Ўзбекистонда яна бир нуфузли институтнинг филиали очилади

10:46 25 Июль 2018 Маданият
437 0
Фото: tvkultura.ru

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳрида Бутунроссия кинематография давлат институти филиали (қўшма факультети) очилади. Бу давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йилнинг 24 июль куни имзоланган “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда ўз ифодасини топган.

Шунингдек, мазкур ҳужжатга мувофиқ:

- “Ўзбекфильм” акциядорлик жамияти “Ўзбекфильм” давлат унитар корхонаси этиб қайта ташкил этилди;

- “Ҳужжатли фильмлар киностудияси” давлат унитар корхонаси “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси” давлат унитар корхонаси сифатида қайта номланди;

- “Ўзбеккино” МАнинг ҳудудий бўлинмалари негизида “Республика кинопрокат маркази” давлат унитар корхонасининг филиаллари ташкил этилди;

- “Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси” давлат муассасасини нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида қайта ташкил этилди.

Киноиндустрия соҳаси ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ташкил этилди. Марказ, жумладан, киноиндустрия соҳаси ходимларини шартнома асосида қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш билан шуғулланади.

Кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг прокати билан шуғулланувчи ташкилотлар 2020 йил 1 январгача бўлган муддатга барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалар тўлашдан, шунингдек, олиб кириладиган кино ишлаб чиқариш ва кино намойиш этиш ускуналари учун божхона тўловларидан озод этилди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар