Ўзбекистонга хуш келибсиз!

13:10 02 Март 2018 Welcome to uzbekistan
1086 0

Маълумотларга кўра, дунё бўйича ҳар йили 1 миллиард 300 миллион нафардан ортиқ кишилар саёҳатга чиқар экан. Туристларнинг асосий қисми Франция, АҚШ, Испания, Туркия, Япония, Хитой каби давлатларга бормоқда. Сайёҳлар оқимининг кўпайиши ўз-ўзидан мамлакат бюджетига катта фойда келтиради. Масалан, Япония ҳукумати туризм йўналишидан бир йилда 343 миллиард, Туркия эса 88 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад топади. Ўзбекистон-чи?

Ўтган йили юртимизга қарийб 2 миллион 700 минг сайёҳ ташриф буюрган. Бу кўрсаткич мамлакатимизнинг туристик салоҳияти юқори бўлишига қарамай, ҳали туризм имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётганини, соҳада ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатади.

  • Сайёҳлар қандай қулайликлар бўлишини хоҳлайди?
  • Аэропортлар олдида такси хизмати кўрсатиш қачон тартибга солинади?
  • Йирик шаҳарларда камида 100 тадан меҳмонхона қурилиши кўзда тутилган.

Халқаро пресс-клубнинг “Ўзбекистонга хуш келибсиз: туризм — мамлакатнинг янги бренди” мавзуидаги навбатдаги сессиясида соҳада эришилаётган ютуқлар, мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси, дипломатик корпус вакиллари, етакчи туроператор ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари, экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон ўзининг тарихий шаҳарлари, обида ва зиёратгоҳлари, қолаверса, табиий иқлими, мазали мева-сабзавотларию таомлари билан алоҳида ажралиб туради. Албатта, туристларни жалб қилишда буларнинг ўзи етарли эмас. Чет эллик меҳмонларни аэропорт ёки темир йўл бекатларида кутиб олишдан тортиб, то кузатиб қўйишгача бўлган даврда уларга зарур қулайликлар яратиш, аввало, равон йўлларни барпо этиш, шинам меҳмонхона ва замонавий транспорт хизматларини йўлга қўйишни талаб қилади.

Сайёҳлар учун зарур ҳисобланган мана шу талаблар тегишли мутасадди идора ҳамда ташкилотлар томонидан қай даражада таъминланаяпти? Умуман, бу борада қандай амалий ишлар олиб борилмоқда? Муаммолар нимада?

Тўғри, кейинги пайтда юртимизга саёҳатга келиш истагини билдираётган туристлар сони ошиб бораётир. Табиийки, бунда Президентимизнинг соҳани тубдан яхшилаш, илғор лойиҳа ва усулларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида қабул қилаётган Фармон ва қарорлари муҳим роль ўйнамоқда. Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида соҳага оид тўртта муҳим ҳужжат имзоланди.

"Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг минтақавий тузилмалари штат бирликлари оширилди, ҳудудларда туризм департаментлари ҳамда бошқармалари, ҳоким ўринбосарлари лавозимлари ташкил этилгани мазкур ташкилотларнинг имкониятларини янада кенгайтирди. Сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича 39 мамлакат фуқароларига виза бериш тартиби соддалаштирилди. Қолаверса, жорий йилнинг 10 февралидан бошлаб Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Малайзия, Индонезия, Туркия ва Исроилдан келаётган туристларга мамлакатимизда 30 кунгача визасиз бўлишга рухсат берилди. Шу йилнинг июлидан эътиборан электрон визаларни жорий қилиш режалаштирилган", — дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов. 
Сессияда қайд этилганидек, юртимизга сайёҳлар келмоқда, аммо уларга етарлича хизмат кўрсатилмаётир. Меҳмонхоналарда улар учун жой топилмаяпти. Уларни олиб юрадиган автобуслар, автотранспорт воситалари етарли эмас. Туристлар ишини енгиллаштирадиган махсус мобиль иловалар татбиқ қилинмаган.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида туристик салоҳиятига эга бўлган йирик шаҳарларда камида 100 тадан меҳмонхона қурилиши кўзда тутилган. Бунинг учун тадбиркорларга ер ажратиш, имтиёзли кредитлар бериш ишлари бошлаб юборилган. 
Туристларни автотранспортда ташиш тизимини такомиллаштириш ҳам муҳим масала. Шу боис Тошкент шаҳридаги аэропортлар олдидаги тартибсизликларнинг олдини олиш, такси хизматларини яхшилаш мақсадида намунали автотураргоҳлар ташкил этиш, уларга лицензияга эга бўлган таксистлар жалб қилиш саъй-ҳаракатлари бошланди.

Яна бир мисол. Тошкентдан Урганчгача бўлган масофа 1000 километрдан ортиқ. Ушбу йўлни босиб ўтгунча ҳар қандай сайёҳ толиқиши тайин. Сессияда маълум қилинишича, бу муаммо ҳам яқин кунларда ўз ечимини топади. Яъни туристларга қулайлик яратиш бўйича йўл бўйларида махсус тўхташ жойлари яратилиб, улар атрофида замонавий савдо ҳамда овқатланиш шохобчалари, санитария талабларига жавоб берадиган ҳожатхоналар ҳам қурилади.
Анжуманда бир шаҳардан иккинчи шаҳарга боришда йўл четида туристик объектларга олиб борувчи махсус йўл белгилари мавжуд эмаслиги ҳам танқид қилинди.

"Ўтган йили Хоразм вилоятида туристик объектларга олиб борувчи белгиларни ўрнатган эдик.  Албатта, бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз. Жорий йилда ҳам ушбу ишларни давом эттириб, республикамиз бўйича яна 64 мингдан ортиқ ана шундай махсус йўл белгиларини ташкил қилмоқчимиз", — дейди Автомобиль йўллари давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Фозил Ражабов.

Сессияда, шунингдек, сайёҳлар учун туристик маршрутларни ташкил этиш, авиачипталар нархини оптималлаштириш, янги рейслар очиш, транзит йўловчиларни ташиш имкониятини ошириш ва авиақатновлар географиясини кенгайтириш, йўлларни таъмирлаш, янги технологияларни, хусусан, мобиль иловалар, махсус сим карталарни татбиқ этиш, ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш, “ҳалол туризм”ни яратиш борасидаги режалар, келгусида амалга ошириладиган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. 
Раҳим ШЕРҚУЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар