Ўзбекистонда жаҳон чемпионатлари, Европа Чемпионлар лигаси учун футбол тўплари ишлаб чиқарилади

18:22 24 Июль 2019 Спорт
511 0

Ўзбекистонда ФИФА таснифидаги жаҳон чемпионатлари ва УЕФА Чемпионлар лигаси ўйинлари учун футбол тўплари ишлаб чиқариладиган завод очилади. Бу ҳақда мамлакатимизнинг Покистондаги элчиси Фурқат Сидиқов ва Forward Group компанияси эгаси Хваж Маъсуд Ахтар ўртасида бўлиб ўтган музокараларда маълум қилинди, деб хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

Таъкидлаш жоиз, Forward Group спорт товарлари, асосан, футбол тўплари тайёрлайди. Ушбу бренд 2014 ва 2018 йиллардаги жаҳон чемпионатлари, қолаверса ЕЧЛ учун расмий ва ягона тўп етказиб берувчи бўлган. Шунингдек, қўл тўпи, волейбол коптоклари, спорт сумкалари ишлаб чиқариладиган заводларга эга. Айни чоғда замонавий тиббий жарроҳлик воситаларини ҳам ишлаб чиқаради.

Учрашув давомида Хваж Масъуд Ахтар, умуман олганда, компания “ноу-хау”лар, технологиялар маҳфийлигини таъминлаш, товарларнинг юқори сифатини сақлаб қолиш мақсадида хориж давлатларида инвестициявий фаолият олиб бормаслигини қайд этди.

Шунга қарамай, Forward Group Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини инобатга олган ҳолда айнан бизнинг мамлакатда биринчи инвестициявий лойиҳасини амалга оширишга қарор қилди. Ўзбекистонда МДҲ ва Европа маконида муқобили йўқ бўлган замонавий корхонани ташкил этиш учун 2017-2019 йилларда улкан ишлар амалга оширилди. Ушбу завод Андижонда қад ростлайди.

Қўшма корхоанинг ишлаб чиқариш салоҳияти ойига 3000 та тўпга тенг. Юртимизга олиб келинган асбоб-ускуналар ўз йўналишида ягонадир ва тижорат сири ҳамда интеллектуал мулкнинг қимматбаҳо объектлари ҳисобланади.

Элчи билан суҳбат чоғида ушбу лойиҳанинг тўлиқ рўёбга чиқарилиши Ўзбекистоннинг инвестициявий имижини нафақат Покистондаги, балки бошқа давлатлардаги йирик компаниялар кўз ўнгида янада мустаҳкамлаши алоҳида эътироф этилди. Хусусан, УЕФА, ФИФАнинг жаҳон миқёсидаги ва бошқа нуфузли футбол турнирлари учун “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остида тўплар ишаб чиқариш республикамиз иқтисодиёти сифати ва саноат салоҳиятини намоён этади.

Мулоқот якунида покистонлик бизнесмен Андижон вилоятида Forward-TH Sports лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилса, компанияси Ўзбекистонда спорт сумкалари ҳамда дунё футбол клублари учун либослар ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишни режалаштираётганини билдирди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019