Ўзбекистонда “Яширин иқтисодиёт”ни тугатишнинг замонавий йўли қайси?

20:33 12 Март 2020 Иқтисодиёт
566 0

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида жамиятимиз олдига бир қатор ўзаро занжирсимон боғланган вазифаларни қўйди. Жумладан, рақамли иқтисодиётнинг тўлиқ жорий этилиши шаффофликни таъминлаб, “яширин иқтисодиёт”ни тугатиш ва ҳар бир ҳудудий раҳбар фаолиятига баҳо бериш имкониятини яратади. Демак, мазкур вазифаларни ўзаро боғлиқликда ўрганиш ва бажариш мақсадга мувофиқдир.

Маълумки, илм аҳли ўтган даврда “Фан бошқа, ҳаёт бошқа” қабилида иш юритиб келди. Янги Ўзбекистонда эса фанга кенг йўл очилди. Жорий йилнинг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланиши, айниқса, олимлар олдига салмоқли вазифаларни қўймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Жорий йилда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилишимиз керак. Биринчи навбатда, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш лозим” дея ўта муҳим вазифа қўйилган экан, буни рақамли иқтисодиётни жорий этиш учун зарур бўлган дастлабки тадбирлар, деб қарашимиз зарур.

Тараққиёт кафолати

“Рақамли иқтисодиёт” атамаси Американинг Массачусетс университети профессори Николас Негропонте номи билан боғлиқ бўлиб, у 1995 йилда ахборот технологияларидан иқтисодиётда фойдаланиш жараёнини “рақамли иқтисодиёт” деб атаган. Афсуски, бугунги кунгача жаҳон илм аҳли ҳам, маҳаллий олимларимиз ҳам мазкур атамани интернет алоқаси билан боғлаган ҳолда, унга “интернет-савдо” деб баҳо бериб келганлари ёки бўлмаса, “ишлаб чиқариш ва савдонинг ахборотлаштирилиши” деб чекланиб қолганлари унинг моҳиятини тўлиқ очиб бермайди. Чунки биринчидан, олимлар мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, масалага баҳо беришмоқда, иккинчидан, илғор тармоқларни назарда тутиб, ахборот технологияларидан фойдаланишда иқтисодиётни тўлиқ қамраб ола билмаяпти. Мамлакатимизда жаҳондаги ривожланган давлатлар қаторида интернет-савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ахборот технологияларидан кенг фойдаланилаётганини эътиборга олиб, рақамли иқтисодиётга таъриф бериш билан чекланиш жараённинг жамиятдаги моҳияти тўлиқ рўёбга чиқишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Янги Ўзбекистон иқтисодиётининг ўзак мақсади фуқароларнинг яшаш шароитини янада яхшилаш, ижтимоий аҳволини ўнглаш ҳамда фаровонлигини оширишга қаратилган. Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармон ва қарорларига мувофиқ, ҳар бир оиланинг тадбиркор бўлиши, яъни ёшлар, хотин-қизлар ишбилармонлигини ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳалар, томорқа эгаларига ажратилаётган кредитлар — буларнинг барчаси халқимизнинг фаровонлиги ҳамда иқтисодиётимизнинг ривожига хизмат қилаётгани шундан далолат беради. Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади. Даромадимиз қанча ошса, тўлайдиган солиғимиз, яъни Давлат бюджетига кирим ҳам шунча ортади. Бу дегани — иқтисодиёт инсон ақл-заковати ва меҳнати замирида ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш), айирбошлаш, тақсимот ва қайта тақсимот жараёнларини ўзида мужассамлаштирган бўлиб, унинг ахборот технологиялари ёрдамида комплекс равишда бошқарилиши “рақамли иқтисодиёт” деб аталади.

