Ўзбекистонда учинчи ренессанс даврига пойдевор қўйилди

15:54 11 Сентябр 2019 Сиёсат
202 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 сентябрь куни Тошкент шаҳрида иш бошлаган Президент мактабини бориб кўрди.

Давлатимиз раҳбари ­президентлик ­фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимиз учун энг катта ­муаммо, бу — ­бугунги замон талабларига мос кадрлар етишмаслигини, барча соҳада инновацион ва креатив фикрлайдиган, илғор технологияларни ўзлаштирган мутахассисларга эҳтиёж жуда юқори эканини таъкидлаб келади.

Чунки мураккаб ўтиш даврида мактаблардаги таълим сифати пасайиб кетди, коллежларда давомат номига юргизилди. Ижод мактабларининг йўқлиги, маданият ўчоқлари, тўгараклар фаолиятига эътибор қаратилмагани бир қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқарди. Ёшларимиз билимсиз бўлиб улғайди, айримлари ёмон йўлларга кириб кетди, баъзилари эса чет элларда сарсон-саргардон юрибди.

Шу боис Шавкат Мирзиёев бу масалага ўз ташвиши ва дардидек қаради, юртимизнинг эртанги куни замонавий кадрларга боғлиқ эканини алоҳида таъкидлаб, бунинг учун таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялашни ­устувор вазифа сифатида ўртага қўйди.

Ҳақиқатан ҳам, ривожланган давлатлар тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларда жамият ҳаётини ўзгартиришга қаратилган ислоҳотлар, аввало, таълим тизимидан, боғча, мактаб, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз. Чунки мактабни, таълим-тарбияни тартибга солмай туриб шахсни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг эртанги кунига ишончни ­мустаҳкамлаш, аждодларга муносиб бўлиш учун ислоҳотларни илмдан бошлаш керак. Чунки илмсиз ҳеч бир соҳада натижа бўлмайди.

Кейинги уч йилда бу борадаги муаммоларни самарали ҳал этиш, мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шу мақсадда қатор Фармон ва қарорлар қабул қилиниб, бу борадаги ком­плекс саъй-ҳаракатлар учун пухта ҳуқуқий замин яратилди. Мактабгача таълим, умумий таълим ва олий таълим тизими мазмунан ва сифат жиҳатидан янгиланиб бормоқда.

Ўзбекистонда улуғ алломаларимиз — ­Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, ­халқимизнинг ардоқли адиблари номлари ­билан аталган ижод мактаблари, “Темурбеклар мактаби”, Президент мактаблари, хусусий мактаблар сингари янги ва замонавий намунадаги таълим даргоҳлари ташкил этилгани юртимиз фарзандлари учун таълим-тарбия олиш борасида янги имкониятлар очиб ­бермоқда.

Давлатимиз раҳбари ўтган йил ноябрь ­ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтариш учун, аввало, янги авлод кадрларини тайёрлаш зарурлигини, шу мақсадда юртимизнинг ҳар бир ҳудудида ­биттадан янги тоифадаги мактаблар — ­Президент мактаблари ташкил этилишини ­таъкидлаган эди. Жорий йил 20 фeвраль куни давлатимиз раҳбарининг “Прeзидeнт мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, қисқа муддатда Тошкент шаҳрида даст­лабки Президент мактаби қуриб битказилди, ­Нукус, Наманган ва Хива шаҳарларидаги ­шундай мактаблар қурилиши жадал давом ­этмоқда.

2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва ­Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Андижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида ­Президент мактаблари ташкил этиш режалаштирилган.

Мазкур ўқув масканлари янги авлод кадрларини етиштиришда муҳим пойдевор бўлиши, шубҳасиз. Чунки ­Президент мактаблари иқтидорли болаларни аниқлаш, уларга ­илғор технологияларни қўллаган ҳолда сабоқ бериш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизим бўлади. Бу истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, маънан етук ва интеллектуал жиҳатдан баркамол авлодни шакл­лантиришга хизмат қилади.

