“Ўзбекистондаги ислоҳотлар минтақа ва дунёдаги ўзгаришларни жадаллаштиришда муҳим омилдир”

08:33 20 Июль 2018 Сиёсат
410 0

Юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар кенг жамоатчилик, халқаро доира вакиллари, экспертлар, сиёсий институтлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларининг диққат-эътиборини тортмоқда.

Биз айни пайтда хизмат сафари билан Туркия Республикасининг Истанбул шаҳрида бўлиб турибмиз. Бу ердаги тадбирлар, учрашувлар, таассуротларга йўғрилган материалларни газетамизнинг кейинги сонларида беришни режалаштирганмиз. Ҳозир эса республикамиздаги ислоҳотларни изчил кузатиб, ўз нашрлари, телеканаллари, интернет сайтларида фаол ёритиб бораётган хорижлик журналистларнинг фикрларини сизларга тақдим қилмоқдамиз.

Мерт Гўкхан КОЧ,

“Hurriyet” газетаси мухбири:

— Давлатларимиз раҳбарларининг доимий дўстона мулоқотлари, ўзаро муносабатлардаги яқинлик ҳақида газетамиз саҳифаларида мунтазам мақолалар бериб боряпмиз.

Ўзбекистонга ўтган йили борган эдим. Замонавий, тарихий шаҳарларини катта завқ билан айланганман. Мамлакатингизнинг кўҳна ёдгорликлари ҳамда бири-биридан гўзал гўшалари менда катта таассурот қолдирган. Иқлими ҳам ўзига хос. Яшилликка бурканган Тошкентнинг кенг ва равон кўчалари, сўлим хиёбонлари, умуман, шаҳарнинг гўзаллиги мени ҳайратга солган. Юртингизда тарихга, қадриятларни асраб-авайлашга бўлган эътибор ҳар қачонгидан кучайганига гувоҳ бўлгандим.

Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат, ислоҳотлар ҳар қанча эътирофга лойиқ. Туркия фуқароларига 30 кунгача визасиз тартиб жорий қилингани жуда катта енгиллик бўлди. Мамлакатларимиз ўртасида иқтисодиёт, туризм соҳасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланмоқда. Умуман, Ўзбекистон дунёга очилиб бораётгани, турли давлатлар билан алоқаларни яхшилаётгани эътиборга моликдир. Фурсат туғилса, яна серқуёш диёрингизга бориш, тарих ҳамда бугунги кун гўзалликларидан баҳраманд бўлишни истардим.

Муним ОЛАМОВ,

Тожикистон Медиа-альянси бош котиби, “Имруз News” газетаси бош директори:

— Қайд этиш жоизки, 2005 йили ташкил қилинган Тожикистон Медиа-альянси мамлакатда фаолият юритаётган қатор босма ҳамда электрон оммавий ахборот воситалари, телерадиоканаллар, мустақил журналистлар ва блогерларнинг бирлашмаси ҳисобланади.

Мазкур портал раҳбари сифатида эътироф этишни истардимки, бугун минтақамизда шахсий мақсадлар ҳамда бир томонлама манфаатлар ўрнини кенг кўламли интеграциялашув жараёни эгаллаётгани қувончлидир. Бу, ўз навбатида, Марказий Осиё давлатларининг ўзаро яқинлашувига, манфаатли ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, замонавий босқичда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ички ва ташқи сиёсатда фаоллик кўрсатмоқда. Айни чоғда республика жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини афғон муаммосини тезроқ ҳал этишга, ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга чорлаяпти.

Шунга монанд равишда Ўзбекистон ҳамда Тожикистон муносабатларида ниҳоятда муҳим ижобий ўзгаришлар юз берди. Кўплаб жиддий муаммолар, шу жумладан, давлат чегаралари, фуқароларнинг ўзаро сафарлари ва бошқа муҳим масалалар бўйича муросага эришилди. Бу, ўз навбатида, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга шароит яратиб, йигирма йилдан ортиқ давр мобайнида қўлдан чиқарилган имкониятларни қайтаришга хизмат қилади.

