Ўзбекистонда жорий йил I чорагида ЯИМ 4,6 фоиз ўсиши кутилмоқда

19:21 23 Апрель 2020 Сиёсат
418 0

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси онлайн форматда — видеоконференц алоқа тарзида бўлиб ўтди.

Унда дастлаб Вазирлар Маҳкамасининг 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2020 йил биринчи чоракдаги ижроси кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда иқтисодиёт тармоқларида амалга оширилган таркибий ўзгартиришлар, ислоҳотлар ҳамда ўз вақтида кўрилган амалий чора-тадбирлар ҳисобот даврида макроиқтисодий барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлгани таъкидланди.

Ҳисоботга кўра, 2020 йилнинг I чорагида ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,6 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Хитой Халқ Республикасида аниқланган, сўнгра дунёнинг кўплаб мамлакатларига тарқалган коронавирус пандемияси сабабли, иқтисодиёт тармоқларидаги ўсиш суръатлари секинлашди. Президентимиз раҳбарлигида Ҳукумат томонидан жорий йилнинг ҳисобот даврида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш юзасидан қатор чоралар кўрилди.

Хусусан, мамлакат раҳбарининг тегишли Фармонига асосан, Молия вазирлиги ҳузурида 10 триллион сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди.

Мазкур маблағ, даволаш ва бошқа муассасаларни зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар, ҳимоя воситалари ва тест тизимлари билан таъминлаш, шахсларни карантинда сақлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш, тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, қўшимча инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, давлат кафолати остида жалб этилган кредитларни сўндириш ва фоизсиз бюджет ссудалари ажратиш, ташқи савдо фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари транспорт xаражатларининг бир қисмини компенсация қилиш каби тадбирларга йўналтирилмоқда.

Қайд этилганидек, жорий йилнинг биринчи чорагида кредитлаш ҳажмлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16 фоизга ошиб, жами 30 трлн. сўм миқдорида кредитлар ажратилди.

Мамлакатимизда пандемия фонида туризм хизматларини кўрсатиш ҳажми эса кескин пасайди. Хусусан, 2019 йилнинг январь-март ойларида 1 380 минг нафар хорижий фуқаро ташриф буюрган бўлса, 2020 йилнинг I чорагида ташриф буюрувчилар оқими 12 фоизга камайди.

Мажлисда депутатлар томонидан бугунги мураккаб шароитда соғлиқни сақлаш тизимини янада қўллаб-қувватлаш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли ўз томорқаларидан самарали фойдалана олиши учун уларга ҳар томонлама кўмаклашиш, фуқароларга кўчатлар, минерал ўғитлар етказиб беришдаги, кредит олишдаги муаммоларни ҳал қилиш юзасидан бир қатор таклифлар берилди.

Депутатлар жорий йилнинг иккинчи чорагида Давлат дастурининг ижроси устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш, парламент назоратининг барча шаклларидан унумли фойдаланиш лозимлигини қайд этишди. Аҳоли фаровонлигини янада яхшилаш борасидаги тадбирларнинг самарали амалга оширилиши зарурлиги таъкидланди. Айни масалалар юзасидан ҳам депутатларнинг Ҳукуматга таклиф ва тавсиялари билдирилди.

Қизғин ва амалий руҳда кечган ўзаро савол-жавоблардан сўнг, Ҳукумат ҳисоботи маълумот учун қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА("Халқ сўзи")

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?