Ўзбекистонда Жанубий Корея бизнеси учун энг қулай шароитлар яратилади

17:54 19 Апрель 2019 Сиёсат
538 0

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Мун Чжэ Ин Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес-форумининг очилиш маросимида иштирок этди. 

Ўзбекистон билан Жанубий Корея ишончли ва узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорлардир. Мамлакатимиз иқтисодиётидаги  Корея инвестицияларининг умумий ҳажми 7 миллиард доллардан ошган. Корея миллий нефть корпорацияси, Эксимбанки, “Kogas”, «Lotte group», «Samsung», «Hundai», «Shindong resources» ва бошқа кўплаб етакчи компаниялари юртимизда устувор инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. 

Давлатимиз раҳбари Кўксаройда ўтган музокараларда ишбилармонлик алоқаларини қўллаб-қувватлаш, айниқса, ўрта ва кичик бизнесни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлади.

- Бугун Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар улкан ғоя ва лойиҳаларни ҳаётга дадил жорий этиш учун кенг имкониятлар очмоқда. Ўтган йили мамлакатимизда янги қўшма корхоналар сони 3 баробар кўпайди. Уларнинг орасида Корея капитали иштирокида ташкил этилган 160 та корхона мавжуд. Биз бундан буён ҳам Корея бизнесининг мамлакатимиздаги иштирокини кенгайтириш учун энг қулай шароитларни яратишга тайёрмиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

Корея Республикаси Президенти Ўзбекистон азалдан савдо, илм-фан, маданият маркази бўлгани, бугунги кунда ҳам бизнес учун кенг имкониятлар очилаётганини қайд этди. Жанубий Корея Ўзбекистондаги инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибалар билан ўртоқлашишга тайёр эканини билдирди. 

«Ўзэкспомарказ»да ўтказилган форумда икки мамлакат иқтисодий ва молиявий тузилмалари раҳбарлари, етакчи ишбилармонлари иштирок этди. Хусусан, Корея Республикасининг 150 та компания ва ташкилотидан 350 дан ортиқ вакиллар қатнашди. Компания ва ташкилотлар ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, товарлар етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.​

Бизнес-форумда умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд бўлган муҳим келишувларга эришилди ва битимлар имзоланди. Улар энергетика, нефть-газ, химия ва тоғ-кон, машинасозлик ва электр техникаси, транспорт ва логистика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, инфратузилмалар, ахборот-коммуникация технологиялари, рақамли тиббиёт каби устувор йўналишларни қамраб олган.

«Ангрен» иқтисодий зонасини «Инчхон» эркин иқтисодий зонаси бошқарувига бериш, «Бўстонлиқ-фарм» ҳудудида энг зарур дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича келишувлар алоҳида эътиборлидир.

Президентимиз Жанубий Корея ишбилармонларини мамлакатимиз иқтисодиётидаги янги имкониятлардан фаол фойдаланишга чақирди.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019