Президент мактаблари ихтисослаштирилган таълим муассасаси шаклида ташкил этилади. Бу мактабларга ўқувчилар 4-синф битирувчилари орасидан мантиқий фикрлаш тестлари, ёзма имтиҳон ва суҳбатлар натижаларига кўра қабул қилинади. Мактабнинг йиллик қабул квотаси 24 ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил — 12 нафардан ўқувчи тақсимланади. Таълим жараёни хориждаги таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режаси ва ­дастурлари бўйича инглиз тилида олиб борилади. Табиий ва аниқ фанлар, хорижий тиллар билан бирга ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий ўзликни англатиш учун ўзбек тили ва адабиёти, тарих ва бошқа фанларга ҳам алоҳида аҳамият қаратилади.

Президент мактабларида “STEAM — таълим” (Science — табиий фанлар, Тechnology — технологиялар, Engineering — техник ижодкорлик, Аrt — санъат, Мathematics — математика) дастури жорий этилади.

9 — 11-синфларда ўқувчиларнинг қизиқиши, қобилияти ва интеллектуал салоҳиятини ­инобатга олган ҳолда, айрим фанлар индивидуал тарзда ўтилади. Шунингдек, синфдан ташқари амалий машғулотлар ҳам ташкил қилинади.

Президент мактаблари битирувчиларига давлат томонидан тасдиқланган маълумот тўғрисидаги ҳужжат (шаҳодатнома, аттестат) билан бирга, хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имконини берувчи халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels) берилади.

Тошкент шаҳрида очилган Президент мактаби янги тоифадаги билим масканлари учун андоза бўлади. Мазкур ўқув маскани тузилиши жиҳатидан анъанавий мактаблардан ­фарқли равишда ихчам ва билим олиш учун қулай. Мактаб 168 ўринли бўлиб, 12 та ­синфхона, 2 тадан информатика ва инглиз тили хоналари, физика, кимё, биология лабораториялари, ётоқхона, ошхона, хорижлик ўқитувчилар учун 15 ўринли меҳмонхона мавжуд. Барча хона замонавий ўқув ускуналари ва инновацион технологиялар билан жиҳозланган. Спорт зали, сузиш ҳавзаси, футбол майдони қурилишига ҳам инновацион ён­дашилган. Айниқса, ўзида ­замонавий қулайликларни мужассам этган ётоқхона ўқувчиларга оила муҳитидагидек яшаш ва дарс қилиш имконини ­беради.

Ўқувчилар ҳафтанинг 5 куни мактабда ўқиб яшайди. Дам олиш кунлари ота-оналар фарзандларини уйга олиб кетиши мумкин.

Жорий йилда мактабнинг 5 — 10-синфларига ҳужжат топширган 7 мингга яқин ўқувчилардан 144 нафари қабул қилинди. Канаданинг “Teach Away” ва Буюк Британиянинг “TIC Recruitment” рекрутинг компаниялари билан ҳамкорликда мактабга 30 нафар чет эллик мутахассис танлаб олинди. Шунингдек, 72 нафар малакали ва тажрибали маҳаллий ўқитувчи жалб қилинди. Август ойида барча ўқитувчилар учун “Cambridge STEAM” таълим дастурини татбиқ қилишга қаратилган махсус тренинг ташкил этилди. “STEAM” дастурига оид дарслик ва ўқув қўлланмалари олиб келинди.

Президент Шавкат ­Мирзиёев мактабда яратилган шароитлар билан танишди, ўқувчилар билан суҳбатлашди.

Бу ҳаётингиздаги биринчи синов бўлди. Меҳнат, билим, адолат нима эканини кўрдингиз. Барчангизни шундай ­нуфузли мактабга муносиб топилганингиз билан чин юракдан табриклайман. Сизлар энди Ўзбекистоннинг “олтин фонди” бўлдингиз. Халқнинг, мамлакатнинг буюклигини тараннум этадиган нарсалар кўп. Лекин энг афзали билим билан намоён этиш. Ёшларимиз орасидан Хоразмийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар чиқишига ­барча асосларимиз бор. Бугун — тарихий кун. Илгари юртимизда бундай шароит бўлмаган. Энди чет элдан нуфузли меҳмонлар келса, катта-катта заводларни эмас, Президент мактабларини кўрсатамиз. Сизлар билимингиз, чиройли хулқ-одобингиз, ватанпарварлигингиз билан ҳамма ёшларга намуна бўлишингиз керак. Келгусида Ўзбекистон тараққиётига таъсир кўрсатадиган кучга айланишингиз лозим, деди давлатимиз раҳбари.