“Иккинчи интернет” майдони

Дунё технологик жараёнларидан орқада қолиш ҳар қандай жамиятни тубанликка олиб келади. Мамлакат жаҳоннинг хом ашё базаси ва иш кучи бозорига айланади. Бундай оқибатларнинг олдини олиш учун давлатимиз раҳбари 2018 йил 3 июлда “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2018 йил 2 сентябрда “Рақамли ишонч” рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикасида крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2018 йил 21 ноябрда “Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида рақамли инфратузилмани янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларни қабул қилди. Натижада жамиятимизда иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларини рақамли бошқариш сиёсати қонунлаштирилди, Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (НАПУ) республикамизда рақамли иқтисодиётни жорий қилиш учун мутасадди ташкилот этиб белгиланди. Агентлик томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар асосида республикада “Рақамли ишонч” рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

Бундан ташқари, Президент фармонлари ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 январдаги 31-сонли қарори билан “Рақамли ишонч” жамғармаси “Ўзбекгидроэнерго” АЖ давлат томонидан 100 фоиз таъсисчи этиб тайинланди. Ҳокимликлар ва тармоқ вазирликлари эса “Блокчейн” ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланишни назарда тутмоқдалар. Масалан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги “Universal” компанияси билан “Smart City” лойиҳасини тайёрлашда ёки Маданият вазирлиги тизимида маданият ва санъат муассасаларига чипта тарқатишда айнан “Блокчейн” технологиясидан фойдаланишларини билдиришди. Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги 2018 йил 12 ноябрда республикада “Блокчейн”дан фойдаланишнинг биринчи пилот лойиҳаси — “Рақамли ишонч” жамғармасини Россия Федерациясининг “Blockchain Industrial Alliance” компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилганлигини эълон қилди.

Албатта, мамлакатимиз бўйича глобал рақамли иқтисодиётни жорий этиш юқори малакали кадрларни ва улкан сиғимга эга бўлган “Блокчейн” ахборотлар технологиясини талаб этади. Республикамиз раҳбари ўзининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида бир миллионта дастурчи мутахассислар тайёрлаш тўғрисида тўхталиб, рақамли иқтисодиётни бунёд этувчи билимли кадрлар тайёрлаш топшириғини берди.

Сир эмас, улкан ҳажмдаги маълумотларни ўзида сиғдира оладиган “Блокчейн” технологиялари иқтисодий ривожланган давлатлардан сотиб олиниши керак. У катта маълумотлар базаси бўлиб ҳисобланади ва унинг ёрдамида иқтисодиёт марказлашган ҳолда бошқарилиши мумкин. “Блокчейн”ни баъзи олимлар “иккинчи интернет” майдонига қиёслашади. Иқтисодиётнинг барча тармоғи маълумотлари бир жойга йиғилиб, суперкомпьютерлардан иборат базага жамланади. Бунда қўшимча маълумотларни йиғишга ҳожат қолмайди. “Блокчейн” маълумотлар базаси йирик бўлиб, унда маълумот сақлаган мижоз уларни солиштириб, хоҳлаган пайтда берилган топшириқ шаклида маълумот олишга ва махфий сақланишига эришади. Макроиқтисодиёт республика миқёсида бошқарилишини таъминлайди. Улкан маълумотлар базасига эга бўлган механизмнинг харажати ҳам шунга қараб кўп бўлиши табиий ҳол. Чунки бу соҳа катта миқдордаги электр энергиясини талаб этади. Хорижий матбуот маълумотларида виртуал активлар яратиш учун энергия сарфи алюминий қазиб чиқаришдан 7 маротаба, олтиндан 4 маротаба кўплиги таъкидланган. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбарининг қарорларида “Блокчейн” технологияларини жорий этиш 2021 йил 1 январдан бошланиши белгилаб берилганлиги сабаб адабиётларда ва бошқа турли чиқишларда ҳозирча “Блокчейн” атамасини ишлатишдан чегараланишни тавсия этардик. Негаки, давлат реестрлари, классификаторлари ва бошқа маълумотлар базаларини юритиш, жумладан, уларга киритилган ахборотларни янгилаш ва самарали фойдаланиш йўллари эндигина ишлаб чиқилмоқда.

