Ўзбекистондаги Payme назорат пакетини сотиб олганлар пул ювишда айбланмоқда

16:21 26 Июль 2019 Иқтисодиёт
420 0

Грузия бош прокуратураси мамлакатдаги энг йирик банк ҳисобланган TBC Bankʼнинг икки нафар асосчиси Мамуку Хазарадзе ва Бадри Жапаридзени ноқонуний даромадларни легаллаштиришда айбламоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Хабарга кўра, Мамуку Хазарадзе ва Бадри Жапаридзе устидан 16,75 млн. доллардан ортиқ миқдордаги ноқонуний даромадларни легаллаштиришда айблаш бўйича қарор киритилган. Бу бир гуруҳ шахслар томонидан ўта йирик миқдорда фойда кўриш сифатида талқин этилмоқда.

Прокуратура TBC Bankʼнинг 2008 йилдаги банк операцияларидан бирини ўрганиши асносида бу борадаги жиноятни айнан TBC Bank Кузатув кенгаши раҳбари ва унинг ўринбосаридан гумон қилаётир.

Грузия Миллий банки босими остида улар ўз лавозимларини тарк этишди. Бу уларга ўзларига қарши айбловлардан ҳимояланиш учун диққатни жамлаш имконини ҳам бериши айтилган.

Банк хабарига кўра, энди Хазарадзе ва Жапаридзенинг компания кундалик бошқарувига алоқаси йўқ ва TBC ёки унинг бўлимларига қарши ҳеч қандай айблов илгари сурилмайди.

Хазарадзе яқинда фуқаролик ҳаракатини тузишни режалаштираётганини маълум қилганди. Бу сиёсий партияга айланиши мумкинлигини таъкидлаган таҳлилчилар эса у ва ҳамкасбига қарши айбловларни абсурд деб аташган.

“Бу бизга қарши уюштирилган ҳужум, боз устига бу Грузиядаги инвестициявий иқлимга зарар етказади”, - деди Хазарадзе. У банк обрўси ва инвесторлар ишончи йўқолганини қўшимча қилди. Сабаби банк акциялари ушбу янгиликлар ортидан 11 фоизга тушиб кетган.

Жапаридзе ўз навбатида TBC Bank бирор лойиҳасини тўхтатишни режалаштирмаётгани ва одатдагидек фаолият юритишини билдирган.

Маълумот учун, шу йил апрель ойида TBC Bank Ўзбекистондаги Payme назорат пакетини 5,5 млн. доллар эвазига сотиб олганди. Май ойида компания Ўзбекистонда нега илк рақамли банк очиш ниятида эканлигини тушунтирган эди.

Эслатиб ўтамиз, TBC Bank Грузиядаги етакчи молия муассасаси бўлиб, унга 1992 йилда асос солинган. 2014 йилда у Лондон фонд биржасига кирди. IPO доирасида 640 млн. долларлик капиталлашув билан 240 млн. долларни жалб этган. TBC онлайн-банкинг хизмати Марказий ва Шарқий Европада бир неча бор энг яхшиси деб топилган. 2018 йилда у Space номли тўлиқ рақамли банкни тақдим этган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019