Ўзбекистонга Хитойдан лимон кўчати импорт қилса бўладими? — "Ўздавкарантин" инспекцияси вакили долзарб саволларга жавоб қайтарди

14:37 24 Апрель 2020 Иқтисодиёт
439 0

Бугун АОКА штабида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Дурдона Очилова иштирокида брифинг ўтказилди.

Матбуот котиби соҳадаги долзарб саволларга жавоб қайтарди.

Савол: Карантин пайтида экспорт учун карантин рухсатномасини қандай олсам бўлади?

Жавоб: "Ўздавкарантин" инспекциясида жорий йилнинг январь ойидан бошлаб электрон тизим ишлаб чиқилган. Singlewindow.uz сайтига кириб, аризани қандай топширишни ўрганишингиз мумкин.

Савол: Нидерландиядан уруғлик учун мўлжалланган картошка навларини олиб кира оламанми?

Жавоб: Уруғлик картошка навлари Давлат нав синаш комиссияси томонидан синовдан ўтказилган ҳамда Республика ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига киритилган ва фитосанитар тоза ҳудудда етиштирилган бўлиши шарт.

Картошка етиштирилган ҳудуд мутахассислар томонидан ўрганилган бўлиши талаб этилади.

Савол: Олма боғида зараркунандалар хавфини олдиндан аниқлаш имкони борми?

Жавоб: Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида сигналлар ёрдамида ҳашаротларнинг ҳаракатланиши орқали уларнинг популяциясини аниқлаш хусусиятига эга 9та замонавий метеостанциялар бор.

"Ўздавкарантин" инспекциясининг туман агроном-инспекторлари ҳар бир гектар учун далада феромон тутқичлар қўймоқда. Бундай усул зараркунандаларнинг далангизда мавжуд эканлигини, қачон ва қанча миқдорда кимёвий қарши курашиш ишлари амалга оширилиши лозимлигини кўрсатади.

Савол: Германиядан мевали дарахт кўчатларини импорт қилиш шартлари қандай. Шулар билан таништирсангиз.

Жавоб: Олиб келинаётган мевали дарахт кўчатлари Марказий карантин лабораториясида текширувдан ўтказилади. Хулосага асосан, кўчат таркибида ҳеч қандай зарарли организм ва касалликлар аниқланмаса, уларнинг республикага олиб кирилишга рухсат берилади.

Экспертиза натижаси салбий деб топилса, белгиланган тартибда экспортёр давлатга маҳсулотни қайтариб юбориш, ёқиш ёки кимёвий зарарсизлантириш усуллари қўлланилади.

Савол: Хитойдан лимон кўчати импорт қилсам бўладими?

Жавоб: Ўзбекистон ҳудудида етиштирилмайдиган, аҳоли мурожаатлари, яъни талаб, мавсум ва салоҳиятдан келиб чиққан ҳолда барча маҳсулотларнинг импортига рухсат бор. Йилнинг май, июнь ва август ойлари учун республикага хориждан лимон маҳсулотлари импортига рухсат бериш мумкин.

Бу каби маҳсулотлар учун экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини бўйича ваколатли органи томонидан фитосанитар сертификат тақдим этилиши лозим.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?