Ўзбекистондаги болалар уйларида видеокузатув камералари ўрнатилади

12:47 05 Июль 2018 Жамият
302 0

Марғилондаги меҳрибонлик уйи ва Тошкент вилоятидаги мактаб-интернетда содир бўлган воқеалардан сўнг мамлакатнинг барча болалар уйларида видеокузатув камералари ўрнатилади.

“Бу, албатта, жуда ёмон ҳолат. Прокуратура бу икки ишни алоҳида назоратга олган. Бундан ташқари, республикадаги барча болалар уйлари ва интернатларда назорат кучайтирилди. Расмий текширишлар бошланди, дея олмайман, аммо юқори ташкилотлар бундай муассасаларга эътиборни кучайтиришди”,- дея изоҳ берди бунга Бош прокуратура Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Сурайё Раҳмонова.

Айни дамда бошқа болалар муассасаларини текшириш ишлари ҳам бошланган. Ташкилот вакилининг таъкидлашича, текширувлар натижасида бу каби ҳолатлар аниқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги 78-ихтисослаштирилган мактаб-интернат мансабдор шахслари бола йўқолганини яшириш ва 16 ёшга тўлмаган баъзи тарбияланувчилар номаълум шахслар томонидан ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиниши учун шароит яратиб берганида айбланганди.

Ўтган йил декабр ойида эса Марғилондаги 1-сонли меҳрибонлик уйи раҳбарияти ва ходимлари давлат ва халқаро ташкилотлар томонидан ажратилган маблағларни талон-тарож қилишда айбланаётгани, шунингдек, тарбияланувчиларга нисбатан жинсий ва жисмоний зўравонлик ишлатишда гумон қилинаётгани ҳақида хабар берилганди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар