юртимиз бой тарихидан баҳраманд бўлишлари учун уларга кўпроқ қулайликлар яратиш бўйича Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатларидан бири ҳисобланади.

“Ўрнатилган янги тартибга кўра, дунёнинг 51 мамлакати, шу жумладан, Буюк Британия фуқаролари учун электрон визани расмийлаштириш имкони пайдо бўлди. Бундан ташқари, Ўзбекистон орқали учинчи давлатга саёҳат қилувчи 101 мамлакат вакилларига визасиз транзит тизими жорий қилинган, 16 ёшгача бўлган болалар учун эса визасиз кириш имконияти яратилган”, дейилади мақолада.

Нашрда, шунингдек, Ўзбекистон мустақилликка эришган пайтдан эътиборан мамлакатга кириш талаблари фақат энди енгиллаштирилгани таъкидланган.

“Денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган давлат сифатида Ўзбекистон ЮНЕСКО Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган Буюк Ипак йўлининг учта жуда муҳим шаҳри: Самарқанд, Бухоро ва Хива билан фахрланса арзийди. Республиканинг барча ҳудудида ноёб кўҳна масжидлар, “Тожмаҳал” бунёдкорларини илҳомлантирган мақбаралар ҳамда замонавий иншоотлар жойлашган”, дея ёзилади “The Independent” нашрида.

«Дунё» АА.
Лондон


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар