Ўзбекистонда узум навларини комбайнларда экиш йўлга қўйилади 

10:41 15 Август 2019 Жамият
1196 0

Куни кеча Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Германиянинг Рейнланд –Пфальц Федерал ери ишбилармон доира вакиллари иштирокида виночилик, узумчилик соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган  учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Унда Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директори Баҳодир Халиков бугунги кунда Ўзбекистонда Германияда етиштирилаётган  узумларнинг навларини жорий этиш, немис технологияси асосида уни етиштиришга тайёр эканлигини билдирди. 

Қайд этилганидек, республикамиз ҳудудларида қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрида 45 та узум нави мавжуддир. Қишлоқ хўжалик корхоналари тасарруфида эса жами 75 минг гектар узум майдони бор. Шунинг 87 фоизини хўраки ва кишмишбоп узумлар ташкил этади. Саноатбоп узумлар майдони 11-12 минг гектар ёки токзорлар умумий майдонининг 13 фоизига тенг . Шундан 4-5 фоизи қимматбаҳо узум навлари ҳиссасига тўғри келади. 

2019-2021 йилларда жами 23400 гектар майдонда янги токзорлар барпо қилиниши режалаштирилган. Шундан 2019 йилда 8290 гектар, 2020 йилда 8840 гектар ҳамда 2021 йилда 6270 гектар майдонда янги токзорлар барпо қилишнинг манзилли дастури ишлаб чиқилган. Бугунги кунда маҳаллий навлардан ташқари Франция, Италия, Германия, Грузия ва бошқа давлатлардан интродукция қилинган Каберне Совиньон, Моратель, Хиндогни, Ркацители, Рислинг, Мускат Розовый, Мускат Венгерский, Алеатико каби юқори сифатли вино, вино материаллар ва шампан винолари тайёрлаш имконини берувчи узум навлари экилмоқда.

Ўз навбатида, Германиянинг Рейнланд –Пфальц Федерал ери ишбилармон доира вакиллари бугунги кунда вино учун етиштирилаётган узумнинг 80 фоизи юқори технологиялар асосида махсус комбайнларда экилаётгани, тажрибали мутахассислар немис технологиясини Ўзбекистонда жорий этишга тайёр эканликларини билдиришди. 

Мулоқот давомида Ўзбекистонда Германия узум навларини етиштириш, соҳага янги технологияларни жорий этиш, жумладан, узум навларини комбайнларда экиш ва ҳосилини йиғиб олиш, шунингдек, токзорлардан юқори ҳосил етиштиришда замонавий суғориш технологиялар, яъни томчилатиб суғориш тизимини кенг қўллаш мақсадида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?