Яширилган маблағни аниқлаш имкони бўлади

“Яширин иқтисодиёт” ўз фаолиятини хуфиёна олиб боради. Хом ашё сотиб олиш ёки тайёр маҳсулотни сотишни нақд пулда бажариб, банкдан ташқари айланма асосида солиқ ва бошқа тўловларни бажармайди. Пировардида жамият иқтисодий зарар кўрмоқда. Уни бартараф этиш учун иқтисодиётда шаффофликни йўлга қўйиш керак. Яъни иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш республикамиз учун зарурий эҳтиёждир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Жорий йилда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилишимиз керак. Биринчи навбатда, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш лозим” дея ўта муҳим вазифа қўйилган экан, буни рақамли иқтисодиётни жорий этиш учун зарур бўлган дастлабки тадбирлар, деб қарашимиз зарур. Чунки ҳар бир тармоқда юқоридан пастки шохобчаларгача иш жараёнини ахборот технологиялари ёрдамида олиб боришни таъминласак, биринчи галда, макроиқтисодиётни рақамлаштиришимиз осонлашади, иккинчидан, тармоқлараро алоқалар ҳам рақамлаштирилади. Юртбошимиз томонидан юқорида номлари қайд этилган тармоқлар 2020 йилда ўз тизимларида ахборот технологияларини тўлиқ жорий этиб, глобал тармоқнинг дастлабки шакли сифатида банк, солиқ ва божхона тизимлари билан рақамлар асосида маълумот айланишини йўлга қўйишлари керак. Ана шунда тармоқ вазирликлари томонидан ўз фаолиятлари юзасидан тақдим этилган маълумотлар банк, солиқ ва божхона томонидан жамланган маълумотлар билан солиштирилганда, иқтисодиётимиз равнақига тўсиқ бўлиб турган фарқ аёнлашади. Уни қандай номламанг, аввало, банкдан ташқари айланма ва коррупция келтириб чиқарадиган омил бўлиб ҳисобланади.

Энди бугунги макроиқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблаш амалиётини абстрактлаган ҳолда рақамли иқтисодиётга ўтиш муносабати билан кўрсаткичларни ахборот технологиялари ёрдамида тузиб, республика миқёсида “Блокчейн” маълумотлар базаси билан солиштириш натижасида қўлга киритиладиган натижаларни нисбий мисолда кўрсатиб ўтсак. Товар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш натижалари қуйидаги ҳолатларни ўз ичига олади: сотилиши ва маблағ ҳисоб рақамга тушиши, ўзида қайта ишлатилиши, жўнатилган товарлар (кўрсатилган хизматлар)га пули олинмаганлиги ва товарлар сотилмай омборхонада туриши. Демак, корхонадан бошлаб барча субъектлар иш фаолиятига баҳо бериш юқоридаги кўрсаткичлар ёрдамида ҳисобланади. Маҳсулот сотилганлигини корхона ҳисоб рақамига тушган маблағ кўрсатса, жўнатилган, лекин пули олинмаган қарздорликни тижорат банкида махсус юритиладиган ҳисоб рақам, маҳсулотнинг хом ашё сифатида қайта ишлатилиши ва омбордаги тайёр товарлар ҳажми корхона бухгалтерия балансида қайд этилади. Ягона глобал рақамли иқтисодиёт тизимига уланган ҳар қандай ишлаб чиқариш, айирбошлаш, тақсимот ва қайта тақсимот шаффоф ҳолда кўринади. Ҳудудлар ва вазирликлардан олинган ҳисоботлар “Блокчейн” маълумотлари билан солиштирилганда, қайси тизим ва ҳудудда банкдан ташқари айланмалар борлиги аниқ кўрсатиб берилади.

Хулоса шуки, илм асосида ташкил этилган рақамли иқтисодиёт жамиятимиздаги барча камчиликларни бартараф эта оладиган ва тараққиётни янада жадаллаштирадиган ягона йўлдир.

Шавкат АЮПОВ,

ЎзР ФА В. И. Романовский номидаги

Математика институти директори,

академик, сенатор.

Ашур ҚОДИРОВ,

иқтисодиётфанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?