Мактаб ўқувчилари замонавий билимларни ўзлаштириш билан бирга, миллий ўзлигимизни чуқур англаши, тарихимиз ва она ­тилимизни мукаммал билиши шартлиги ­таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари хорижлик ва маҳаллий ўқитувчилар билан ҳам мулоқотда бўлди.

Юрагимдаги гапимни билишингизни хоҳлайман: сизларга энг катта бойлигимни ишониб топширяпман. Болаларимизнинг чақнаб турган кўзларини, илмга чанқоқлиги ва билимга интилишини, ғурур-ифтихорини кўриб, йўлимиз тўғри эканига ишонч ҳосил қилдим. Ислоҳотларимизга, фарзандларимиз тарбиясига елкадош ­бўлаётганингиз учун сизларга миннатдорлик билдираман, деди Шавкат Мирзиёев.

Ўқувчиларнинг ота-оналари ва илм-фан намояндалари билан учрашувда Ўзбекистонда учинчи ренессанс — уйғониш даври бошланаётгани таъкидланди.

Бу илм масканлари умумтаълим мактабларидан мутлақо фарқ қилади. Бу ерда ўқувчилар тинимсиз ўз устида изланади, уларнинг фанларни ўзлаштириши доимий назорат қилиб борилади. Ушбу мактабларда таълим мазмуни ва ­сифатини янгича асосда йўлга қўйиш учун куни кеча ­Президент қарори билан ­Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Учрашувда Президент мактаблари дунёдаги энг замонавий услублар асосида ташкил этилган билим масканлари экани, бу мактаблар бино ёки шароити эмас, интеллекти, маънавий-маърифий муҳити, дарс бериш методикаси билан бошқа мактабларга намуна бўлиши кераклиги қайд ­этилди.

— Кембриж университети Ўзбекистон ­Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ­Президент мактаблари учун ўқув дастури ­ишлаб чиқиш ва ўқувчиларни саралаб олиш бўйича битим тузган, — дейди мазкур ­университетнинг “Cambridge Assessment International Education” муассасаси Шимолий ва Марказий Осиё бўйича таълим дастури раҳбари Стив Кинг. — Ушбу битимга мувофиқ, ташкилотимиз жорий йилда илк имтиҳонларни ўтказди ва натижада энг билимли, энг қобилиятли болалар саралаб олинди. ­Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташриф чоғида бу болаларга Ўзбекистоннинг келажаги, эртанги умиди, деб ишонч билан қарагани бизни қувонтирди. Ташкилотимиз ушбу лойиҳада иштирок этаётганидан мамнунмиз. Нафақат ­Тошкентда, балки юртингизнинг барча ҳудудида ташкил этилаётган Президент мактабларига иқтидорли болаларни танлаб олишга ўз ҳиссамизни қўшиш ниятидамиз.

— Ўғлим Паҳлавон мактабнинг 5-синфига қабул қилинди, — дейди Фарруҳ Турсунов. — Бу мактабнинг очилиши иқтидорли болаларга янги имконият яратади. Чунки бу ердаги шароитни ҳеч қайси ота-она уйда яратиб беролмайди. Мактабда ҳар бир ўқувчи учун ­битта нетбук ажратилган, барча ўқувчилар инглиз тилида ­бемалол сўзлаша олади. ­Президентимиз “болаларда ҳавас уйғониши учун академиклар бу ерга келиб ўз ҳаётини гапириб берсин”, деди. Бу болаларнинг ­илмга интилишини кучайтириб, келажакда оламга машҳур олимлар бўлиб етишишига хизмат қилади. Мактабда янги таълим технологиялари жорий этилгани болаларнинг интеллектуал салоҳиятини оширади.

