Ўзбекистондаги энг баланд гидротехника иншооти барпо этилмоқда

17:28 27 Май 2019 Жамият
605 0

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Пском дарёси тўлиқ мамлакатимиз ҳудудида шаклланадиган йирик сув ўзанларидан бири ҳисобланади. Бироқ Чотқол ва Кўксув дарёлари қўшилишидан ҳосил бўлган ушбу қайта тикланувчи энергия манбаи ҳали етарлича ўзлаштирилмаган. Шу боис “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан дарёнинг юқори қисмида улкан гидротехника иншооти бунёд этилмоқда.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Мутахассисларнинг айтишича, “Чорвоқ” гидроэлектр станциясидан қарийб 50 километрда тепаликда бунёд этилаётган “Пском” сув омборининг тўғони 195 метрни ташкил этади. Бу мамлакатимиздаги энг баланд тўғон, деганидир. Иншоотнинг эни ҳам, бўйи ҳам 1000 метрга чўзилиб, 520,8 миллион куб метр сув сиғимига эга бўлади. Натижада иншоот қошида ишга тушириладиган “Пском” гидроэлектр станциясини тўлиқ сув билан таъминлайди. Негаки, ундан олинадиган самарали сув ҳажми 486,5 миллион куб метрга етади.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Айни пайтда Бўстонлиқ туманининг Курдухтар қишлоғида қурилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Бунда иш вахта усулида уч сменада ташкил этилиб, 3000 нафар қурувчи ва мутахассислар, Жанубий Корея, Хитой, Туркия, Украина, Беларусь Республикаларидан келтирилган 280 та замонавий техника воситалари жалб этилгани айни муддао бўлмоқда. Масалан, кран 75 тоннагача юк кўтарса, “БелАЗ” оғир юк машиналари 45 тонна юк ташишга мўлжалланган. Бурғилаш техникалари эса портлатишсиз тоғ жинсларини тешиб ўта олади.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

— Бундай техникалар бешта бўлиб, шулардан биттасини мен бошқаряпман, — дейди бурғилаш комбайни бошқарувчиси Рустам Авезов. — У Украинада йиғилган бўлса-да, тишлари Германияда ишлаб чиқарилган. Жуда мустаҳкам. Ортиқча қийинчиликларсиз тошли қатламларни ҳам ёриб, кунига ўртача 7-7,5 метр лаҳм ковлаяпмиз.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Таъкидлаш керак, ГЭС “Гидропроект” акциядорлик жамиятининг юқори малакали мутахассислари томонидан лойиҳалаштирилаётир. Унинг қурилишга 2018 йилда геология-қидирув ишлари билан бир пайтда киришилган эди. Натижада бугунги кунга қадар 24 километрлик автомобиль йўли, 200 дан ортиқ техникаларга хизмат кўрсатадиган автожамланма, ишчилар учун ётоқхона қурилди. Шунингдек, 1800 метрлик туннелнинг 1700 метри қазиб бўлинди.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

— Туннел бир пайтнинг ўзида икки томондан қазиб келинаётгани туфайли иш суръати тезлашиб, ўртадаги 100 метрлик масофа қолди, холос, — дейди “Toʻpalang HPD Water Constuctions” давлат унитар корхонаси раҳбарининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Амондулла Шукуров. — Уни ҳам тез орада ёриб ўтиб, туннелларни бирлаштирамиз.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Тоғнинг чамаси 80-100 метр остидаги туннел ичига кирамиз. Маҳобатли иншоотга боқиб, қурувчиларимизнинг маҳоратига лол қоламиз. У худди ер ости йўлларини эслатади. Кенг ва ёруғ. Улкан юклагич бемалол ҳаракатланиб, тўпланган тоғ жинсларини юк автомобилларига ортади. Шундан сўнг ишчилар ерга бетон ётқизади.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Бизга ҳамроҳлик қилаётган “Toʻpalang HPD Water Constuctions” давлат унитар корхонаси бош муҳандиси Ражабали Шариповнинг айтишича, туннел ўта мустаҳкам қилиб қурилмоқда. Бурғиланган қисмида тоғ босими ҳисоб олинган ҳолда, 40 сантимергача темир-бетон ишлари пешма-пешма бажариляпти.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

— Туннел тўлиқ қазиб бўлингач эса ичига диаметри 6,5 метр, қалинлиги 20 миллиметрга тенг пўлат қувур ётқизилиб, унинг атрофига яна 65 сантиметр бетон қуйилиб, мустаҳкамланади, — дейди у. — Унинг тугаган қисмида, кўриб турганингиздек, Сув чиқариш иншооти биноси қуриляпти. Ҳадемай, улар битгач, дарё суви туннел орқали ўтказилиб, сув омбори қуришга кирамиз.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Суҳбатдошларимизнинг айтишича, майдонига туташ жойда кўчма шағал саралаш ҳамда бетон қориш заводлари қурилганидан сўнг иш жаддаллашиб кетди. Энг муҳими, бетон таннархи 30-40 фоиз арзонлашди. Негаки, илгари қум ва шағал 90 километр олис масофадан олиб келинарди. Энди бунга ҳожат қолмади. Шу ердаги карьердан олинаётган шағал сараланиб, соатига 200 тонна қурилиш ашёси ишлаб чиқарилмоқда. Ўз, навбатида, у туташ заводга узатилиб, соатига 100 куб метр бетон қорилмоқда. Пировадида қисқа давр ичида жами 50 минг куб темир-бетон, 10 миллион куб метр ер ишлари бажаришга муваффақ бўлинди.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

404 МВтлик “Пском” ГЭС ҳали Угом-Чотқол тоғлари бағридаги улкан бунёдкорлик ишларининг бошланиши, холос. Пском дарёнинг юқори ва қуйи қисмида яна иккида ГЭС қурилиши мўлжалланган бўлиб, уларнинг умумий қуввати 450 МВтга тенг бўлади. кўплаб доимий иш ўринлари яратилади. Шу жиҳатлар инобатга олиниб, энергетиклар учун шаҳарча барпо этиш саъй-ҳаракатлари бошлаб юборилди.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Ҳадемай, бу сўлим масканда замонавий туражойлар, болалар боғчаси, маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа инфратузилма объектлари тикланиб, фойдаланишга топширилади. “Пском” ГЭС эса 2026 йилда ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, у юртимизда экологик тоза ва арзон электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, Тошкент вилояти аҳолиси ҳамда иқтисодиёт тармоқларини ушбу ресурс билан барқарор таъминлаш имконини беради.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.
Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.
Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Саид РАҲМОНОВ, “Халқ сўзи”.

Ҳаким ЙЎЛДОШЕВ олган суратлар.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019