Ўзбекистонда узоқ вақт қолиб кетган чет эллик меҳмонлар жазоланди

12:52 09 Июль 2019 Жамият
476 0

Халқ сўзи Online”. Саминжон Ҳусанов/Андижон. Аввало айтмоқ жоизки, ўзбек халқи меҳмондўст. Тўшаги етмаса чопонини тўшаб бергувчи бу элнинг одамлари қўйиб берсангиз йиллаб меҳмон кутишдан чарчамайди. Бироқ, ҳурматга иззат деганлари мана шу давлат тартибларига риоя қилишдан, унга ҳурмат бажо келтиришдан бошланади. Афсуски, иззатини билмайдиган айрим замондошларимиз ҳам йўқ эмас.

Ана шулардан бири бўлмиш Россия Федерацияси фуқароси София Раметова (исмлар ўзгартирилган - ҳар тугул меҳмоннинг ҳурмати бор) қариндоши Холида опаникига келдию, бир йил қолиб кетса бўладими! Вақтинча яшаш учун рўйхатдан ўтмагани боис амал қилиши керак бўлган муддатнинг ўзи йўқ, деб ўйлади шекиллида. Оташхон опа эса Софияхондан ҳам ўтиб тушди. Қирғизистон Республикасида яшовчи бу аёл ўзбекистонлик Шукурилло ака билан шаръий никоҳдан ўтиб олди. Йўқ, турмушига кўз олайтирмаймиз (қайтанга бахтини берсин), лекин наҳотки орадан 6 йил ўтса ҳам манзилга рўйхатдан ўтай демаса...

“Бу каби ҳолатлар кўплаб учрамоқда. Шу боис ҳатто хорижий фуқароларга нисбатан ҳам амалда белгиланган жазо чорасини қўллашга мажбур бўляпмиз”, - дейди Булоқбоши тумани маъмурий судининг раиси Акмалжон Шерматов.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 225-моддасида ”Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиши, яъни Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларсиз ёки ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар билан яшаши, вақтинча ёки доимий прописка, кўчиш ёки тураржой танлаш юзасидан белгиланган тартибга риоя этмаслиги, бўлиш муддати тугагач чиқиб кетишдан бўйин товлаши” учун жазо чоралари белгиланган. Демак, ҳар бир мамлакатда бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам республикага кириш-чиқиш тартибларига риоя этилиши мажбурий.

Қонун қонунбузарликни ёқтирмайди. Шундай экан, амалдаги тартибларга риоя этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Бунинг учун энг аввало, ҳуқуқий саводхонлигимизни ошириш, маданиятимизни янада юксалтириш шарт ва зарурдир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019