Ўзбекистонда янги спорт — курашнинг янгича йўналиши жорий қилиниши мумкин

14:05 10 Январь 2020 Спорт
900 0

Пойтахтимизда Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан “Ўзбек курашининг тарихи, бугуни ва истиқболи” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда миллий уч ярим минг йиллик тарихга эга спорт туримизнинг халқаро майдондаги ривожи, уни оммалаштириш, мамлакатимизда курашни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар ўртага ташланди.

Конференция делегатлари 2019 йил декабр ойида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кураш миллий спорт турининг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси юзасидан юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон Кураш федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, ҳамкорликда ўқув-методик адабиётлар ва илмий-тадқиқотлар амалга ошириш, биргаликда дарсликлар яратишни кўзда тутилган.

Конференцияда ўзбек курашини ривожлантириш ва истиқболига доир долзарб масалалар юзасидан соҳанинг етук мутахассислари, федерация вакиллари ва фахрий курашчиларнинг илмий маърузалари тингланди. Унда хусусан, курашнинг жанговар йўналишини ишлаб чиқиш ва жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш ҳақида таклифлар илгари сурилди. Бу борада мутахассислар 11 январь куни “Сағбон” спорт мажмуасида ўтадиган амалий машғулотларда маҳорат сабоқларини ўтказишлари айтиб ўтилди.

Мазкур анжуманда бир қатор вазирлик ва ташкилотлар иштирок этишиб мамлакатимизда Ўзбек курашини янада оммалаштириш юзасидан ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан фикрлар алмашдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?