— Ўқитувчиларнинг танлов асосида қабул қилиниши, имтиҳонларнинг шаффофлиги, мавжуд шароит, таълим ­жараёнига янги ўқув режа ва дастурлари киритилгани ­Президент мактабларининг ҳар томонлама замонавий бўлишига имкон яратди, — дейди ­Президент мактаблари лойиҳаси раҳбари Амрулло ­Абдуллаев. — Бу мактабларда ўқувчиларнинг дунёдаги нуфузли университетларга ўқишга киришга қодир бўлиб битириши асосий мезон қилиб олинган. Бунга эришиш учун хорижий таълим муассасалари ­билан ҳамкорлик қиляпмиз. Президент мактабларини ­ташкил этишдаги тажриба келгусида умумтаълим мактабларида ўқув дастурларини янгилаш ва таълим сифатини ошириш, юртимизнинг барча ҳудудида босқичма-­босқич татбиқ этиш имконини беради.

Давлатимиз раҳбари ташриф чоғида ­Президент мактабининг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди. Унда, ­жумладан, шундай сўзлар бор:

“Бугунги кунда юртимизда мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига, бутун жамиятнинг устувор вазифасига айланмоқда.

Янги Ўзбекистонимизни ­юксак тараққиёт босқичига кўтаришдек эзгу ниятимизга янгича ва мустақил фикрлайдиган, ўз ­Ватанини жонидан ортиқ севадиган, унинг ёруғ келажаги учун садоқат билан хизмат қиладиган, фидойи ёшларни ­тарбиялаш орқали эришамиз.

Ана шундай салоҳиятли ва баркамол ­кадрларни тайёрлаш мақсадида республикамизнинг ҳар бир ҳудудида мутлақо замонавий шаклдаги таълим муассасалари — Президент мактабларини ташкил этдик.

Мен ишонаман, бу масканлар жонажон Ўзбекистонимизнинг эртанги тақдирини ўз қўлига олишга, глобаллашув даврида кескин беллашув ва рақобатларда ғолиб бўлишга қодир шахсларни — янги Хоразмийлар, Фарғонийлар, Берунийлар, Улуғбекларни тарбиялаб етиштиради.

Пойтахтимиз Тошкент ­шаҳрида ­фаолият бошлаган Прeзидeнт мактаби халқимизнинг улуғвор ва олижаноб орзу-ниятларини рўёбга чиқаришда барчага ­намуна бўлишига тилакдошман”.

Шавкат Мирзиёев мактабнинг илк ўқувчи ва ўқитувчилари билан суратга тушди, янги масканга замонавий автобус совға қилди.

— Ўзбекистонга халқаро тренер сифатида келдим. Бундан жуда хурсандман. Мамлакатингиз маданияти, халқингизнинг хушмуомала ва меҳмондўстлиги менда катта таассурот уйғотди, — дейди Наманган вилоятидаги Президент мактаби ўқитувчиси, франциялик Ҳафида Бенсаадоуне. — Тошкентдаги ­Президент мактабига келиб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашдим. Фаолиятимни тез орада бошлаш, мамлакатингиз ўқувчиларига дунё эшиклари очилиши учун бор тажриба ва куч-­ғайратимни ишга солиш ниятидаман. Ўзбекистонда ёшлар келажаги, таълим олиши учун киритилган инвестиция келгусида ўзининг юксак самарасини бериши, мамлакат ривожига улкан ҳисса қўшиши, ­шубҳасиз.

Мамлакатимизнинг келгуси жадал тараққиёти ёш истеъдод эгаларини аниқлаш, иқтидорли болаларни саралаш ва ўқитиш тизимини такомиллаштириш, ўсиб келаётган авлоднинг интеллектуал имкониятларини юзага чиқаришни ­тақозо этмоқда. ­Президент мактаблари бу борада муҳим қадам бўлиб, ҳар томонлама етук, жамиятимизга муносиб кадрларни тарбиялашда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019