Ушбу ижобий воқеа-ҳодисалар ҳақида нашрларимизда ҳар қанча кўп ёритсак, шунча оздек туйилаверади. Мана шундай қизғин жараёнларни кенг аудиторияга етказишда ўзбекистонлик ҳамкасбларимизга муваффақият тилайман.

Эрмек КУРЕНКЕЕВ,

Қирғизистон Республикасининг “ЭлТР” давлат телерадиоузатиш компанияси муҳаррири:

— Қирғиз эли ўзбек халқи билан бир дарёдан сув ичиб, қўни-қўшничиликда яшаб келган. Кейинги икки йил ичида Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар давлатлар раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли мустаҳкамланмоқда. Одамлар ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар, албатта, ижобий самаралар беради.

Президентимиз Сооронбай Жээнбеков давлат раҳбари сифатидаги илк хорижий ташрифини айнан Ўзбекистонга амалга оширгани замирида ҳам катта маъно бор. Бугун ҳар икки халқнинг ёшу кексаси ўзларига яқин, оддий одамларнинг дарду ташвишларини ҳис этган ҳолда олиб борилаётган сиёсат амалий натижалар бераётганини эътироф қиляпти. Дўстлик ришталарининг мустаҳкамланиб бориши ҳамиша эзгулик олиб келганини кўпни кўрган юрт кайвонилари, элбошилари, оқсоқоллари элдош-қавмдошларига етказишди.

Айни пайтда Ўзбекистондаги халқ манфаати йўлидаги саъй-ҳаракатлар кенг қулоч ёймоқда. Бутун Марказий Осиё бўйлаб Ўзбекистоннинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий ҳаётидаги улкан ўзгаришлар, воқеа ва янгиликлар тезкорлик билан тарқалаётгани, ўзбек ОАВ қисқа вақт ичида минтақада ўз аудиториясини шакллантиришга улгургани мамлакатингизда меҳнат қилаётган журналистлар, оммавий ахборот воситаларининг бу жараёнларда нақадар фаол иштирок этаётганини кўрсатиб турибди.

Қабит БЕКЕНБАЙ,

Қозоғистон Республикасининг “Қазақстан” давлат телеканали муҳаррири:

— Қозоқ ҳамда ўзбек халқларининг қавму қариндошлик, дўсту биродарлик муносабатлари тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Эндиликда Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлари ўртасидаги дўстона қўшничилик ҳамда стратегик ҳамкорлик тили, дини, урф-одати, адабиёти ва маданиятлари муштараклигига таянган ҳолда изчил равнақ топмоқда.

Ўзбекистонда кечаётган ижобий ўзгаришлардан яхши хабардормиз. Президент Шавкат Мирзиёев кўп хайрли ишларни бошлади. Айниқса, яқин қўшни давлатлар билан борди-келди муносабатлари ижобий ечим топди. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар барча соҳада ривожланмоқда. Президентимиз Нурсултон Назарбоев ҳамда Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев доимо мулоқотда бўлиб туришади.

Жорий йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йили кенг нишонланмоқда. Бу йўналишда юртимизда Ўзбекистонга боғлиқ жуда кўплаб тадбирлар, анжуманлар, байрам кечалари уюштириляпти. Уларда иштирок этиб, завқ оляпмиз. Келгуси йилда эса Ўзбекистонда Қозоғистон йили ўтказилади.

Бугун кўпчилик давлатлар, халқлар Ўзбекистондаги янгиланишларга ҳавас билан боқмоқда. Тилагимиз халқ манфаати йўлидаги бу ислоҳотлар жадал давом этаверсин!

“Халқ сўзи” мухбири Омонулла ФАЙЗИЕВ ёзиб олди.
Туркия, Истанбул


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар