Ўзбекистонга илк марта Озиқ-овқат ва озиқланиш хавфсизлиги халқаро конференцияси ўтказилди

18:54 01 Июнь 2018 Иқтисодиёт
620 0

Пойтахтимизда “Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзгаришлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва озиқланиш хавфсизлиги” мавзуида халқаро конференция ташкил этилди.

Тадбирда қатнашган мухбиримиз Р. Шерқуловнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳридаги халқаро Вестминстер университети ҳамда Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий тадқиқот институти (IFPRI) ҳамкорлигида ўтказилган ушбу анжуманда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ, Сув хўжалиги ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

“Мазкур анжуман Ўзбекистонда биринчи марта ташкил этилмоқда. Институт томонидан ушбу мавзу доирасидаги ҳисоботлар Рим, Токио, Москва каби дунёнинг 14 та давлатида тақдим этиб келинади. 2018 йилги Глобал озиқ-овқат сиёсати бўйича ҳисоботи айнан Тошкент шаҳрида ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Зеро, Ўзбекистон ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдан ташқари, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш орқали хорижий давлатларнинг озиқ-овқат таъминотига катта ҳисса қўшаётгани халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилаяпти”, - дейди Вашингтондаги Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий тадқиқот институти бош директори Шенген Фан. 

Хусусан, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг 2015 йил июнь ойида Италиянинг Рим шаҳрида бўлиб ўтган 39-конференциясида Минг йиллик ривожланиш мақсадларига эришган давлатларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон 14 та давлат қаторида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда эришган мислсиз ютуқлари учун махсус мукофот билан тақдирлангани фикримиз тасдиғидир.

Конференцияда, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари тизимининг таркибий ўзгаришлари, унинг озиқланишдаги аҳамияти, Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси, рақобатдошлигини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар