Ўзбекистонда яна бир янги енгил автомобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Нархи 270 млн. сўмдан бошланади (ФОТО)

20:37 27 Ноябрь 2019 Иқтисодиёт
5030 0

Фото: Ҳасан Пайдоев, "Халқ сўзи"

Ўзбекистонда илк бор ишлаб чиқарилган Isuzu D-Max пикапининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда мухбиримиз Саид Раҳмонов хабар беради. 

Янги автоулов 3 та модификацияда ва 7 хил рангда тақдим этилади. Сотувлар 2020 йил январь ойидан бошланади.

Мазкур автомобиль ҳам йўловчилар, ҳам юкларни ташиш учун бирдек қулай бўлиб, “универсал дизайн” концепциясини ўзида намоён этган.

“2002 йилдан буён Isuzu D-Max пикапи бутун дунё бўйлаб Япониянинг Isuzu Motors компанияси томонидан ишлаб чиқариб келинмоқда, - дейди Самарқанд автомобиль заводи бош директори ўринбосари Хусен Қобилов. – Шу йиллар ичида у турли иқлим шароитларида миллионлаб километрлар босиб ўтди ва янада мукаммаллашди. Ўзбекистонда ишлаб чиқариш учун 2017 йилда Isuzu D-Max модификациясининг иккинчи авлоди танлаб олинди. Пикаплар экология талабларига мослиги ва тежамкорлиги билан ажралиб турувчи дизель ёқилғисида ишлайди. Ушбу модель шассиси Isuzu агрегатлари билан жиҳозланган бўлиб, ишлашнинг юқори кўрсаткичларини намойиш этади. Isuzu D-Max руль бошқаруви ва ғилдираклар осмаси ўртасидаги қўйилган мувозанати бўйича ўз тоифасидаги автомобиллар орасида энг яхшиси ҳисобланади. Ушбу автомобиль мураккаб йўл шароитларида ҳам мувозанат сақлай олиши кафолатланади”.

Мамлакатимиз учун Isuzu D-Max учта модификацияда тақдим этилади:

- Икки қаторли кабина, 2 йўловчили ўриндиқ, 2,5 литрли двигатель ҳажми ва механик узатмалар қутиси бўлган D-Max Sahar;

- Бир қаторли кабина, 4 йўловчили ўриндиқ, 2,5 литрли двигатель ҳажми ва механик узатмалар қутиси бўлган D-Max Oksus;

- Икки қаторли кабина, 2 йўловчили ўриндиқ, 2,5 литрли двигатель ҳажми ва автоматик узатмалар қутиси бўлган D-Max Irbis.

Пикапнинг юк кўтарувчанлиги 865-1100 кг.га тенг.

Анъанавий равишда Isuzu автомобилларида ҳайдовчи ва йўловчиларнинг хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилади. Isuzu D-Max япон стандартларига мувофиқ юқори мустаҳкамликдаги пўлат кабина, энергияни юта олувчи олд қисм, ён зарбга чидамли планкалар ва таранг тортиб турувчи хавфсизлик ёстиқчалари билан жиҳозланган.

Пикапнинг ранглар хилма-хиллиги оқ, кумушсимон, металлик, кулранг металлик, обсидиан, кулранг, қора, кўк ва қизил рангларда тақдим этилган. Автомобиль интерьерида безашнинг қора элементлари, хромланган деталлар ва ушлаб кўрганда ёқимли материаллар уйғунлашади. Кенг эшиклари кабинага осон кира олиш, ичкарида эса йўловчиларни қулай жойлашишини таъминлайди.

Автомобиль нархи 270 млн.- 380 млн. сўм оралиғида белгиланган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019