Ўзбекистонга келган сайёҳлар ўртасида тадқиқот ўтказилди. Натижа қандай?

16:16 13 Февраль 2019 Жамият
203 0

Архив фото

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 72 та давлатдан келган 5,7 минг нафар сайёҳ орасида тадқиқот ўтказилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Бундан кўзланган мақсад меҳмонларга афзал бўлган асосий жиҳатлар ҳамда уларнинг орзу-тилакларини аниқлаш бўлди.

Маълум бўлишича, туристларнинг кўпчилиги дўстлари ва оила аъзолари, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали берилган маслаҳатлар асосида Ўзбекистонга келишга қарор қилишган. Қолаверса, газета ва журналлар, телевизион ҳужжатли фильмлар ва янгиликлар дастурлари ҳам бу борада муҳим ўрин тутиши маълум бўлган.

Дунёнинг 72 мамлакатидан келган олти мингга яқин сайёҳ ўртасида ўтказилган сўров ана шундай хулосага келишга асос яратди.

Тадқиқотга кўра, диёримизга Марказий Осиёдан келадиган туристларнинг асосий қисми Қозоғистон, МДҲдан эса Россия фуқароларидир. Ўзбекистонга Осиё-Тинч океани минтақасидан хитойликлар, Европадан францияликлар, Яқин Шарқдан туркияликлар, Шимолий Америкадан АҚШликлар энг кўп ташриф буюрган.

35 ёшдан 45 ёшгача бўлган ёш гуруҳи ичида энг кўп респондентлар Марказий Осиё(29,4 фоиз), МДҲ(33,8 фоиз) ва Осиё-Тинч океани минтақалари(30) ҳиссасига тўғри келган. Европалик туристларнинг асосий қисми эса 55 ва ундан юқори ёшдаги инсонлардир.

Сўровда қатнашганларнинг қарийб 40 фоизи Ўзбекистонга ўз танишлари ва қариндошларини кўриш учун келишганини айтган. Респондентларнинг 33,6 фоизи эса юртимизга таътил, маданий хордиқ чиқариш ва дам олиш учун келганини билдирган.

Таҳлилга кўра, узоқ хориждан келадиган сайёҳларнинг асосий мақсади хордиқ чиқариш ва дам олишдир. Масалан, Гонконгнинг сўровда иштирок этган барча фуқаролари Ўзбекистонга дам олиш учун ташриф буюрганини қайд этган. Австралия фуқароларининг 89 фоизи, нидерландларнинг 87,1 фоизи, итальянларнинг 86,3 фоизи, французларнинг 85,1 фоизи ҳам худди шундай мақсад билан мамлакатимизда меҳмон бўлган.

Туристларнинг асосий қисми(79 фоиз)нинг Ўзбекистонда бўлиш даври 1-9 кунни ташкил этган. Шимолий Америкадан 85 фоиз, Осиё-Тинч океанидан 81 фоиз, Европадан 78 фоиз ва Яқин Шарқдан 72 фоиз сайёҳ жамоа билан келган бўлса, Марказий Осиё ва МДҲдан туристларнинг ярми ёлғиз саёҳат қилишни маъқул кўрган.

Респондентларнинг 12,8 фоизигина сайёҳлик йўлланмаси билан Ўзбекистонга ташриф буюрганини таъкидлаган. Туристлар томонидан олинган бундай йўлланмаларнинг 16,8 фоизигина ўзбек туроператорлари ва турфирмалари томонидан сотилган.

Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб юришда меҳмонлар такси(52,9), поезд(12,5), автобус(10,4) ва мини-автобус(10,1) каби транспорт воситаларини афзал деб билган.

Тошкент шаҳри туристлар энг кўп ташриф буюрадиган жойга айланган. Лекин сафарда бўлиш муддати узоқлиги бўйича Термиз биринчи ўринни олган. Бу ерда сайёҳлар ўртача 6,2 кун қолишган. Нукусда 5,7, Тошкентда 5, Хивада 3,7, Самарқандда 2,6 ва Бухорода 2,4 кеча-кундуз бўлишган.

Меҳмонлар Ўзбекистонда дўконлардан маҳсулот харид қилиш(шопинг), музей ва галереяларга бориш, сайр қилиш, тарихий жойларга экскурсия ва пиёда боришга катта қизиқиш билдирган. Марказий осиёлик сайёҳлар Ўзбекистонда дўконларни айланиш(39,7)ни энг кўп маъқул кўрган бўлса, европаликлар(77,5) ва Осиё-Тинч океани минтақаси(72,2)дан келганлар музей ва галереяларга боришда фаоллик кўрсатишган


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019